"Эрк" партияси қурултойида қатнашишга уринган фаоллар бедарак кетган

Image caption Партия раҳбариятининг билдиришича, 3 декабр куни Тошкентдаги қурултойга 100 га яқин киши келиши кутилганди.

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, мухолифатдаги "Эрк" партияси қурултойида қатнашишга уринган бир қатор фаоллар тўртинчи кундирки, бедарак кетган.

Партия раҳбариятининг билдиришича, 3 декабр куни Тошкентда яширинча ўтказилиши режаланган қурултойга 100 га яқин делегатлар иштирок этиши кутилганди.

Аммо фаолларнинг эътироф этишларича, кўрилган барча тадбирларга қарамай, ҳокимият мухолифатнинг сўнгги қарийб 10 йил ичида ўтказишни режалаган йирик тадбиридан хабар топган ва турли вилоятлардан йўлга чиққан фаоллар Тошкентга етиб келишмаган.

Улардан айримларининг ҳибсда ушлаб турилгани тахмин қилинмоқда. Би-би-си "Эрк" партияси Марказий Кенгаши аъзоси Полина Брауберг билан боғланиб, бедарак кетгани айтилаётган фаолларнинг тақдири ҳақида сўради.

Полина Брауберг: Самарқанд, Жиззах, сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ўттиздан ортиқ аъзоларимизни "Эрк" партияси қурлтойида иштирок этишга уринганлари учун ҳибсга олишган. Бошқа ҳеч қандай айблари йўқ. Уларнинг қурултойда қатнашганликлари эса исботланмаган. Чунки қурултойни ўтказишга тўсқинлик қилишди. Ҳокимият бу одамларни қурултойда қатнашиши мумкин, деб гумон қилингани учунгина ҳибсга олаяпти. Уларнинг ҳаммаси ҳозир бедарак кетган. Улар Тошкентга етиб келишмаган, уйларига ҳам қайтиб бормаганлар. Қаердадир ушлаб турилибди, деб гумон қилаяпмиз. Менинг ўзим кеча Тошкент вилоятида милицияма-милиция юриб, аъзоларимизни қидирдим. Аммо улардан ҳеч бир дарак йўқ.

Би-би-си: Йўқолган одамларнинг аниқ исм-шарифларини бера оласизми?

Полина Брауберг: Мен улардан иккитасининг исмини айтишим мумкин. Булар - Имаржанов Турсунжон ва Анвар Ҳамидовлар. Мен кеча уларни қидириб, Олмалиқ, Оҳангарон, Тўйтепа ҳамда Пискентдаги милиция идораларига мурожаат қилдим. Ҳеч қаерда уларнинг дараги йўқ. Қонун бўйича уларни уч ёки энг кўп 5 кун ушлаб туришлари мумкин. Менинг милициядаги танишларимдан бири уларни Тошкентнинг ўзида ушлаб туришганини айтди. Аммо у ҳам айнан қаерда ушлаб турилганини билмайди.

Би-би-си: Тошкентнинг ўзида ҳам ҳибсга олишлар бўлганми?

Полина Брауберг: Қурултой ўтиши керак бўлган жойда эрталабдан махсус ходимлар машиналарда ўтириб, ҳаммани видеотасвирга олишган. Келаётганларни бирма-бир ҳибсга олишган. Қурултой ўтиши керак бўлган кафегача алоҳида одамлар етиб келишга муваффақ бўлганлар. Аммо кафе директори уни ёпишга буйруқ бергани учун қайтиб кетишган. Ундан аввал биз қурултойни ўтказмоқчи бўлган "Ҳумор"тўйхонаси ва кейинроқ "Сазанчик" кафесига ҳам босиб ўтказиб, йиғинимизни бекор қилишга эришдилар.

Би-би-си: Нима учун сизлар партия қурултойини очиқ, ҳокимиятдан рухсат олган ҳолда ўтказишга уриниб кўрмадингиз?

Полина Брауберг: Биринчидан, бу мутлақо бефойда бўлган бўлур эди. Қолаверса, мухолифат партияси қурултойини ўтказишни сўраб, мурожаат қилган фуқароларни дарров ҳибсга олишлари тайин эди. Чунки ҳукумат "Эрк" партиясидан қўрқади, уни ўзига хавф деб кўради. Биз охирги қурултойни ўтказишга тайёргарлик жараёнида бунга яна бир марта амин бўлдик.

Бу мавзуда батафсилроқ