Ёзувчи Мамадали Маҳмудов Президентга мурожаат қилди

Image caption Мамадали Маҳмудов қамоқдалиги пайти Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзолигидан ўчирилган.

Умрининг 16 йилини қамоқда ўтказиб, яқинда озодликка чиққан 73 ёшли ёзувчи Мамадали Маҳмудов Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга очиқ хат ёзган.

40 йиллик меҳнат стажига эга кекса ёзувчи мамлакат президентидан қонунга биноан рисоладагидек нафақа олишига ёрдам беришни сўраган.

"Муҳтарам Президент!"- деб бошланади очиқ хат.- Мен 73 ёшга кираяпман. 16 йил 7 ой қамоқда ўтирдим. Пенсияга чиқиш вақти етиб, ўтди. 40 йиллик меҳнат стажим бор. Бу меҳнат дафтарчамда қайд этилган. Мирзо Улуғбек тумани ижтимоий таъминот бўлими мени: “у ҳужжат йўқ, бу ҳужжат йўқ” баҳонаси билан 7 ой овора қилди. Ниҳоят айтилган ҳужжатларни тахладим. Туман ижтимоий таъминот бўлими 179 минг сўм нафақа белгилади. Шу пул билан яшаб бўладими?"- дейилади ёзувчининг президентга ёзган мактубида.

Мамадали Маҳмудов хатида келтиришича, сўнгги иш жойи бўлган Ўзбекистон Маданият жамғармаси "Олтин мерос" хайрия жамғармасига айлантиргани учун у ердаги масъуллар архив йўқолган, деб айтишган. "Архив ҳам йўқоладими?"- дейди у хатида.

Ёзувчи ўзига белгиланган нафақа пули газ, электр, сув, уй-жой тўловларига етмаслигини, оиласи қарзга яшаётганлигини билдиради.

Мамадали Маҳмудов қамоқдалиги пайти оиласи АҚШ пулига ҳисоблаганда 15 минг доллар қарз бўлиб қолган. Турмуш ўртоғининг президентга ёрдам сўраб берган телеграммасига эса жавоб бўлмаган.

"Балки телеграмма сизга етиб бормагандир? Балки адашарман. Тангри билгувчи. Райсабездан айтишларича, кўпроқ пенсия пули олиш учун энг сўнгги беш йиллик маошим озлик қилармиш. Эл қатори, хатто ундан ортиқроқ маош олганман. 40 йил давлат ишида ишлаб, 179 минг сўм пенсия оламанми? Мен газета, журналларда адабий ходим, бўлим бошлиғи, бош муҳаррир, директор, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси котиби, Ўзбекистон маданият жамғармаси раиси лавозимларида ишлаганман. Менга берилаётган пенсия 179 минг сўм бўлиб, ишламаган одамларникидан ҳам оз", деб ёзади Мамадали Маҳмудов.

Унга маълум бўлишича, қамоқдалиги пайти Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан ўчирилган. Бироқ айни пайтда Ёзувчилар уюшмаси раҳбарияти унинг аъзо бўлганлиги ҳақида маълумотнома беришга журъати етмаётганлигини айтади.

Мамадали Маҳмудов ҳали Иттифоқ пайтида миллий озодлик ҳақида асарлар ёзган. "Ўлмас қоялар" романи КПСС Марказий Комитетида муҳокама қилинган чоғида ҳам истиқлол ҳақидаги орзуидан воз кечмаган. Мамадали Маҳмудов ҳозир ҳам Ватани, Ўзбекистоннинг қадим кечмиши ҳақидаги тарихий роман устида ишламоқда.

Унинг асарлари Россия, Украина, Туркия, Олмония, АҚШ,Франция, Англия ва бошқа мамлакатларда чоп этилган ва нашр қилинмоқда.

Мамадали Маҳмудов Чўлпон ва халқаро Хилман мукофотлари лауреати бўлган.

Кекса ёзувчи шу мамлакат фуқароси сифатида ўз муаммосига эътибор қаратилишини кутади.

Миллий озодликни орзу қилган адиб

12 декабрда 73 ёшни қарши оладиган Мамадали Маҳмудов (адабий тахаллуси - Эврил Турон) 1940 йил Жиззахнинг Фориш туманидаги Боғдон қишлоғида туғилган.

Отаси Маҳмуд Аҳмад ўғли Тоғ бегиси 1943 йилда урушга кетиб, бедарак кетган.

Ёзувчининг ҳикоя қилишича, шўроларга қарши қуролли курашда иштирок этган бобоси Аҳмад Бек 1936 йилда осиб ўлдирилган.

Мамадали Маҳмудовнинг ўз ҳаёти ва ижоди ҳам мураккаб кечган ва кечаётган адиблардан бири.

Асарларида ўзбек халқининг миллий озодлик курашларини қаламга олган адибнинг ўзи бу озодлик юзага чиққан пайти озодликдан маҳрум қолган эди.

Адиб ўзининг 1981 йилда "Шарқ Юлдузи" журналида чоп этилган "Ўлмас қоялар" романида айни мавзуни давом эттириб, Ўрта Осиёга рус босқинини қоралайди.

