Ислом Каримов раҳбарларни лаганбардорлардан огоҳлантирди

Президент Каримов янги лавозимга ўтирган раҳбарларни хушомадгўй ва лагандардорлардан узоқроқ бўлишга чақирди. Мансабдорларнинг аёллари ҳам лаганбардорларнинг таъсирига тушиб қолмаслиги кераклигини урғулади.

19 декабр куни Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида нутқ сўзлаган Ислом Каримов вилоят ҳокимини алмаштирган.

Сессияга бағишланган махсус кўрсатув 20 декабрга “Ўзбекистон” телеканали орқали намойиш этилди.

Президент сессияда “ўзига бино қўйган” ва “айшу ишратга берилган” вилоят ҳокими Нормўмин Чориевни вазифасидан озод қилиб ўрнига Эшдавлат Жўраевнинг номзодини тавсия қилган.

Президент оиласи атрофида маш машалар урчиётган бир маҳалда, Каримов мансабдор шахсларнинг атрофидаги лаганбардорлардан баҳс очган.

“Яна бир бало. Бу балога куч берадиган нарса шуки, атрофда яшайдиган ё ишлайдиган, атрофни дарров тўлдирадиган хушомадгўйлар ва лаганбардорлар. Мана шу иккинчи бало ҳақида гапирадиган бўлсак ҳаммамиз тўғри тушунишимиз керак. Шундан узоқроқ бўлиш керак. Янги лавозимга ўтирган одам, биринчи навбатда ўзини шулардан узоқроқ тутиши керак”, - деган Ислом Каримов.

Президентга кўра лаганбардорлар янги раҳбарнинг ичига кириб олиб уни ўзининг соясига айлантиради. Шундан сўнг мансабдор шахс “ўликка айланади”.

“Шу нуқтаи назардан, раҳбарнинг, одамларнинг иродаси суст. Иймони бўлмаган одамларни мана шунақа лаганбардорлар, хушомадгўйлар бузади.

“Ака, ака, ака, ака, ака, ака, бизлар хизматдамиз, хизматдамиз”. Фақат шуда”.

Мамлакат раҳбари яқинда Тошкентда депутатлар билан учрашганда бир депутатдан аёлига лаганбардорлар таъсир қилмаётгани ҳақида сўраганини айтган.

“Яқинда Тошкентда депутатлар билан гаплашганда биттасидан сўрадим. Майли сиз ўзингизни тутаяпсиз, ишлаяпсиз, сизга ишонч билдириш мумкин. Лекин аёлингиздан кўнглингиз тўқми? Аёлингиз қандайдир мана шундай лаганбардор, хушомадгўйлар, хизмат қилувчиларга қандай муносабатда? Уларнинг хизматига муҳтож бўлиб, эри эмас ҳуддики ўзи бу лавозимни бажараётгандек”, - деган Каримов.

Президент бунақа гапларни давом эттиришнинг ҳожати йўқлигини айтган.

“Ўйлайманки, бу масала ҳам оғир бир синов, жуда оғир синов. Буни билган одам билади, билмаган одам билмайди”, - дея куюнган президент.

У ёшларни андиша ва хушомадгўйликни йиғиштириб, шахсиятга тегмасдан юзига гапиришга чорлади.

Президент оиласи билан боғлиқ маш маша бир неча ойдан бери ижимоий тармоқларда давом этмоқда.

Мамлакат раҳбарининг тўнғич қизи Гулнора Каримова твиттер орқали Фарғонада айрим шахслар президент оиласидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланганини ёзганди.

У онаси ва синглисини ноқонуний ишларга алоқадорликда айблаб чиққан. Ўз навбатида синглиси Лола Каримова-Тиллаева Гулнорани маҳкамага бериш билан таҳдид қилди.

Президент Ислом Каримов ушбу воқеаларга жамоатчилик ўнгида бирор изоҳ бермаган.