Ўзбекистон: амнистия 'кенг кўламли' бўлмайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Сиёсий ва диний маҳбусларнинг яқинлари амнистиядан умидларини узишмайди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси Конституция куни муносабати билан қабул қилинган бу йилги амнистиянинг "кенг кўламли" бўлиши ҳақидаги матбуот хабарларини рад этган.

"Новый Век" нашрининг номи ошкор этилмаган ЖИББ вакилидан иқтибос келтиришича, пайшанба куни Сенат томонидан қабул қилинган амнистияга мувофиқ, жазодан муддатидан аввал озод қилинадиган маҳбуслар сони ўтган йилгидан кўп бўлмайди.

Унинг сўзларига кўра, айрим матбуот воситаларининг амнистия 90 минг нафар маҳбуслар ва терговдаги шахсларга нисбатан қўлланиши ҳақидаги маълумоти "ҳақиқатга тўғри келмайди".

2012 йилда қабул қилинган амнистияга мувофиқ, 19 мингдан ортиқ шахслар авф этилган.

Яна бир қатор маҳбусларнинг жазо муддатлари камайтирилган ва манзил колонияларига ўтказилган.

Сенат қарорига кўра хориж фуқаролари, балоғатга етмаганлар, аёллар ва ёши 60дан ошган маҳкумлар озодликка чиқарилади.

Сенат аъзоларидан бирининг айтишича, диний-экстремистик ташкилотларга аъзоликда айбланиб, озодликдан маҳрум этилган маҳкумлар "биринчи марта озодликдан маҳрум этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган" бўлсагина, озодликка чиқарилиши мумкин.

Авф этилмайдиган тоифа

Парижда жойлашган "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" ташкилоти раҳбари Надежда Атаеванинг айтишича, сиёсий ва эътиқод маҳкумлари учун авф ўз эътиқодидан қайтиш ёки режимга бўйсуниш билан озодликка чиқишнинг ягона йўлидир.

Ҳуқуқ фаоли бу йилги амнистиянинг сиёсий маҳкумларга нисбатан қўлланишига шубҳа қилади.

"Ҳукумат, одатда фуқаровий жамият фаоллари, айниқса, "Эрк" партияси, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари фаолларига нисбатан деярли 20 йилдан буён қаттиқ тартибни сақлаб қолмоқда. Бизнинг ҳисоб китобларга кўра, ҳукуматнинг ўта қатъий назорати остида 27 нафар шахс бор. Уларга нисбатан қамоқхонада ҳам жуда кучли босимлар давом этмоқда", - дейди Надежда Атаева.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сиёсий маҳбуслар сони минглаб эканини айтадилар.

Расмийлар эса мамлакатда сиёсий маҳбусларнинг мавжуд эканини рад этиб келишади.

Шу йилнинг октябрида БМТнинг Женевадаги Қийноқларга қарши қўмитасидаги муҳокамада ҳукумат ҳайъати раҳбари Акмал Саидов яна бир марта сиёсий маҳкумларнинг мавжудлигини рад этган.

Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари бўйича бош музокарачисига кўра, Ўзбекистонда маҳбуслар сони кўпгина Оврўпо давлатлари ва АҚШдагидан анча кам.

Жаноб Саидов шунингдек, Ўзбекистонда қийноқларнинг мунтазам қўлланишини ҳам рад этган ва халқаро қонунчиликда "қийноқларни мунтазам қўллаш" каби бир тушунча йўқлигини таъкидлаган.