Қозоғистонда 'Президент куни'ни метрода тош кўтариш буйича мусобақа билан нишонлашади

Image caption Танқидчилар Назарбоевни шахсга сиғинишни рағбатлантиришда айблашади

Қозоғистоннинг энг катта шаҳрининг бир қатор метро бекатларида гантел, штанга ва шунга ўхшаш спорт анжомлари ўрнатилади.

Йўловчилар ўз кучларини намойиш қилган ҳолда "Президент куни"ни нишонлашади..

Олма-Ота метро ширкати йўловчиларни тош кўтариш мусобақасига таклиф этади, деб хабар беради "Новости Казахстана" веб сайти.

Бу мусобақа йўловчиларнинг оқимига ҳалақит қилмайди, деб ишонишади транспорт ширкати ходимлари.

Марказий Осиёда асрлар мобайнида байрамлар турли спорт мусобақалари, жумладан кураш, от чопиш, кўпкари ва хўроз уриштириш билан нишонланиб келинган.

'Шахсга сиғиниш'

Мазкур байрам нисбатан янги.

Уни илк бор ўтган йили 1 декабрда нишонлашди.

1991 йил ушбу санада Нурсултон Назарбоев президент курсисига ўтирган ва Қозоғистон мустакил, деб эълон қилинган.

Шундан буён Назарбоев мамлакатни бошқариб келмоқда.

Ҳозирги кунда баъзилар уни шахсга сиғинишни рағбатлантиришда айблашмоқда.

Президент куни арафасида Қозоғистон пойтахти Остонада махсус тадбирда 3000 нафарга яқин талабалар унга “ўз севги ва ҳурматларини” изҳор этишни режалаштирмоқдалар, деб хабар беради Total.kz веб сайти.