Ўзбекистонда Американинг обрўси ва таъсири қандай?

Агар, "Пью" халқаро марказининг сўнгги тадқиқотларига таянилса, ўтган 40 йил бадалида америкаликлар илк бор ўз мамлакатларининг дунёдаги таъсири ва обрў-эътибори камайиб бораяпти, деган фикрни изҳор этишган.

Аксарият сўров иштирокчиларига кўра, бугунга келиб, дунёда Американи ҳурмат қилаётганлар сони ҳам камайиб бормоқда.

Улардан ярмидан кўпроғининг наздида эса, АҚШ ҳозир дунёда 10 йил аввалги қудратига эга эмас.

Айни ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, америкаликлар сўнгги бор бу каби фикрни 1974 йилда изҳор этишган, холос.

Америка халқаро саҳнада ўз ишини қойиллатаяпти, деган баҳода бўлганларнинг сони эса, ҳатто, 20 фоизга ҳам етмаган.

Янги сўровнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, ярим аср бадалида "Америка бировларнинг ишига бурун суқмай, ўз ишлари билан шуғуллансин", дегувчилар сони ҳам эллик фоиздан ортган.

Ўз вақтида АҚШнинг минтақадаги энг яқин иттифоқчиси бўлган Ўзбекистон эса, сўнгги йилларда яна расмий Вашингтон билан алоқаларини яхшилаш ҳаракатига тушиб қолган давлатлардан бири саналади.

Аммо, ҳозир Нью-Йоркда бўлган Ўзбекистондаги Эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоиловнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, Американинг дунёдаги бугунги қудрати ва обрў-эътибори борасида оддий ўзбекистонликлар орасида қарама-қарши фикрлар мавжуд:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистон аҳолиси орасида икки хил даражадаги тенденцияни кузатиш мумкин.

Ўзбекистонлик мутахассис ушбу масалада энг аввало мамлакат аҳолиси аксариятининг мусулмон эканига эътибор қаратиб, жавоб беришни маъқул кўришини айтади.

"Уларда Американи, кўпроқ, мусулмонларга қарши, тинч-осуда бўлган мамлакатлар ёки қаерда нефть ёки бошқа захиралар бўлса, ўшаларни босиб олувчи ва фақат гео-сиёсий мақсадлар билан илгари одимловчи бир давлат сифатида англаш ҳисси пайдо бўлаётганини ҳам тан олиш керак", - дейди Суҳроб Исмоилов.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, кейинги пайтларда интернет ривожланиб бораётгани, глобализация жараёни ва мамлакатларнинг кўпроқ бир-бирлари ҳақидаги маълумотларга очилиб бораётгани туфайли, одамларнинг онг ва шуурлари ўсиб бораяпти.

"Шунинг натижасида ҳам, Ўзбекистондаги кўпчилик, яъни ўзини мусулмонман, деб ҳисоблаётган одамлар Американи кўпроқ кейинги 10-15 йиллик давр ичида Ислом мамлакатларига қилаётган юришлари, янги салб юриши ҳам дейилаяпти, мана, Ироқдаги воқеалар, мана, яқинда бўлган Ливиядаги ҳодисалар, Афғонистон, ҳозирги кунда Сурияда кечаётган можаролар ва у ёқда Ғарбнинг, асосан Америка ва Оврўпо Иттифоқининг аралашувлари, мана шунақа воқеалар орқали англашни бошлаяптилар...", - дейди ўзбекистонлик эксперт.

Суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, Ўзбекистонда Америкага бугунги қараши собиқ Шўролар даврида берилган назарияларга асосланган аҳоли гуруҳи борлигини ҳам таъкидлаб ўтади.

"Ўзбекистонда Америка борасида маиший даражада кузатилувчи яна бир кайфиятни Совет даврида берилган тушунчанинг бир қолдиқлари, десак ҳам бўлади. Бу тушунчанинг асосий мазмуни фитна назариясига асосланади. Бу - Америка муаммони ўзимиз яратиб, ўзимиз ҳал қиламиз, деган давлат мазмунидаги бир назария", - дейди у.

