UzWebiston: "Мираброр Усмонов лавозимида қолмаса очлик қиламан"

Image caption Жаноб Усмонов 2006 йилдан буён Ўзбекистон Футбол Федерациясига раҳбарлик қилиб келади.

"Бугун Ўзбекистонда бир гуруҳ "шоумен масхарабозлар" иштирокида трагокомедик театр бўлди. Энг қизиғи ушбу театр UFF биносида бўлгани...", деб ёзади Обид Тўланов деган ўқувчи Би-би-сига.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Мираброр Усмоновнинг ўз вазифасига яна қайта сайлангани олдинроқ хабар қилинганди.

Ушбу хабар интернет оламида қизғин муҳокама этилмоқда.

Ўзбекистондаги "Стадион.уз" веб-сайти ва бошқа интернет блогларида футбол мухлисларининг фикрларига қаралса, Мираброр Усмоновнинг қайта сайланиши "ҳафсалани пир қилган".

Хабарларга кўра, Федерация президенти Мираброр Усмонов сайловдан олдин мен кетаман энди, деб ҳамма билан хайрлашиб чиққан.

"Аммо сайлов пайтида шоу бўлиб, мутасаддилар раҳбарга содиқлигини исботлаш бўйича мусобақа қўйди. Футбол Фанатлари раҳбари Абдураҳмон Фозиловнинг гаплари ҳаммасидан ошиб тушди" дейди бир интернет фойдаланувчи.

Абдурахмон Фозиловнинг Мираброр Усмоновга "Агар ўз лавозимингизда қолмасангиз, мухлислар билан ЎФФ биноси ёнига келиб, баннерлар кўтарамиз, керак бўлса очлик эълон қиламан", деб айтгани залда кулгуга сабаб бўлгани ёзилади.

Бунга жавобан Твиттер фойдаланувчилари Фозиловнинг гапларига киноя қилиб, Усмонов кетса очлик тутаман, дедими ё оч қоламан?- дедими деб сўрашган.

Журналистлардан узр

Ўтган ҳафта Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмонов ўзи танқид қилган журналистларни чақириб узр сўраган.

Федерация биносида бўлган 1,5 соатлик суҳбат давомида Мираброр Усмонов президентлик лавозимидан кетиши мумкинлигини билдирган.

“Ўтган ишларни унутайлик. Мен сизлардан узр сўрайман. Ривожланишда давом этайлик, олдинга интилайлик”, - деган Мираброр Усмонов яқинда журналистлар билан бўлган учрашувида .

Ўзбекистонда раҳбар одамнинг журналистлардан узр сўраш ҳолати деярли кузатилмайди.

Жаноб Усмонов шунингдек 10 декабр куни бўладиган ҳисобот йиғилишида федерацияга янги раҳбар тайинланиши мумкинлигини таъкидлаган.

“Ўйлайманки, янги тайинланадиган ЎФФ президентига анча осон бўлади. Инфратузилма ва фундаментни қўйдик. Ана энди терма жамоаларимиздан конкрет натижа талаб қилса бўлади. Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларимиздан, ҳар доимгидек, ЖЧга чиқиш ва камида чорак финалга чиқиш вазифаси талаб қилинса, Олимпия терма жамоамиз олдига Рио-де-Жанейродаги олимпиадага чиқиш ва миллий терма жамоамиз олдига эса 2018 йилги ЖЧ йўлланмасини қўлга киритиш вазифалари юклатилади”, дея Мираброр Усмонов гапларидан иқтибос келтиради stadion.uz сайти.

Миржалол Қосимов мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бразилияда бўладиган Жаҳон чемпионатига тўғридан тўғри чиқиш имкониятидан маҳрум бўлгач, stadion.uz сайтида танқидий мақолалар пайдо бўлганди.

Уларнинг ичида терма жамоа бош мураббийи Қосимов ўз вазифасини бажара олмагани учун истеъфога чиқиши кераклиги ҳақида мақолалардан тортиб Қосимовга яна имконият берилиши кераклигини ҳақидаги турли фикрлар бор эди.

Мираброр Усмоновнинг журналистлар билан учрашувидаги чиқишидан сўнг, Ўзбекистон Футбол Федерацияси президентлигига яна қайта сайланишини футбол мухлислари "масхарабозлик", "шоу", "олдиндан тайин бўлган иш" деб аташган.

Савдо вазиридан Футбол Федерациясига

Жаноб Усмонов 2006 йилдан буён Ўзбекистон Футбол Федерациясига раҳбарлик қилиб келади.

66 ёшли Мираброр Усмонов 1990 йилда Ўзбекистон Савдо вазири бўлган, мамлакат мустақиллигидан сўнг “Ўзбексавдо” компаниясини бошқарган.

У 1994 йилдан 2005 йилгача Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари лавозимини эгаллаган, Ўзбекистон ҳукуматида савдо масалалари билан шуғулланган.