"Россиялик фаол Ганнушкинани ёмонотлиқ қилишмоқчи"

Image caption Муҳожирлар ҳуқуқини ҳимоя қилиб келган Ганнушкинадан ҳуқуқ-тартибот идоралари ўч олиш ниятида, дейди ўзбекистонлик қочқин аёл.

Россия Федерал муҳожирлик хизмати Москва шаҳар бўлими ходимлари қўлга олган икки ўзбекистонликдан таниқли ҳуқуқ фаоли Светлана Ганнушкинага қарши кўрсатма беришни талаб қилган.

Бу ҳақда "Жараён"веб сайти хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 27 ноябрда Москва полицияси Россияда қочқинлик мақомини олган ҳимоячи Назира Қаршиеванинг икки фарзанди Хайринисо ва Чингиз Фармоновларни ушлаган.

Ҳимоячи Назира Қаршиеванинг "Жараён"га айтишича, 23 ва 24 ёшли фарзандлари Россиядан бошпана сўраб ариза бериш учун муҳожирлик хизматига боришган.

Бироқ Муҳожирлик хизмати ходимлари уларнинг аризаларини қабул қилмасдан, бошпана тўғрисида сўровига оғзаки равишда рад жавобини берган.

Назира Қаршиевага кўра, аввалроқ муҳожирлик хизмати ходимларининг ўзи унга фарзандлари ҳам ариза бериши мумкинлигини айтган.

"Бироқ қизим ва ўғлим идорага боришганда уларни эшитишмаган ҳам. Кўчага чиқишлари билан полиция ушлаган", дейди у.

Ҳимоячи Назира Қаршиева уч йил давомида болалари билан Светлана Ганнушкина раҳбарлигидаги "Фуқаровий кўмак" ташкилотида кўнгилли бўлиб ишлаган.

"Ҳозир ўзбекистонлик муҳожирларга доим ёрдам бериб келган Ганнушкинага қарши туҳмат қилишим эвазига болаларимни озод қилишни ваъда қилмоқда. Акс ҳолда уларни Ўзбекистонга депортация қилиш билан қўрқитмоқда",- дейди Назира Қаршиева.

Светлана Ганнушкина расмийларнинг, хусусан Федерал муҳожирлик хизматини Миср, Сурия ва Ливиядан келган қочқинлардан пора сўрашини ошкор этгани орқасидан ундан ўч олиш ниятидалар, дейди ўзбекистонлик қочқин аёл.

Қаршиеванинг фарзандлари айни пайтда полиция бўлимида тақдирлари нима бўлишини кутишмоқда.

Назира Қаршиеванинг ўзи Самарқандда ҳимоячи бўлиб ишлаганида, мижозларининг ҳуқуқини сидқидилдан ҳимоя қилгани сабаб босимларга учрагани ва Россияга чиқиб кетишга мажбур бўлганини айтади.