Акмал Саидов: Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар фақат қоғозда эмас

Image caption Акмал Саидов Ўзбекистонда реал одамларнинг қийноққа солингани ҳақидаги жуда ҳам жиддий, аниқ ва батафсил саволларга бақириб-чақириш билан жавоб қайтарган.

Ўзбекистоннинг халқаро анжуманлардаги тамсилчиси Акмал Саидов мамлакат конституцияси қабул қилингани муносабати билан мақола эълон қилган.

Бу мақолада профессор Акмал Саидов Ўзбекистон қамоқхоналаридаги аҳвол Оврўпо мамлакатларидагидан яхши, деган фикрни илгари сурган.

Жаноб Саидовга кўра, Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида улкан ишларни амалга ошираяпти.

Хусусан, охирги йилларда Ўзбекистон БМТнинг инсон ҳақларига тааллуқли 7 та халқаро шартномасини ратификация қилган.

Булар фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро пакт, ўлим жазосини бекор қилиш ҳақидаги ҳужжат, инсон савдоси олдини олиш ва унга қарши курашга бағишланган ҳужжат, халқаро уюшган жиноятчиликка қарши кураш мақсадидаги конвенция, болалар савдоси, болалар фоҳишабозлиги ва порнографиясига қаратилган ҳужжат, БМТнинг коррупцияга қарши кураш конвенцияси, Халқаро меҳнат ташкилотининг ишлаш ёши ва болалар меҳнатини тақиқлаш ҳужжатлари экани айтилган.

Профессор Саидов Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳақларига риоя этилиши таъминланиши масаласида БМТнинг қатор ташкилотлари, хусусан Қийноқларга қарши кураш қўмитаси билан ҳамкорлик қилаётганини таъкидлаган.

Бироқ нега 2003 йилдан буён БМТнинг махсус маърузачисининг Ўзбекистонга бориб вазиятни ўз кўзи билан кўришига расмий Тошкент рухсат бермаётгани сабаби очиқланмаган.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари хабар қилган жасадлари қамоқхонадан оиласига қайтарилган ва зудлик билан дафн этиш талаб қилинган маҳкумларнинг ўлими сабабларига тўхталмаган ўз мақоласида Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази директори.

Шунингдек, профессор Акмал Саидов раҳбарлигидаги марказ ҳамда парламентнинг Омбудсмани биноларига ўз ҳақ-ҳуқуқлари амалдор тўралар томонидан поймол қилинганидан шикоят қилмоқчи бўлган оддий ўзбекистонликлар нега қўйилмаслиги ва матбуотда бу икки ташкилот ҳисоботлари нега эълон қилинмаслиги ҳақидаги саволлар ҳам очиқ қолган.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматининг асосий инсон ҳақлари ҳимоячиси, Сенат амнистияларига қарамасдан, жазони ижро этиш муассасаларида сохта айбловлар билан қамалган ёши 60-70 да бўлган маҳкумлар муддати узайтирилгани сабабларини ҳам тушунтирмаган.

Жаноб Саидов мақоласини шу йил октябридаги Ўзбекистон ҳукуматининг БМТ Қийноқлар қўмитаси олдидаги муваффақиятсиз чиқишига жавоб дейиш мумкин.

Ўша масжлисда Ўзбекистон ҳайъати раҳбари Акмал Саидов столни уриб, бақир-чақир қилгани, халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларининг эътиборига тушган.

"Ўзбекистон ҳукумат ҳайъати реал одамларнинг қийноққа солингани ҳақидаги жуда ҳам жиддий, аниқ ва батафсил саволларга бақириб-чақириш билан жавоб қайтарди. Бу бизни ларзага солди, аммо ҳайратга солгани йўқ. Улар қийноқлар бўйича мустақил, халқаро экспертлар олдида ўз далилларини айтиш имконига эга эдилар. Аммо буни томошага айлантиришди. Қийноқларга қарши қўмита ўзбек мулозимларидан сиёсий маҳбуслар, жумладан, қамоқдаги ҳуқуқ фаоллари қийноққа солинмаган, деган даъволарини аниқ далиллар билан исботлашни сўради. Аммо ҳукумат ҳайъати аниқ далилларни тақдим этиш ўрнига қўмита аъзоларини ҳақоратлади ва мажлисни сиёсийлаштиришга уринди ва қийноқларнинг мавжудлигини рад қилди", деб айтган Би-би-си билан суҳбатда Human Rights Watch халқаро ташкилотининг вакили Стив Свердлоу.

Бу мавзуда батафсилроқ