Жаҳон Банки:"Иқлим илиши туфайли Ўзбекистонда ҳосилдорлик 30 фоизга қадар қисқариши мумкин"

  • 19 Декабр 2013
"Иқлим ўзгаришига қишлоқ хўжалиги тайёр бўлиши керак"

Асосан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг тобора исиб бориши 2050 йилга қадар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилини ўттиз фоизга камайтириб юбориши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон Банки нашр этган тадқиқотномада баён этилади.

Нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасида иқтисоднинг ҳаётий муҳим манбаси қишлоқ хўжалигидир.

Аммо минтақа қишлоқ хўжалиги иқлим ўзгариши ва сув тақчиллигини уддалаш имкониятига эга эмас, дейилади Жаҳон банкининг тадқиқот нашрида.

Бу нашр-китобдаги рақамларга ҳозирги иқтисодий танг аҳвол манзарасида қаралса вазият ростакамига хавотирлидир.

2050 йилга келиб Ўзбекистонда ҳосилдорлик 30 фоизга қадар камайиб кетиши мумкин экан.

Ҳозир минтақа, айниқса Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги кузатувчиларга кўра, асосан ҳукуматнинг ўта нўноқ иқтисодий сиёсати сабаб эса ҳам аҳолини “тўйдирадиган” соҳа эмас.

Аксарияти қишлоқда истиқомат қиладиган миллионлаб ўзбекистонликлар ҳозирнинг ўзидаёқ рўзғор тебратиш учун Россияда мардикорлик қилмоқда.

Ғалла, пахта ва сабзавотлар ҳосили камаяди

Иқлим илиши пахта ҳосилига ҳам таъсир қилади

Жаҳон Банки нашр этган китобга кўра, Ўзбекистонга нақд пул келтирадиган асосий неъмат – пахта ҳосили кескин камаяди.

Бунга қўшимча ғалла, мева-сабзавот етиштириш жиддий равишда қисқариб кетиши мумкин.

Аммо мутахассисларга кўра, иқлим ўзгариши туфайли чорва моллари ўтлайдиган яйлоқлар ҳудудини кенгайиш эҳтимоли бор экан.

Биргина ғалла ва пахта етиштириш Ўзбекистоннинг жами 3 миллион гектар атрофида ҳосилдор ҳудудини эгаллайди.

Жаҳон Банкига кўра, қишлоқ хўжалиги иқлим ўзгаришидан зарар кўриши мумкин бўлган асосий соҳадир.

Айни соҳада жиддий ислоҳотлар қилинмас экан, миллионлаб инсонларнинг ҳаёт манбалари хавф остида қолади.

Зотан, тадқиқот муаллифларига кўра, Ўзбекистонда келажакда иқлим ўзгариши суғориладиган экинларга нисбатан таъсири турлича бўлади.

Сув етарли бўладиган эса унда иқлим ўзгариши масалан, олма, пахта, картошка, помидор ва баҳорги буғдой ҳосилида фақат 1 фоиздан 13 фоизга қадар қисқаришига сабаб бўлади.

Тадқиқот муаллифи ва Жаҳон Банки мутахассиси Уилям Саттонга кўра, иқлим ўзгариши ўзига хос имкониятларни ҳам яратиши мумкин.

“ Ҳаво ҳароратининг исиб бориши ҳосилдорлик мавсумининг узайишига сабаб бўлиши мумкин. Шу билан бирга юқори карбонат ангидрид даражаси экинлар ўсишини яхшилайди ва айрим минтақаларда ёғингарчилик кўпайиши ҳамда сув заҳиралари ортишига сабаб бўлиши мумкин”, дейди Уилям Саттон.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги билан банд бўлган фермерлару деҳқонлар иқлим ўзгаришига тайёр эмас, дейилади ҳисоботда.

Иқлим ўзгариши билан шундоқ ҳам тақчил сув муаммоси кун тартибидаги асосий масалага айланиши мумкин.

Бу нашр Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги сиёсатини иқлим ўзгаришига мослаш заруриятини урғулайди.

Бу мавзуда батафсилроқ