Ўзбекистонда 2014 йил “Соғлом бола йили” деб эълон қилинди

Президент Каримов ҳар йилга ном бериб келади
Image caption Президент Каримов ҳар йилга ном бериб келади

Президент Ислом Каримов келаётган йилни “Соғлом бола йили” деб эълон қилган.

6 декабр куни Ўзбекистон республикаси Конституциясининг 21 йиллигига бағишлаб Тошкентдаги «Ўзбекистон» Халқаро анжуманлар саройида ўтказилган тадбирда маъруза қилган Ислом Каримов келаси йилга шундай ном берган.

“Ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказиш борасидаги ишларимизни изчил давом эттириш ва юксак босқичга кўтариш мақсадида мен кириб келаётган янги – 2014 йилни мамлакатимизда “Соғлом бола йили” деб эълон қилишни таклиф этаман”, - деган Ислом Каримов.

Каримов жаноблари нутқи давомида “2014 йилга қандай ном бериш ҳақида маслаҳатлашиб, фикрлашиб олишимиз керак”, - деган.

Аммо залдан бирор маслаҳат ва фикр билдирилмасдан келаси йилга ўзи ном берган.

Ўзбекистон президенти ҳар йили Конституция куни арафасида бўлажак йилга ном бериш анъанасини шакллантирган.

Ўтиб бораётган йилни Юртбоши Ўзбекистонни ҳар томонлама тараққий эттириш ва обод қилиш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида, "Обод турмуш йили" деб номлаганди.

Кузатувчилар Ўзбекистонда йилларни номлаш бир бирини такрорлаётгандек тасаввур пайдо қилдираётганини айтишади.

2000 йили Ўзбекистонда “Соғлом авлод йили” бўлган. Авлод ва бола сўзлари бир бирига маъно жиҳатдан яқинлигига эътибор қаратилади.

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “Авлод” сўзига арабчадан олинган дея “ўғиллар, болалар, насл” дея изоҳ берилади.

Танқидчилар йил номларидаги ўхшашликларни Оқсаройда ғоя танқислиги муаммоси борлиги билан боғлайди.

Президент Ислом Каримов эса буни “соғлом авлодни вояга етказиш борасидаги ишларимизни изчил давом эттириш” дея изоҳлайди.