Ёзувчилар уюшмасидаги маслаҳатчилик лавозимидан ишдан олиниб, КГБ томонидан сўроқ қилинган Мамадали Маҳмудовни, ўзининг айтишича, ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов қамоқдан асраб қолган.

Асар тўлалигича фақат мустақилликдан сўнг, 1991 йилда китоб ҳолида дунё юзини кўрган.

У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби, Маданият Жамғармаси раиси лавозимларида ишлаган.

1994 йил 3 март куни мухолифатдаги "Эрк" партияси нашри-"Эрк" газетасини сақлашда гумон қилиниб, ҳибсга олинган ва кейинроқ давлат мулкини ўғирлашда айбдор, деб топилиб, 4 йилга озодликдан маҳрум этилган.

1996 йил 6 август куни авф қўлланиб, муддатидан олдин озод қилинган.

1999 йил 16 феврал куни Тошкентда юз берган қатор портлашлар ортидан қайта ҳибсга олинган ёзувчи бир неча "Эрк" фаоллари билан бирга портлашларга алоқадорликда айбланади.

Маҳкама жараёнида у ўзининг портлашларга алоқаси йўқлиги ва қийноққа солинганини айтган.

14 йилдан кўпроқ давом этган қамоқ муддати сўнггида шу йил апрелида озодликка чиқарилган Мамадали Маҳмудов номи ва асарларига Ўзбекистонда қўйилган норасмий тақиқ ҳануз амал қилмоқда.

Муҳаммад Солиҳ Мамадали Маҳмудов ҳақида

Миллат фидойиси

Баъзан Ўзбекистонда яшаётган дўстларимизни соғинамиз, оғир кунларимизда биз билан ёнма-ён турган, бизга далда беришдан қўрқмаган дўстларимизни соғинамиз. Уларга миннатдорлик туйғуси ичида, кўнглимиз эмраниб, бирдан телефон қилгимиз келади. Ҳеч бўлмаганда, телефон орқали оддий бир инсоний салом йўллагимиз келади, аммо ўзимизни тиямиз. Сабаби, ўлкада исмини талаффуз этиш айб саналган кишиларнинг қўнғироғи бу дўстларга зарар келтириши эҳтимолидан андиша қиламиз. Шундай бизга ватанда азиз бўлган 4-5 кишидан биттаси Туркистоннинг улуғ шоири Абдурауф Парфи эди. Унинг бизга бўлган дўстлик меҳрини узоқдан ҳис қилиб турсак-да, унга айни мезондаги меҳримизни изҳор қилаолмаганимиздан пушаймонлик туямиз. Бу зот вафот этди, пушаймонлик туйғуси эса кун сайин кучаймоқда. Бу аччиқ тажриба инсонларга бўлган севгимизни улар ўлгандан кейин эмас, улар тириклигида айтиб қолишимизга ундайди бизни. Юқорида тилга олинган 4-5 киши орасида яқинда қамоқдан чиққан Туркистон ғоясининг фидойиси, ўзбекнинг ғурурланса арзийдиган мард ёзувчиси Муҳаммадали Маҳмуд (Эврил Турон) ҳам бор. Муҳаммадали Маҳмуд 1980 йиллар бошида Рус истилосига қарши ёзилган Туркистон миллиятчилиги ғоялари олға сурилган рамзий асарларни ёзди. Улар ҳали босилмасдан, КГБ ҳушёр тортди ва муаллифга турли йўллар билан тазйиқ ўтказа бошлади. Янглишмасам, 1985 йил эди, ҳали Қайта Қуриш бошланмаганди. Уйда эдим, телефон жиринглади. Олсам, Муҳаммадали Маҳмуд. У айнан шундай деди:"Жўра, ҳозир мени ширкатдан(КГБдан) бир полковник машинада олиб кетяпти, айланиб келамиз дейишди. Билинг-ки агар мени йўқ қилишса, улар йўқ қилган бўлади", дедию гапини битирди. Оллоҳга шукр, унинг ярим кечада уйига қайтганини ўргандик. Бу инсон ҳақида мен кўп нарса гапиришим ва ёзишим мумкин. Чунки бизнинг ёшлигимиз, ғоядошлигимиз узун муддат бир чизгида, бир жуғрофияда кечди. Муҳаммадали Маҳмуд ила Ташкентда видолашганимизга 20 йилдан ортиқ вақт ўтди. Мени "ҳаётингга хавф бор" деб, Ўзбекистонни тарк этишга исрор билан ундаган бу фидоий инсон кейин ўзи қамоққа кирди ва ҳеч бир ҳуқуқий сабабсиз, фақат бизга дўст бўлгани учун узоқ йиллар турмаларда азоб чекди. Эртага шу инсоннинг тавваллуд куни. Эртага Ўзбекистон истиқлолини умрининг бош ҳадафига айлантирган бир курашчининг туғилган куни. Унга Оллоҳдан мустаҳкам соғлик, миллати ва оиласи учун хайрли бўлган узун ва баракатли бир умр тилаймиз.

Бу мавзуда батафсилроқ