Ўзбекистоннинг гази фақат экспортга етадими?..

  • 10 Декабр 2013
Image caption Газ ўзбекистонликлар учун ҳам орзуга айланмоқда...

Тожикистон мулозимлари Ўзбекистонга 2014 йилдан бошлаб газ таъминотини қайта йўлга қўйишни сўраб расмий мактуб йўлланганини маълум қилишган.

Бу ҳақда Авеста хабар агентлиги билан суҳбатда Тожиктрансгаз ширкатининг бошқарувчи директори Саидаҳмад Шарофиддинов маълум қилган.

Унинг айтишича, Ўзбекистон томони бу ҳақда ижобий жавоб беришига умид бор.

Ўзбекистон Тожикистонга газ етказиб беришни 2012 йилнинг декабр ойида тўхтатиб қўйган ва бу билан қўшни давлатда газ билан ишлайдиган аксар корхоналарни фалаж ҳолатига тушиб қолишига сабаб бўлган эди.

Мутахассисларга кўра, аксарият иншоотлар газ ўрнига кўмир қўллаш технологиясини ўзлаштириб олишган ва бугунги кунда мамлакатда кўмир қазиб олиш суръати ошган.

Айрим кузатувчилар Ўзбекистоннинг газ заҳираларини қўшниларга сотиш масаласи иқтисодий манфаатлардан ҳам кўра, сиёсий босимнинг бир йўлига айланиб қолганини айтишади.

Бу каби босим Тошкентнинг айниқса Душанбе билан муносабатларида яққол намоён бўлади.

Газ экспорти ва даромадлар сир тутилади

Image caption Газ асосан Хитойга сотилади...Фойда сир тутилади.

Минтақадаги манбаларимизга кўра, Ўзбекистоннинг ўзида ҳам газ етишмовчилиги ҳар йили тобора кескинлашиб бормоқда.

Вилоятлардаги электр энергиясидаги узилишлар минтақада, ҳатто қўшни Тожикистонда ўрнатилган чекловлардан кўра ҳам абгорроқ қолаётгани айтилади.

Ўзбекистон ҳукумати табиий заҳираларнинг, хусусан газнинг хориж давлатларига қайси ҳажмларда сотилаётгани ва қанча фойда олинаётгани ҳақида маълумотларни ошкор этмайди.

Электр энергияси ва ё газ таъминотига доир чекловлар ўрнатилиши ҳақида ҳам аҳоли огоҳлантирилмайди.

Бу каби тақчиллик сабаблари ҳам расман ҳеч қачон тушунтирилмайди.

Сўнгги йилларда газ ва электр таъминотидаги узилишларнинг сурункали тус олиши жойларда одамларни уйларини иситиш ва ёритишнинг турли усулларига бош уришга мажбур қилган.

Ҳар йили қиш мавсумида кўмир ва ўтин нархи кўтариларкан, хусусан ўтган йилдан бошлаб газ балонлардан фойдаланиш оммавий тус олган.

Таҳлилчилар Ўзбекистон, хусусан, Хитой олдида газ сотиш борасида олган мажбуриятининг бир қисмини аҳоли ҳисобидан қоплаётганига ишонишади.

"Тишни-тишга қўйиб яшаш"

Қашқадарё вилояти қишлоқларига сафар қилган журналистлардан бирининг анонимлик шарти билан маълум қилишича, " аксарият қишлоқларга қишда борсангиз Ўрта асрларга тушиб қолдим деган фикрга борасиз, газ ҳақида гапирмаса ҳам бўлади, аммо электр энергияси "ўтмишдан эртаклар"га айланиб бормоқда. Ҳатто баҳор ва ёз мавсумида ҳам электр таъминотидаги узилишлар оддий ҳолга айланиб қолган".

Ана шу қишлоқлардан бирида яшайдиган нафақахўр шифокорнинг айтишича, ҳамма "тишини тишига қўйиб" ўтирибди.

"Нима ҳам қиламиз? Қўлидан иш келадиган эркакларнинг бари Россияга кетишган. Ўзимиз қолганмиз. Ҳайрият, пул жўнатиб туришади. Шунга кўмиру ўтин ғамлаб оламиз. Яқинда бир гуруҳ қариялар аёлларни бошлаб туман ҳокимиятига борадиган бўлдик. Маҳалладаги фаоллар бир нарса дебдими, ҳокимиятдан бир йигит келди. Тўполон қилманглар, линияни таъмирлашаяпти, икки ҳафта ичида свет ўчмайдиган бўлади дейишди...Бунга уч ҳафта бўлди", дейди қашқадарёлик шифокор.

Аввалроқ "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари гуруҳи Ўзбекистон аҳолисини газ ва электр билан таъминлаш масаласини мамлакат парламентининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритишга чақирган эди.

Ташкилот шунингдек, мамлакатдаги ҳуқуқ ҳимоячиларини бу борадаги "ўзига хос петиция"га қўшилишга даъват қилган.

Бу каби даъватга аҳоли вакилларидан газ ва электр таъминоти борасида келиб тушаётган шикоятларнинг кўпайгани, мутасадди ташкилотларнинг эса чора кўрмаётгани сабаб бўлган.

Гуруҳ тарқатган хабарда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги вазият мисол қилиб келтирилади.

Боёвут тумани Ғалаба жамоа хўжалигида яшовчи 84 нафар фуқаро имзо қўйган шикоятда айтилишича, қишлоқ аҳли ҳозирда оғир аҳволда қолган.

"Ҳозирги кунда на светимиз, на газимиз ёнмоқда. Мактабларимизда болаларимиз совуқда қолган. Аҳволимиз оғир, болаларимиз совуқдан тез-тез шамоллаб қолмоқда. Кечалари эса болаларнинг дарс тайёрлаши учун свет йўқ. Қарияларимиз касалманд бўлиб азоб чекмоқдалар. Аксарият кишиларнинг коммунал тўловлардан қарзи йўқ", - дея фуқаролар шикоятидан иқтибос келтиради "Эзгулик".

Бу мавзуда батафсилроқ