UzWebiston: Амалдорларнинг ўзи қонунларни бузишмоқда

Айрим давлат ҳокимияти ва бошқаруви, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари "Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида" ги қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйишган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратурасида бўлиб ўтган идоралараро йиғилишда гап кетди.

Текширишда мурожаатларни қонунда белгиланган муддатларда ёки асоссиз равишда кўриб чиқмаслик, кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ёзма шаклда хабар бермаслик, қонуний талабларни асоссиз рад этиш каби бошқа кўплаб ҳолатлар аниқланганлиги қайд қилинди.

Прокуратура органлари томонидан 2013 йилнинг 10 ойида йўл қўйилган фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари бўйича 4323 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган. Шундан 4011 нафар мансабдор шахсий интизомий ёки маъмурий жавобгарликка тортилди. Қўпол қонун бузилиши ҳолатлари бўйича эса 44 та жиноят иши қўзғатилган.

Прокуратура органлари томонидан жорий йилнинг 10 ойида 123 минг нафардан зиёд фуқаронинг мурожаатлари кўриб чиқилиши натижасида 11 мингга яқин фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Шунингдек, йиғилишда соҳага масъул давлат органлари фуқароларнинг мурожаатлари-ни кўриб чиқишлари устидан тизимли идоравий назоратни кучайтириши ва фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўришлари зарурлиги қайд қилиб ўтилди, деб ёзди Gazeta.uz сайти.

"Сун-Богим" корея черкови фаоли миссионерликда айбланмоқда

Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари томонидан Олмалиқ шаҳрида "Сун-Богим" корея черкови фаоли Вера Бутусова қўлга олинди.

12uz.com ахборот порталининг Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидаги манбага таяниб билдиришича, 62 яшар Бутусова ўз уйида ноқонуний диний йиғилишларни ўтказишда айбланмоқда.

Унинг уйида ашёвий далил сифатида диний мазмундаги адабиёт ва видеомаҳсулотлар қўлга киритилган. Шу пайтда унинг уйида ноқонуний диний ишлар билан шуғулланаётган яна беш киши бўлган.

Айни пайтда нафақадаги Бутусовага маъмурий жазо кўрилиши кутилмоқда.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси собиқ ижрочи директори судланди

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди томонидан Болалар спортини ривожлан-тириш жамғармаси собиқ ижрочи директори Абдулла Ачилов ва унинг "Arklav Biznes" МЧЖдаги шерикларига нисбатан тегишли жазо тайинланди.

"Ҳуқуқ" газетасининг билдиришича, судланувчилар жамғарма томонидан жамият ҳисоб рақамига ўтказиб берилган пул маблағлари ҳисобига 18-сонли шартнома асосида жами 1 млрд. 147 млн. 886 минг сўмлик, 19-сонли шартнома бўйича эса 968 млн. 700 минг сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишган.

Газетада ёзилишича, учовлон тил бириктириб, тендерда сунъий рақобатни юзага келтиришади. "Arklav Biznes" МЧЖнинг ғолиблигини таъминлаш мақсадида МЧЖ билан "Mal-rusimpeks" корхоналари номидан тендер ҳужжатлари тайёрланади ва жамғарманинг тендер комиссиясига тақдим қилинади.

Кейинчалик спорт анжомлари етказиб бериш юзасидан сохта шартномалар тузилиб, савдо қоидалари бузилган ҳолда, турли фирмалар орқали катта миқдордаги пул маблағлари нақдлаштириб олинади.

Аввал хабар берилганидек, ўтган йилнинг ноябрь ойида Ачилов ўз лавозимидан бўшатилган эди. 53 яшар Ачилов жамғарма тузилган 2004 йилдан эътиборан ушбу лавозимда ишлаб келаётган эди.