HRW: Ўзбекистонда сиёсий маҳбуслар тутқинликдан озод қилинсин, қийноқлар тўхтатилсин

Human Rights Watch ташкилоти Ўзбекистон Конституциясининг қабул қилинганига 21 йил тўлиши муносабати билан ҳукуматга мурожаат билан чиққан. Баёнотда сиёсий важлар билан қамалган барча маҳбусларнинг озодликка чиқарилиши ва қийноқларга барҳам берилиши лозимлиги айтилади.

Бундай қадамларнинг ташланиши Ўзбекистонда тинмасдан таъкидланаётган ислоҳатларнинг амалда бўлаётганига яққол мисол бўлиши мумкин.

“Журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, ёзувчи ва мухолифат фаоллари ҳамда диндорлар ўзларининг тинч фаолияти учун панжара ортида азоб чекмоқда. Уларнинг кўпчилиги қийноқларга ёки хасталикларга юз тутган,” дейди Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов.

Унинг қўшимча қилишича, Конституция кунида сиёсий маҳбусларни озод қилиш Ислом Каримовнинг ислоҳатлар борасида жиддийлигидан дарак беради.

Конституция куни муносабати билан Ўзбекистон раҳбарияти минглаб маҳбусларга ҳар йили амнистия эълон қилади. Бу каби амнистиялар одатда унча оғир бўлмаган жинояти учун қамалганлар ва ўсмир, аёллар ва 60 ёшдан ўтган маҳбуслар каби муайян демографик қатламга қўлланилади.

Бироқ сиёсий маҳбуслар деярли озодликка чиқарилмайди. Амнистия олишга ҳуқуқи бор сиёсий тутқунлар, гўёки қамоқхонанинг ички тартибини бузганликда айбланиб уларнинг имтиёзлари йилдан йилга рад этилаверилади.

Human Rights Watch нинг ёзишича, бундай тартиббузарликка оқ кўйлакда намоз ўқиш каби ҳолатлар ҳам киритилган.

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси ноябр ойида Ўзбекистондаги қийноқлар борасида ҳисоботи чиқди.

Унда Ўзбекистон қамоқхоналари ва полиция бўлимларида қийноқлар мунтазам қўлланилади, деган хулоса бор.

Қўмита чиқарган ҳисоботга кўра, кўп сонли ва охири йўқ мурожаатлар шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда ҳибсга олинганлар мажбурий кўрсатмалар учун шафқатсиз қийноқлар ва жинсий зўрлашларга дуч келишади.

Бир қанча ҳолларда маҳбуслар қийноқлар натижасида вафот этганлари ҳам маълум, деб билдиради БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси.