'Муҳаммад Бекжон - жаҳондаги тутқунликда энг узоқ сақланаётган журналист'

Халқаро "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти 2013 йилдаги Матбуот эркинлиги мукофоти билан Ўзбекистон қамоқхонасида 14 йилдан буён сақланаётган журналист Муҳаммад Бекжонни тақдирлаган.

Халқаро мукофотни топшириш маросими 27 ноябр куни Страсбург шаҳрида бўлиб ўтган.

Муҳаммад Бекжон мукофотини "Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари" ташкилоти раҳбари Надежда Отаева қабул қилиб олган.

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти Муҳаммад Бекжонни дунёдаги қамоқда энг узоқ сақланаётган журналист деб атаган.

60 ёшга тўлган Муҳаммад Бекжон мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси нашри бўлган "Эрк" рўзномасининг муҳаррири.

Журналистларнинг халқаро ташкилоти ушбу рўзнома ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муаммоларни ёритган мустақил Ўзбекистондаги илк нашрлардан бири бўлганини қайд этган.

1999 йилги Тошкент портлашларидан Ўзбек режими ўз танқидчилари овозини ўчириш мақсадида фойдаланди ва қийноқлар остида Муҳаммад Бекжон терроризмга алоқадорлигини тан олишга мажбур бўлди, дейилади "Чегара билмас мухбирлар" баёнотида.

Муҳаммад Бекжон ва яна бир ўзбекистонлик журналист Юсуф Рўзимуродов 1999 йил Тошкент портлашларидан кейин Украинада қўлга олиниб, Ўзбек ҳукумати талаби билан ватанига экстрадиция қилинган.

Олти ой ўтгач, уларга тақиқланган газета ва материаллар чоп этиш ва тарқатиш, тақиқланган сиёсий намойишларда қатнашиш ҳамда ҳукуматни ағдаришга уриниш каби айбловлар қўйилган.

Маҳкама жараёнида Бекжонов ва Рўзимуродов ўзларига қўйилган айбларни рад этиб, қийноққа солинганларини айтишган.

Маҳкама Муҳаммад Бекжонни 15 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган, 2003 йилда унинг жазо муддати 3 йил 8 ойга қисқартирилган эди.

2012 йил январда жазо муддати ниҳоясига етишидан олдин Ўзбек маҳкамаси Бекжоновни қамоқхона тартибини бузганликда айблаб, унинг жазо муддатини яна беш йилга чўзган.

Шу йил март ойида Навоийдаги қамоқхонада турмуш ўртоғини бориб кўрган Муҳаммад Бекжоннинг аёли Нина Бекжонова унинг саломатлиги жуда ёмонлашганига гувоҳ бўлган.

Ўшанда Нина Бекжонованинг айтишича, турмуш ўртоғи сил касаллигидан азоб чекмоқда, грижасини олиб ташлаш учун жарроҳлик амалиёти зарур.

Бекжонова олдинги сафарлар соғлигидан унча нолимаган эри ўтган ойда унга "буёғига узоқ яшамасам керак", деганини билдирган.

Муҳаммад Бекжон мухолифатдаги "Эрк" партиясининг раҳбари, Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг укасидир.