Президент Ислом Каримов илк бор дунёнинг энг қудратли мусулмонлари рўйхатида

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Мисрлик таниқли шайх қудратлилик бобида бу йил Саудия Арабистони подшоҳини ҳам ортда қолдириб кетди

Аммо Ўзбекистон президенти илк бор киритилган рўйхатда Мисрнинг "Ал-Азҳар" университети буюк шайхи ва масжидининг Бош имоми Аҳмад Муҳаммад ат-Тойиб қудратлилик бобида барча рақибларини ортда қолдириб кетди.

Президент Ислом Каримов эса, қолган 499 та қудратли мусулмоннинг сафидан жой олди.

Унинг исм-шарифи остида берилган изоҳда эса, "...Ўзбекистоннинг қарийб 30 миллион аҳолиси бўлса, шундан 95 фоиздан ортиқроғи мусулмон. Кўплар, одатда, ҳар қандай эътиқодли мусулмоннинг, хоҳ у ваҳҳобий бўлсин ё хоҳ суфий, "исломий экстремизм" тамғаси билан қатағон ёки таъқибларга учрашини сезишган", - дейилади.

Бу гал, ҳатто, кетма-кет беш йилдирки ҳаммадан ўзиб келаётган Саудия Арабистони подшоҳи Абдулла бин Абдулазиз ҳам иккинчи ўрин билан кифояланишга мажбур бўлди.

"Дунёнинг энг қудратли 500 мусулмони" рўйхати Уммонда жойлашган Қироллик Исломий Стратегик Тадқиқотлар маркази томонидан эълон қилиб келинади.

Ўтган йил рўйхатда дунёнинг энг қудратли иккита мусулмонидан бири, деб топилган Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон эса, бу йил олтинчи ўринга тушиб қолган.

Марокаш подшоҳи Муҳаммад VI ни четга суриб, Эрон Олий руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Али Ҳоманаий учинчи ўринга чиқиб олган.

Юқори тўртликни эса, бу йил Иордания қироли Абдуллоҳ тўлдирган. Қирол ҳазратлари Мисрнинг "Мусулмон биродарлиги" ҳаракати руҳоний раҳбари Муҳаммад Бедиянинг ўрнини эгаллаган.

Ушбу рўйхат 2009 йилдан буён Американинг George Town университети қошидаги Шаҳзода Ал-Валид бин Талал маркази билан ҳамкорликда чоп этиб келинади.

Бундан мақсад эса, дунёда кечаётган воқеа-ҳодисаларнинг Ислом олами, мусулмонларнинг бугунги дунёга таъсири ва одамларнинг Ислом динини яхшироқ англашларига кўмак беришдир.

"Улар - мусулмонлар, уларнинг эътиқодлари, ғоялари ва ишончларига бевосита таъсири қилувчи диний уламо ёки одамларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволларини ўнглашга хизмат қилган давлат раҳбари бўлиши мумкин", дейди ушбу китоб муҳаррири Абдулла Шлайфер.

Юқори ўнталик

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ўтган йил юқори ўнликка киришига бир баҳс қолган Мисрнинг "Мусулмон биродарлиги" ҳаракати раҳбари Муҳаммад Мурсий эса, бу гал, ҳаттоки, юқори элликталикка ҳам кира олмади

Дунёнинг энг қудратли элликта мусулмони рўйхатига кирган аёллар эса, фақат Иордания Қироличаси Рания ал-Абдуллоҳ, Суриядаги "Қубайсий" ҳаракати етакчиси шайх Мунира Қубайсий ва Қатар жамғармаси раҳбари Шейха Моза бинт Носир ал-Миснед ҳазрати олиялари бўлишган, холос

Айни ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, рўйхатда юқори ўнликнинг барчасини сиёсий ва диний раҳбарлар эгаллашган.

Уларнинг орасида Марокаш подшоҳи, ироқлик оятуллоҳ, Индонезия президенти, Уммон султони ва Бирлашган Араб Амирликлари валиаҳд шаҳзодаси бор.

Бу йил Туркиядаги "Нурчилар" оқими раҳбари Фатҳулла Гулен юқори ўнликдан чиқиб кетган.

Ўтган йил 11-ўринда келган Мисрнинг яқинда қудратдан четлатилган янги президенти Муҳаммад Мурсий эса, бу гал, ҳатто, элликталикка ҳам кира олмаган.

Алоҳида китоб ҳолида чоп этилувчи рўйхатда энг аввало дунёнинг элликта қудратли мусулмони исм-шарифи келтирилади.

Аммо, бу йилги рўйхатга қаралса ҳам, уларнинг орасида бирор бир собиқ Шўро давлати вакили йўқ.

Қолган қудратлилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Бу - Ўзбекистон раҳбарининг илк бор "Дунёнинг энг қудратли мусулмонлари" рўйхатига тушиши экани айтилади

Президент Ислом Каримовдан ташқари "Дунёнинг энг қудратли 500 мусулмони" рўйхатида Ўзбекистонни бу йил яна мамлакат Бош муфтийси Усмон Алимов намоён этган.

Қолган Марказий Осиё давлатлари орасидан эса, Тожикистоннинг мухолифатдаги "Ислом Уйғониш" партияси раҳбари Муҳиддин Кабирий ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ушбу рўйхатга тушишган.

Ўтган йилдагисидан фарқли тарзда, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон бу гал умуман рўйхатга кирмаган.

Собиқ Шўро давлатларини яна Озарбайжон президенти, Бош муфтийси, таниқли ҳофизи Олим Қосимов, Россия Бош муфтийси, Санкт-Петербург масжиди имоми ва Чеченистон президенти намоён этишган. Татаристон раҳбари бу гал рўйхатдан чиқиб кетган.

Яқинда Толибоннинг ҳужумига учраб, оғир яраланган покистонлик фаол ўқувчи қиз Малала Юсуфзай ҳам бу йил жаҳонда катта таъсирга эга муслима, деб топилибди.

Дунёнинг энг бообрў 450 та мусулмони 15 та тасниф бўйича аниқлаб олинади. Аммо уларга ўрин берилмайди.

Яъни мусулмон лидерлари ёки уламоларининг сиёсатдан тортиб дин, матбуотдан тортиб, санъат, илм-фан ва тараққиётга қўшган ҳиссалари инобатга олинади.

Энг эътиборлиси шуки, бу йил ҳам Афғонистон Президенти Ҳомид Карзайдан ташқари, "Ҳаққоний" жангари гуруҳи раҳбарларидан Сирожиддин Ҳаққоний, "Ҳизби Исломий" гуруҳи лидери Гулбиддин Ҳикматёр, Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Умар ва ўзининг ашаддий танқидчилиги билан танилган собиқ парламент вакили Малалай Жоя ҳам "Дунёнинг энг қудратли 500 мусулмони" рўйхатига тушишган.