Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Мамадали Маҳмудов: 'Муҳаммад Бекжон ватанга хиёнат қилмаган'

Image caption Халқаро ташкилотларга кўра, Муҳаммад Бекжон жаҳондаги қамоқда энг узоқ ўтирган журналист

Таниқли адиб ва собиқ сиёсий маҳбус Мамадали Маҳмудовнинг айтишича, Тошкент портлашларида айбланиб қамалган Муҳаммад Бекжон ва бошқаларнинг айбсизлигини расмийларнинг ўзлари ҳам эътироф этишган.

1999 йилда айни айбловлар билан 14 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилиб, шу йил апрелида озод қилинган ёзувчининг хотирлашича, Тоштурмадаги тергов жараёнида терговчилар унинг ўзи, Муҳаммад Бекжон ва қамоқда қолаётган яна бир "Эрк" фаоли Юсуф Рўзимуродовнинг айбсиз эканликлари, аммо уларни қамаш ҳақида юқоридан кўрсатма борлигини айтишган.

"Ўша терговчилар ҳозир тан оладими, йўқми, аммо уларнинг сўзлари менинг хотирамда муҳрланиб қолган. Буни Муҳаммаджон ҳам эшитган",- дейди Мамадали Маҳмудов Би-би-си билан суҳбатда.

Унинг ишонишича, 59 ёшли Муҳаммад Бекжон фақат акаси, мухолифат раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг сиёсий фаолияти туфайлигина қамоқда ўтирибди.

"Муҳаммад Бекжон ҳеч қачон ватанга хиёнат қилмаган, у душманларига ҳам озор бермайдиган, тоза хулқ-атворли одам", - дейди Мамадали Маҳмудов.

Чоршанба куни Париждаги "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти Бекжонни матбуот эркинлиги соҳасидаги йиллик мукофоти билан тақдирлаган.

Мамадали Маҳмудовга кўра, соғлиги ёмонлашган Муҳаммад Бекжонни озод қилиш-қилмаслик Ўзбекистон ҳукуматига боғлиқ.

"Муҳаммад Бекжон қамоқдан чиқарилса, Ўзбекистонга фақат фойда бўлади", - дейди умрининг қарийб 17 йилини қамоқда ўтказган адиб.

Аввалроқ Нью-Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Муҳаммад Бекжоннинг соғлиги ёмонлашганини айтиб, Ўзбекистон ҳукуматини уни зудлик билан озод этишга чақирганди.

2012 йил январда жазо муддати ниҳоясига етиши арафасида ўзбек маҳкамаси Бекжонни қамоқхона тартибини бузганликда айблаб, унинг жазо муддатини яна беш йилга узайтирган.