UzWebiston: Ўзбек ҳайъати ташрифи Каримова твитлари соясида қолди

Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг яқинда Британияга қилган ташрифи афтидан кўпгина миллий рўзномаларимизнинг назаридан четда қолди. Айни пайтда Ўзбекистон президенти тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Twitter микроблоги орқали қолдирган изоҳлари охирги ўн йил ичида Британияга илк ташриф буюрган Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирининг сафаридан кўра кўпроқ қизиқиш уйғотди.

Менинг Ўзбекистонга 1990 йилларнинг бошида қилган биринчи сафарим шунчалик таъсирли бўлгандики, пировардида Тошкентда кўп йиллар яшаб қолдик. Мен ўз билганларимдан келиб чиқиб, Ўзбекистоннинг халқи каби бағрикенг, меҳмоннавоз, сахий одамларни бутун дунёни кезиб, ҳеч қаерда учратмаганман, дея оламан.

Бундай самимий, ҳақиқий муносабатни мен айниқса ўзим маълум вақт яшаб, ишлаган Фарғона водийсида кучлироқ ҳис қилдим.

2000 йил ёзида мен она шаҳрим Ливерпулдан Ўзбекистонга, Фарғона шаҳридаги мусобақаларда қатнашиш учун 14-16 ёшлардаги ҳаваскор боксчилар гуруҳи билан сафар ташкил қилишга муваффақ бўлдим. Бу сафар улар учун бир ҳаётий тажриба ҳам эди. Бугун мен афсусланаманки, Тошкент аэропортига қўнганимизда Фарғонагача бир соатлик йўлни кичикроқ "Як" учоғида босиб ўтишимизни айтишганда, улар юзидаги таассуротни муҳрлаб қололмаганимга.

Ҳатто меҳмонсеварлиги билан яхши таниш ливерпулликлар ҳам ёш йигитларимиз Фарғонага борганларида уларга кўрсатилган меҳмондорчиликни кўриб лол қолгандилар. Тошкент ва Фарғона сафарлари давомида маҳаллий аҳолининг ёшларимизга кўрсатган самимий муносабатини сўз билан таърифлаш мушкул.

Менга ўшанда, келгуси 2001 йилда ёш ўзбек боксчиларининг Ливерпулдаги ҳаваскорлик мусобақаларида қатнашиши учун ҳомийлик қилишдек шарафли вазифа насиб қилган, ўзбек халқи кўрсатган қайноқ меҳрни қайтариш имконияти туғилганди.

Шу тариқа она шаҳрим Ливерпул ва Ўзбекистон ўртасида ҳомийлик спорт ва маданият тадбирлари бир неча йил давом этди. Британия университетларининг Ўзбекистонда бўлимлари очилишидан олдинроқ мен Ўзбекистон Олий маҳкамаси ҳакамларининг академик анжуманда иштирок этишига ҳомийлик қилдим. Бу каби ижобий учрашувлар фақатгина илмий журналларда ёритилгани ачинарли.

Афсуски ҳам Ўзбекистонда, ҳам Британияда турли сабаблар билан аҳамиятли бўлган юқоридаги учрашувлар оммавий ахборот воситаларининг катта эътиборини тортмади. Бунда мен ўзимнинг ҳам айбим бор деб ўйлайман, сабабики, уларни ёритишга ҳаракат қилмаганмиз. Акс ҳолда ундай хабарлар бир қанча оммавий ахборот воситаларида кейинги йилларда Ўзбекистон ҳақида салбий фикрларни бир қадар йўқотган бўларди.

Бундай сафарларнинг ёш инсонлар ҳаётига ижобий таъсири чегарасиз. Мен ҳомийлик ишларини ҳеч кимдан ёрдам олмай, шунчаки Ўзбекистонда учратган самимий оддий одамларга, жумладан Улуғбек, Сотволди, ва Равшанларга чин ҳурматим сабабли қилган эдим.

2000 йилда ўз она шаҳрим Ливерпулдан минглаб чақирим олисда, мусобақада қатнашишга борган ёшлар орасида ҳозирда Британиянинг ўрта вазндаги таниқли боксчиси Пол Смит ҳам бор эди. Ким ўйлабди дейсиз, унинг чемпионлик томон машаққатли йўли Ипак Йўли Ўзбекистон, Фарғона орқали ўтишини. У ҳалигача Ўзбекистон халқининг меҳмондўстлиги ва самимийлиги билан боғлиқ ёрқин хотираларини эслаб туради.

Ва ниҳоят Твиттерда давом этаётган “сериал” ва Британияда Ўзбек расмийлари билан расмий дипломатик учрашувлар узоқ хотиралар бўлиб қолади. Менинг Ўзбек халқига муҳаббатим, ва бу туйғу ярим Ўзбек бўлган қизимга ҳам ўтишини истар эканман, ажойиб кунларнинг бирида у менга икки буюк халқларимиз ўртасида яна спорт ва маданий алмашинув бўлган тадбирларни ташкил қилишимга ёрдам беради деб ишонаман.

Филип Мэйн

Бу мавзуда батафсилроқ