Хитой Фарғона водийсига элтувчи туннел учун 350 миллион ажратади

Image caption . ...Қамчиқ довони йўли хавфли ва беқарор йўл

Хитой Фарғона водийсини Ўзбекистоннинг қолган қисмлари билан боғлайдиган темир йўл туннели қурилиши учун 350 миллион доллар ажратади.

Ўзбекистон ва Хитой расмийлари орасида жума куни имзоланган келишув борасида Риа Новости хабар агентлиги маълум қилди.

Хитойнинг мазкур қарз пули борасидаги келишуви Хитой Бош Вазири Ли Кэцяннинг Ўзбекистонга сафари чоғида имзолаган қатор келишувларидан бири бўлган.

Ангрен саноат шаҳрини Фарғона водийсидаги Поп тумани билан боғлайдиган темир йўл қурилиши жорий йил бошланган.

Бу темир йўли 2016 йилда қуриб битилиши ортидан Ўзбекистон ўзининг совуқ алоқаларга эга бўлиб келаётган қўшниси Тожикистон орқали ўтадиган эски темир йўлларидан воз кечиши мумкин бўлади.

Ўзбекистон Темир йўллари ширкати ва Хитой Темир йўллари туннел гуруҳи июнь ойида келишувга имзо чекиб, Ўзбекистонни иккига бўлиб турадиган 2200 метрлик Қамчиқ довони остида 19 километрлик ерости йўлини қуришга бел боғладилар.

Туннел қурилишига 455 миллион доллар, ҳамда 500 нафар ишчи ва техник ходимлар кучи сарфланиши мўлжалланган.

Ангрен-Поп темир йўлининг ўзига эса 1,9 миллиард доллар сарфланиши кўзда тутилади. Харажатларни халқаро молиявий ташкилотлар ва ўзбек ҳукумати қоплайди.

Ўзбекистоннинг зироат маркази ҳисобланган Фарғона водийси ҳудуд жиҳатидан мамлакатнинг кичик қисмини эгалласада, унда мамлакат аҳолисининг деярли бир чораги истиқомат қилади.

Фарғона водийсини Ўзбекистоннинг қолган қисми, хусусан пойтахт Тошкент билан хавфли довон йўли боғлаб туради.

Жума куни Хитой ва Ўзбекистон ўртасида эришилган бошқа келишувлар сирасига Хитой Тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги Узпромстройбанкка 10 миллион доллар кредит ажратиши борасидаги битим ҳам киради.

Икки мамлакат, шунингдек, Ўзбекистонда кичик бизнесни ривожлантириш йўлида 40 миллион долларлик дастурга қўл қўйганлар.