Credit Standart Bank мижозларга омонатларини қайтаришга ваъда берди

Image caption "Кредит-Стандарт" банки Гулнора Каримова томонидан назорат қилингани айтилади

25 ноябр куни фаолияти тўхтатилган "Кредит-Стандарт" тижорий банки мижозларни омонатларини тўлалигича қайтариш учун етарли молиявий имкониятларга эга экани ҳақида ишонтирган.

Банкнинг веб саҳифасида жойлаштирилган билдиришда мижозлар "юзага келган вазиятда осойишталикни сақлаш"га чақирилади.

Унда айтилишича, 2013 йилнинг 2 декабридан эътиборан кредит ва лизингдан қарзи бўлмаган мижозлар "Кредит-Стандарт" банкда очилган барча ҳисобларини ёпиш имконига эга бўладилар.

Қарздор жисмоний ва юридик шахслар эса 27 ноябрга қадар бўлган кредит ва лизинг фоизлари учун тўла ҳисоб-китоб қилишлари талаб этилади.

"Кредит-Стандарт" банкидаги ҳисобларда қолган маблағлар белгиланган муддатда сизнинг бошқа ваколатли банклардаги ҳисобингизга ўтказилади", дейилади банк тарқатган хабарда.

Яқин-яқингача Ўзбекистоннинг энг муваффақиятли тижорий банки сифатида билинган "Кредит-Стандарт" ўз мижозларидан юзага келган ноқулайлик учун узр сўраган ва "тушуниш ва ҳамкорликлари" учун миннатдорчилик билдирган.

27 ноябр куни Ўзбекистон Марказий Банки Бошқаруви ўзининг протокол қарори билан "Кредит-Стандарт" фаолиятини тўхтатгани маълум бўлган.

Марказий Банк бошқаруви ўз қарорини "Кредит-Стандарт" банк қонунчилигини бузгани билан изоҳлаган.

2012 йил декабрида банкнинг хорижий валюта операцияларини амалга ошириш учун берилган лицензияси олиб қўйилганди.

2011 йилда Британияда чиқадиган молиявий нашр томонидан "Ўзбекистондаги энг яхши банк" деб аталган "Кредит-Стандарт" Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова томонидан назорат қилинган, деб ишонилади.

Банк фаолиятининг тўхтатилиши Каримова хонимга тегишли деб ишонилган телеканаллар, ташкилот ва ширкатларга қарши йирик миқёсдаги молиявий текширувлар бораётган пайтга тўғри келган.

27 ноябр куни шунингдек, Гулнора Каримовага яқинлиги айтилган қатор шахслар устидан жиноий тергов бошлангани хабар қилинган.

Хабар агентликларининг ўзбек ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаъдан иқтибос келтиришича, улар "Гулнора Каримованинг номидан фойдаланиб, хорижий сармоядорлардан пора олганлик, оффшор ҳисоблари очиш ва Оврўпо пойтахтларида ҳашаматли уй ва қасрларни қуриш"да гумон қилинмоқда.

Каримова хонимнинг ўзи сешанба куни Инстаграмдаги саҳифасида "яхши кўрган одамларини ўйлаб, Твиттерда ёзмаётгани"ни билдирган.