Рустам Иноятов ўзбек сиёсатчилари рейтингида юқори кўтарилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Генерал Иноятов мамлакатдаги вазиятни назорат қилмоқда, деб ишонилади

Ўзбек сиёсатчиларининг интернетдаги машҳурлик рейтингини кузатиб бораётган "Биржевой лидер" нашри Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси Рустам Иноятовнинг тўртинчи ўринга кўтарилишини кутилмаган, дея баҳолаган.

Нашрнинг таъкидлашича, ўзбек махсус хизматлари раҳбари Президент Каримовнинг эҳтимолий меросхўри бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фаразларнинг кучайишига Гулнора Каримованинг сўнгги твитлари сабаб бўлган.

Каримова хоним ўтган ой Рустам Иноятов ҳокимиятни қўлга олиш бўйича йирик кампания бошлагани ҳақида ёзган эди.

Ўзбекистон сиёсатчиларининг машҳурлик рейтинги Яндекс қидирув сайти ва электрон ОАВ ҳамда ахборот агентликларининг янгиликларида қанчалик кўп тилга олинишига қараб тузилган.

Ўзбекистоннинг ўзи ва хорижда юз тутган муаммоларига қарамасдан, Гулнора Каримова ҳануз машҳурлик бобида отасидан олдинда.

Аммо айни пайтда "Бержевой лидер"га кўра, отаси билан юз берган можаро ортидан Гулнора Каримованинг президент меросхўри сифатидаги имкониятлари камайган.

"Унинг ҳисоблари музлатилди,телеканаллари ёпилди, на аҳоли ва на маҳаллий элита орасида қўллаб-қувватловга эга", дея қайд этади нашр.

Иккинчи ўринда Президент Ислом Каримов, учинчи ўринда эса унинг эҳтимолий меросхўри сифатида кўриладиган Бош вазир Шавкат Мирзиёев.

Яна бир эҳтимолий меросхўр- Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов эса ноябр ойидаги рейтингда бешинчи ўринни эгаллаган.

'Асосий даъвогарлардан'

"Биржевой лидер" га кўра, 69 ёшли Рустам Иноятов мамлакат президентлигига асосий даъвогарлардан бири ҳисобланади.

"Таҳлилчиларнинг фикрича, ўзбек пахта саноати айнан Иноятовнинг назорати остида. Шунингдек, барча йирик молиявий амалиётлар Иноятовнинг турмуш ўртоғига тегишли ширкатлар орқали ўтиши ҳақида миш-мишлар пайдо бўлган", деб ёзади "Биржевой лидер".

Аввалроқ Registan.net мустақил нашрида пайдо бўлган мақолада айтилишича, генерал-полковник Рустам Иноятов раҳбарлик қилаётган МХХ мамлакатнинг барча ҳокимият тизимлари устидан назоратни қўлга олиб бўлган.

"Иноятов Путин қилган ишни қилиб, бутун мамлакатни назорат остига ола билди. Каримов билишини истамаган маълумотни Иноятов тўса олади. Ҳар замонда пайдо бўладиган аксил-ҳукумат эврилишларидан эса ўз манфаати йўлида фойдаланишда давом этмоқда", деб ёзган Registan.net блогидаги мақола муаллифи.

Айни пайтда Швейцария прокуратураси Рустам Иноятовнинг ўғли бу мамлакатда ҳибсга олингани ҳақидаги хабарни рад этган.

30 ноябр куни Гулнора Каримова Твиттердаги саҳифасида жаноб Иноятовнинг ўғли МТС мобил ширкати билан боғлиқ иш бўйича икки ой ҳибсда қолганини иддао қилган эди.

Гулнора Каримованинг Твиттерда ўзбек махсус хизматлари раҳбарига қарши эълон қилган уруши 74 ёшли Президент Каримовнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабарлар манзарасида Рустам Иноятовнинг мавқейи мустаҳкамланиб бораётгани ҳақидаги фаразларни янада кучайтирган.