Interfax: 'Президент қизи номидан фойдаланиб иш тутилган'

Image caption Ҳибслар ва тергов ҳақидаги гап-сўзлар тарқалганига анча бўлди, бироқ Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари бу борада сукут сақламоқда.

Гулнора Каримовага тегишли айрим ташкилот ва ширкатларнинг ходимларига қарши жиноий тергов бошланган.

Бу ҳақда Россиянинг Interfax ахборот агентлиги Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги номини ошкор этишни истамаган ўз манбасига таяниб хабар тарқатган.

Interfax хабарида айтилишича, терговга жалб қилинган шахслар орасида Гулнора Каримованинг Guli брендини тарғиб қилиш билан шуғулланган Тошкентдаги Модалар уйи дизайнер студияси ҳамда бир неча ширкатларнинг ходимлари бор.

Россия ахборот агентлигининг ўз манбаъсидан иқтибос келтиришича, улар қаллоблик, жумладан, хайрия ташкилоти ниқоби остида тадбиркорларни ҳомийликка мажбурлаш, хорижда оффшшор ҳисоблари очиш ва ноқонуний маблағлар ҳисобига Оврўпода йирик кўчмас мулкларни қўлга киритишда гумон қилинмоқда.

Ўзбек ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаънинг таъбирича, бу шахслар "президент қизининг номидан фойдаланган ҳолда ўз манфаатларини кўзлаб иш тутишган".

@Gulnara Karimova номи билан Twitter микроблогида бир пайдо бўлиб, бир ғойиб бўлиб турган ва кўпчилик бу Гулнора Каримованинг аккаунти деб ишонган аккаунт бир неча кундан буён ишламаяпти.

26 ноябр куни Гулнора Каримова деб ишонилган Инстаграм фойдаланувчиси "Ўзи учун қадрли одамларни ўйлаб, Твиттерда ёзмаётганини айтган".

Ва бу билан, айтиш мумкинки, атрофидаги одамларга қарши жиноий текширувларни билвосита тасдиқлаган.

27 ноябр куни Ўзбекистон Марказий банки Гулнора Каримовага алоқаси бор деб кўрилган Credit Standart Bank фаолияти тўхтатилгани ҳақида маълум қилган.

Шу куни Ўзбекистонда пул ювишга қарши янги, кучайтирилган тартиб амал қила бошлаган.

Norma.uz веб-сайтининг хабар қилишича, 25 ноябрдан эътиборан кучга кирган янги тартибга мувофиқ, энг кам иш ҳақининг 100 баробари миқдоридаги хорижий валютани сотмоқчи бўлган шахслар текширилади.

Ҳозиргача бу миқдор энг кам иш ҳақининг 1000 баробарига тенг эди.

Бу мавзуда батафсилроқ