'Газ ва электр муаммоси парламентда муҳокама қилинсин!'

Image caption Сўнгги йилларда газ балонлари қайтадан оммалашган

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари гуруҳи Ўзбекистон аҳолисини газ ва электр билан таъминлаш масаласини мамлакат парламентининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритишга чақирган.

Ташкилот шунингдек, мамлакатдаги ҳуқуқ ҳимоячиларини бу борадаги "ўзига хос петиция"га қўшилишга даъват қилган.

Бу каби даъватга аҳоли вакилларидан газ ва электр таъминоти борасида келиб тушаётган шикоятларнинг кўпайгани, мутасадди ташкилотларнинг эса чора кўрмаётгани сабаб бўлган.

Гуруҳ тарқатган хабарда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги вазият мисол қилиб келтирилади.

Боёвут тумани Ғалаба жамоа хўжалигида яшовчи 84 нафар фуқаро имзо қўйган шикоятда айтилишича, қишлоқ аҳли ҳозирда оғир аҳволда қолган.

"Ҳозирги кунда на светимиз, на газимиз ёнмоқда. Мактабларимизда болаларимиз совуқда қолган. Аҳволимиз оғир, болаларимиз совуқдан тез-тез шамоллаб қолмоқда. Кечалари эса болаларнинг дарс тайёрлаши учун свет йўқ. Қарияларимиз касалманд бўлиб азоб чекмоқдалар. Аксарият кишиларнинг коммунал тўловлардан қарзи йўқ”, - дея фуқаролар шикоятидан иқтибос келтиради "Эзгулик".

'Ижтимоий норозилик'

Гуруҳга кўра, "84 нафар кишининг бир шикоятга имзо чеккани, яъни ижтимоий норозилик борасидаги уюшгани диққатга сазовордир".

Аммо "Эзгулик"нинг айтишича, совуқ кунларда энергия тақчиллиги билан юзма-юз қолган фуқароларнинг ўқтин-ўқтин бўй кўрсатаётган чорасизлик амаллари ҳам ҳокимиятни чора кўришга ундай олмаяпти.

"Айрим туманларда автомагистралларни тўсаётган норози аёллар тўдасининг ҳаракатлари ҳам 2-3 кунлик ғалабадан нарига ўтмаяпти", дейилади хабарда.

Қиш ойларида аҳолининг электр ва газ таъминотидаги муаммолар юзасидан норозилик чиқишлари бот-бот кузатилади.

Аммо расмийлар бу каби чиқишларни алоҳида олинган ҳудудда муаммони вақтинчалик ҳал қилиш билан ечишга уринадилар.

Икки йил муқаддам Қашқадарёда газ муаммоси юзасидан норозилик чиқишларини мувофиқлаштиришга уринган икки нафар ҳуқуқ фаоллари ҳибсга олиниб, маъмурий жазога тортилган.

Расмийлар энергетика муаммоларини кўпинча аҳолининг қарздорлиги билан тушунтиришга уринадилар.

Аммо "Эзгулик"нинг таъкидлашича, муаммонинг кескинлашишига амалдорлар орасидаги коррупция сабаб.

"Коррупцион доираларнинг бирови газ, электрни ўзининг иссиқхонасига, яна бирови хусусий тегирмонига тортиб кетган. Ҳоким-у ҳукамолар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эса улардан мўмайгина чўтал олиб туришади".

Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси - Олий Мажлис шу йил апрел ойида газ таъминоти масаласини муҳокама қилган, аммо унда аҳолига газ етказиб беришни яхшилаш эмас, балки газдан ноқонуний фойдаланганлик учун жиноий жавобгарлик ҳақида сўз борган эди.

Газини четга сотиб...

Сўнгги йилларда газ ва электр таъминотидаги узилишларнинг сурункали тус олиши жойларда одамларни уйларини иситиш ва ёритишнинг турли усулларига бош уришга мажбур қилган.

Ҳар йили қиш мавсумида кўмир ва ўтин нархи кўтариларкан, хусусан ўтган йилдан бошлаб газ балонлардан фойдаланиш оммавий тус олган.

Ҳукумат хорижга газ экспортининг кўпайганини эътироф этгани ҳолда аҳоли етказиб бериладиган газ ҳажмининг қисқаргани борасида сукут сақлаб келади.

Таҳлилчилар Ўзбекистон, хусусан, Хитой олдида газ сотиш борасида олган мажбуриятининг бир қисмини аҳоли ҳисобидан қоплаётганига ишонишади.

Хитойга сотилаётган газнинг нархи ва энергетика соҳасидаги келишувларининг бошқа тафсилотлари аҳолидан сир тутилади.

Мустақил сиёсий таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошевнинг Би-би-сига айтишича, ўз аҳолиси газга муҳтож бўлиб турган бир пайтда Ўзбекистон ҳукуматининг йилдан-йилга Хитойга сотиладиган газ ҳажмини кўпайтиришини изоҳлаш қийин.

"Хитойнинг Ўзбекистондан кўпроқ газ сотиб олиши соф иқтисодий ҳисоб-китобга асосланган, тушунарли бир қадам. Аммо ўз аҳолисини газ билан таъминлай олмаётган ҳукуматнинг хитойликларга газ етказиб беришни кўпайтиришини ҳеч нарса билан тушунтириб бўлмайди", - дейди таҳлилчи.

Бу мавзуда батафсилроқ