Ўзбекистонда яна бир тижорат банки лицензияси қайтариб олинган

Image caption Марказий банкка кўра, Credit Standart Bank Ўзбекистоннинг банклар ҳақидаги қонунини бузган.

Ўзбекистон Марказий банки хабар тарқатишича, мамлакатнинг бош банки Credit Standart Bank очиқ турдаги акционерлик-тижорат банкининг фаолиятини тўхтатишга қарор қилган.

Марказий банк веб-сайтидаги хабар "Кредит-Стандарт" очиқ акционерлик-тижорат банкининг фаолиятини тугатиш тўғрисида" деб номланади.

Веб-сайтнинг 27 ноябр кунги хабарида айтилишича, "Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги Қонунининг 53-моддаси ва "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонунининг 14-моддасига асосан амалдаги банк қонунчилиги талабларини бузганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Марказий банки "Кредит-Стандарт" очиқ акциядорлик тижорат банкидан банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни чақириб олди".

Тошкентликлар Credit Standart Bankнинг собиқ "Болалар дунёси" дўкони қаршисидаги ҳашаматли бинони яхши эслашади.

Тилло суви югуртирилган ташқи безаклари билан дабдабали қилиб қурилган бино дидсиз меъморнинг ижоди экани ҳақидаги мулоҳазалар Интернетда тарқалган.

Ўзбекистонда яқин-яқингача ҳам бу банк мамлакатдаги бозор иқтисоди ислоҳотларини амалга ошириш йўлидаги ютуқлардан бир мисол сифатида кўрилган.

Маҳаллий матбуот Credit Standart Bankнинг халқаро нуфузи ошиб кетаётгани ҳақида мақолалар ёзган.

Бунга мисол тариқасида Британияда нашр этиладиган "Банкир" халқаро журнали Credit Standart Bankни 2011 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши банки деб эътироф этгани хабар қилинган.

Бироқ бунга қарамасдан, орадан атиги бир йил ўтиб, 2012 йил декабрида Ўзбекистон Марказий банки Credit Standart Bankнинг хорижий валюталар билан олди-сотди қилишига рухсат берадиган лицензиясини тортиб олишга қарор қилган.

Ушбу банк Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага алоқадор экани ҳақидаги хабарлар тарқалган.