Президент Каримов парламентни яна кучайтирмоқчи

Image caption Президент Каримов яна конституцияга ўзгартиришлар киритиш зарурлигини таъкидлаган.

Ўзбекистонда аввал бир палатали, кейин эса икки палатали бўлиб ҳам қониқарсиз газ таъминоти учун ижроия ҳокимиятини саволга тутолмайдиган парламент ваколатларини оширишга қарор қилинган.

Бу ҳақда Президент Каримов Ўзбекистон конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган маросимда эълон қилган.

"...Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг юқори палатаси - Сенат ҳамда қуйи - Қонунчилик палатасининг ролини янада кенгайтириш, фақатгина қабул қилинган қонунларнинг ижросини текшириш билан чегараланмасдан, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда ижро органлари фаолияти устидан назоратини кучайтириш, ички ва ташқи сиёсатни амалга оширишда, энг муҳим стратегик масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда ҳуқуқ ва ваколатларини ошириш учун Конституциямизга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш мақсадга мувофиқ бўлади. Шулар қаторида Вазирлар Маҳкамаси ва жойлардаги ижро ҳокимиятларининг масъулиятини ошириш, Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларда уларнинг ҳисоботини мунтазам равишда эшитиш ва тегишли хулосалар чиқаришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда," деб айтган Президент Ислом Каримов Тошкентдаги маросимда.

Президент Каримов айтишича, Ўзбекистонда кўппартияли тизимни мустаҳкамлаш ва партиялараро рақобатни кучайтириш лозим.

Тантанали маросимда Ўзбекистон раҳбари парламентда "сайловда мазкур партия учун овоз берадиган одамлар манфаатларини қатъий ҳимоя қилишга қодирлиги билан сайловчилар ўртасида обрў қозонган партия" бўлишини хоҳлашини айтган.

Мустақиллик декларацияси учун овоз берган парламент

Президент Каримовга кўра, бу амаллар Ўзбекистондаги демократик жараёнларни янада чуқурлаштириш учун зарур.

Аслида эса Ўзбекистондаги давлат тизими демократик институтлар тараққиётини бўғиб келаётган авторитар тизим сифатида танқид қилинади.

Ўзбек сиёсатчилари минбарлардан қонун чиқарувчи, ижроия ва суд ҳокимиятларининг бир-биридан ажратилгани ҳақида маърузалар ўқишларига қарамасдан, халқаро ташкилотларнинг ҳисоботларида Ўзбекистон 24 йилдан буён бир шахс диктатураси остида қолаётган мамлакат деб таърифланади.

Мамлакатда парламент ва депутатларнинг ролини ошириш ҳақидаги баёнотларни ҳам танқидчилар айни шу мақсадни кўзлаб эмас, Президент Ислом Каримовнинг ҳокимиятини янада кучайтириш деб қабул қилганлар.

Ўзбекистон тарихида ижроия ҳокимиятидаги президент ва ҳукуматдан ҳисобот талаб қилишга журъатли парламент 1989 йилда сайланган, айни шу парламент аъзолари ҳукумат қаршиликларига қарамасдан, 1990 йил ёзида Мустақиллик декларацияси учун овоз беришга муваффақ бўлган эдилар.

Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинганидан кейинги илк парламент 1994 йил охирида сайланди.

Ўзбекистоннинг Олий Мажлиси

Ўша пайтдан у Олий Мажлис деб атала бошланди.

245 парламент аъзосининг коммунистлар вориси Халқ-Демократик партияси, "Адолат" социал-демократик партияси, "Ватан тараққиёти" ва "Миллий тикланиш" партияларининг аъзолари экани хабар қилинди.

1999 йилги парламент сайловида Ўзбекистонда яна бир янги партия "Фидокорлар" ташкил қилингани айтилди.

Кейинчалик "Ватан тараққиёти" билан "Фидокорлар"ни бирлаштиришга қарор қилинди.

2004 йили Ўзбекистонда Либерал-демократлар ҳам пайдо бўлди.

1999 ва 2004 йилги парламент сайловларида мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси ва "Бирлик" Халқ ҳаракати ўз вакилларининг парламент аъзоси бўлишига интилиб, Ўзбекистоннинг сайлов ҳақидаги қонунчилиги доирасида депутатликка номзодни рўйхатдан ўтказишга ҳаракат қилдилар.

Бироқ ҳукумат назоратидаги сайлов масъуллари турли хато-камчиликларни рўкач қилиб, мухолифат номзодларининг парламентга ўтиши олдини олдилар.

Нафақат мухолиф қарашдаги, балки нисбатан демократик дунёқарашдаги деб кўрилган инсонларнинг ҳам Ўзбекистон парламенти аъзоси бўлишига тўсиқ қўйилди.

Бу ҳақда Тошкент вилоятидан депутатликка номзод сифатида рўйхатдан ўтмоқчи бўлган шахс қонунга зид равишда сайлов мусобақасига қўйилмагани ҳақида Би-би-сига 2004 йил кузида батафсил гапириб берган ва бу ҳақда Би-би-си хабар тарқатган ҳам эди.

Кейин эса катта минбарлардан Ўзбекистон парламенти депутатларининг "тиши ўтмаслиги" кўп танқид қилинди.

Ўзбекистонда яхшиси икки палатали парламентга ўтган маъқул, деган қарорга келинди.

2005 йил Ўзбекистон Олий Мажлисининг юқори палатаси - Сенат, Олий Мажлиснинг қуйи - Қонунчилик палатаси иш бошлади.

Қонунчилик палатасида 120 депутат, Сенатда эса Ўзбекистон президенти номзодларини тасдиқлаган 100 сенатор бўлса Ўзбекистонда парламентаризм мукаммал бўлиши айтилди.

Кейин матбуотда Халқ-демократик партия аъзолари ва либерал-демократларнинг ўзлари учун овоз берган сайловчиларнинг манфаатларини кўзлаб "қаттиқ жангларга киришгани" ҳақидаги мақолалар эълон қилинди.

Бу даҳанаки жанглар парламентда ҳамон қизғин давом этаётгани, энди парламент Бош вазирни чақириб савол-жавобга тута олиши ва ҳатто Бош вазирга импичмент эълон қилишга изн берадиган қонунлар қабул қилингани хабар қилинди.

Эҳтиёткорона тахмин

Бироқ келинган ягона хулоса шуки, Ўзбекистон парламенти ҳали ҳам "фақатгина қабул қилинган қонунларнинг ижросини текшириш"дан зиёдига қодир эмас.

Тошкентдаги конституция байрамига бағишланган маросим ҳақида хабар тарқатган Uzmetronom.com сайти Президент Ислом Каримовнинг мамлакатдаги суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини янада такомиллаштиришга бағишланган тилагига эътибор қаратган.

"Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш режалари ҳақида мулоҳаза юритаркан, Ислом Каримов ишонч билдирдики, яна 10 йилдан кейин ўзи ва бу залда ўтирганларда ҳукуматнинг бу тизимни халқаро андозаларга мос келтириш йўлидаги ҳаракатларига баҳо бериш имконияти бўлади... Ўзбекистон президенти бирорта ҳам сўзни беҳуда айтмаслигини инобатга олиб, эҳтиёткорлик билан шундай тахмин қилиш мумкинки, яқин ўн йилда у сиёсий саҳнани тарк этишга чоғланаётгани йўқ," деб ёзади Uzmetronom.com.

Бундан кейин Ўзбекистон конституциясига киритилиши мўлжалланаётган ўзгартириш матнини кутиб туриш лозим бўлади.

Бу мавзуда батафсилроқ