Ўзбекистонлик экспертнинг биз билан суҳбатида айтишича, бу масалада Ўзбекистон сиёсий доираларида аллақачон умуман бошқа бир даражадаги кайфият кузатилади.

Сиёсий элита-чи?

"Сиёсий элита ўзининг сиёсати ҳақида гапирадиган бўлсак, Ўзбекистонда ҳали ҳам ички ва ташқи сиёсатни белгилашда президент Ислом Каримовнинг роли, мутлақ демасак ҳам, кучли. Каримов ҳали ҳам иқтидорда, ҳали ҳам ҳокимиятда. Каримовнинг ўзи жудаям яхши бир сиёсий ўйинчи. Ҳозирги кундаги манфаатларидан келиб чиқиб, ўйлашимча, Америкага жуда ҳам муҳтож", - дейди у.

Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Америкага қилган сўнгги сафари ҳам бежизга эмас.

"Ҳозирги кунда, шу, сиёсий ориентирлар бошқаттан белгиланаяпти. Ва бунинг асосий сабабларидан бири - 2014-2015 йилларда кутилаётган сайловлар ҳам бўлаяпти. Мана шунда Америкага, унинг хоҳиш-истакларига, иродасига жуда катта эътибор берилади ва Ўзбекистон ҳукумати мана шунақа даврларда Американинг қўлловига, айниқса, жуда муҳтож бўлади".

Маҳаллий эксперт, ўз ўрнида, фақатгина оддий ўзбекистонликлар эмас, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам, фуқаровий жамият вакиллари ҳам Американинг қўллаб-қувватловига муҳтож эканликларини таъкидлайди.

"Чунки ҳалиям мустақил ишламоқчи бўлишса, Ўзбекистондаги кўпчилик фуқаровий жамият вакиллари кўпроқ Америка фондларига боғлиқ. Америка асосий донор ҳисобланади. Шу жиҳатдан, Американинг бу соҳада қилаётган ҳар бир ҳаракати ва амалга ошираётган дастурлари ижобий қаршиланади".

Минтақадаги таъсир...

Суҳбатдошимиз АҚШнинг Марказий Осиё минтақасидаги таъсири сўнгги йилларда камайганига оид баҳоларга қўшилиши, аммо бунга фақат уларнинг ўз истаклари сабаб бўлганини айтади.

"Американинг ўзи бу минтақадан оёқларини узишни истаяпти. Чунки ҳозир Американинг бошқа минтақаларда, яна ўз ичида муаммолари кўпайяпти. Мен Американинг ўзи истамаганида, Россия минтақада ўз таъсирини кучайтира олган бўларди, деб ўйламайман. Чунки Марказий Осиё ҳукуматлари, ҳақиқатан ҳам, ким кўпроқ дотация берса, ким кўпроқ инвестициялар киритса ёки алоҳида бир базалар ва ё бошқа бир объектлар учун кўпроқ пул берса, ўша билан ҳамкорлик қилувчи ҳукуматлардир".

Ўзбекистонлик эксперт ҳозир ҳам Россия ва Американинг молиявий қудрати, имкониятини бир паллага қўйиб бўлмаслигини урғулайди. Унга кўра, Америкада ҳалиям қудрат кўп.

Суҳбатдошимизнинг энг сўнггида айтишича, Американинг глобал миқёсдаги қудрати ва обрў-эътиборини ўрганишга қаратилган бу каби йиллик сўровлар керак.

"Давлатлар ҳам инсонларга ўхшайди. Кучли инсон, кучли лидер доимо гуруҳнинг қайси томонга қараб йўналиши ёки минтақанинг қайси йўналишга қараб ҳаракатланишини белгилайди. Шунинг учун ҳам бунақа сўровларнинг ўтказилишида бир маъно кўриладики, АҚШ ҳали ҳам иқтидори баланд, кучли давлат. Аллақачон ягона супер-қудрат, деб айтиб бўлмаса ҳам, лекин ҳали ҳам биринчи кучлар қаторида кўрилади. Ва дунёнинг кўп жойларида сиёсий, иқтисодий тенденцияларни белгилаш даражасида қудратга эга бўлгани учун ҳам, АҚШнинг таъсири доимо ўлчаб, кузатиб борилади", - дейди Ўзбекистондаги Эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов.