Йил якуни: 'Ишқибоз фақат мундиалга рози бўлади, асло бошқасига эмас'

Ўтиб бораётган йил Ўзбекистон футболи учун воқеаларга бой йил бўлди.

Эришилган ютуқлар қатори бой берилган имкониятлар ҳам анчагина бўлди эмасми, футбол аҳлининг хурсандчилигию аламлари ҳам шунга яраша бўлди.

2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятини энг сўнггида бой берган миллий терма жамоа йил якунига келиб навбатдаги Осиё Кубогига йўлланмани қўлга киритди.

Ўзбекистонлик ўсмирларнинг жаҳон биринчилигидаги илк иштироклари нимчорак босқичи билан тугаган бир йилда, ёш футболчилари чорак финалгача кўтарилиб, кетма-кет тарихий натижа қайд этишди.

Кечаётган йил шахсан ўзи учун нимаси билан ёдда қолаётганини айтаркан, ўзбекистонлик таниқли футбол эксперти Ахбор Имомхўжаев айнан шу икки ёшдаги футболчилар эришаётган натижаларни алоҳида урғулайди.

"Эсда қоладиган томонларидан: Бизнинг ўсмирларимиз ва ёшларимиз катта ёшли футболчиларга ўзига хос дарс беришаяпти. Бир томондан қойил қолиш керак. Масалан, менга энг маъқул бўлгани - ёшлар орасида Аҳмаджон Мусаев терма жамоасининг жаҳон чемпионатининг кучли саккизталигига кирганлиги, менимча, йилимизнинг шу жамоалар ўртасидаги энг яхши, энг зафарли онлари дейилса бўлади. Ўсмирларимиз ҳам ёмон қатнашишгани йўқ. Фақатгина улар, эсингизда бор, ўша жаҳон чемпионати ўйинларида чехиялик ҳакамнинг айби билан мағлубиятга учрашди. Лекин Дилшод Нуралиев таркибида ҳам яхши, келажаги порлоқ ўйинчилар бўлганлиги бизни, албатта, қувонтиради", - дейди Ахбор Имомхўжаев Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Аммо Ўзбекистон миллий терма жамоасининг келаси йилги жаҳон чемпионатига чиқа олмагани йил давомида бутун маҳаллий футбол нашрларини қизитган, ишқибозларнинг қизғин муҳокамаларию, танқидларига сабаб энг асосий мавзуга айланди.

Мавжуд ҳолат, ҳатто, айрим кузатувчилар томонидан Ўзбекистонда чеклангани айтилган сўз эркинлигининг том маънодаги кўриниши сифатида ҳам талқин этилди.

Ўзбекистонда амалга ошса ҳам, футбол инқилоби амалга ошади, деган баҳолар-да янгради.

Агар, таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистон футболининг мухлислар танқиди тиғига учрамаган бирор бир қирраси қолмади.

Бош мураббию футбол мутасаддилари истеъфоси талаб этилган кўплаб даъватлар ҳам янгради.

Ўзбекистонлик ашаддий футбол ишқибози бўлган мана бу суҳбатдошимиз ўзларининг ҳануз аламда эканликларини айтади.

"Асосий терма жамоа, клублар...Биз мухлис сифатида бунақа ўйиндан қониқмаймиз, бунақа ўйинга кўнмаймиз-да, тўғриси. Очиғи асосий терма жамоадан умидимиз катта эди. Жаҳон чемпионатига чиққанида, бу йил ҳақиқатан ҳам зўр йил бўлди, футбол йили бўлди, десак ярашарди. Ҳозирги ҳолатда бундай деб айтиш қийин. Сўнгги турга қолдирмаслик керак эди. Буни ҳамма мухлис билиб турган эди. Ўша Жанубий Кореядаги ўйинда натижага эришиш керак эди. Ҳамма мухлиснинг нияти шу эди: Ўша Кореяда, ҳеч бўлмаса, дурангга рози бўлиб турувдик. Кореядаги ўйин ҳам ёмон бўлмади, лекин. Очиғини тан олиш керак, чиройли ўйин бўлди. Лекин, ўша ерда дуранг бўлиб келганида, сўнгги турда ҳамма нарса ўзимизнинг қўлимизда бўларди. Ўйин, ҳужум, ҳаммаси жойида, тўғри, ҳимояда озгина нима бўлиши мумкин, лекин ҳамма нарса жойида, мураббийлар штаби ҳам, танланган тактика ҳам, менимча, ёмон бўлмади ўша ўйинда. Фақат гол уриш қўлимиздан келмади, шу нарса бизга панд берди", - дейди ўзбекистонлик ашаддий футбол ишқибози.

Миллий терма жамоа бу йил ўз тарихида иккинчи бор жаҳон чемпионати саралаш босқич беллашувларининг дастлабки плей-офф босқичига чиққан, аммо пенальтилар сериясида Иорданияга ютқазиб, ҳар икки ўйин натижасига мувофиқ, ўз курашини тўхтатишга мажбур бўлганди.

Тўплар нисбатидаги фарқ эса, Ўзбекистон кўз тиккан нақд тўртта йўлланмадан бирининг Жанубий Кореяга ўтиб кетишига олиб келганди.

Ишқибоз суҳбатдошимиз миллий терма жамоанинг жаҳон чемпионатига чиқишига қаттиқ ишонишгани, бунга чиройли ўйинлари билан футболчиларнинг ўзлари ишонтириб қўйишганини айтади.

"Гуруҳдаги жамоаларга қараганда, номига қараганда пастроқ бўлиши мумкин эди-ку, лекин ўзлари кўпроқ ишонтириб қўйишди. Сўнгги турга қадар очколарининг юқорилиги, тўплар нисбати ҳам анча яхши эди. Ўшанга сўнгги турдаги чиройли ўйинларидан кейин биз уларнинг жаҳон чемпионатига чиқишларига аниқ ишониб қолгандик. Мисол учун, Эрондаги ғалаба...Ўшанга, "Чиқади!", деб нима қилувдик, ютқизгандан кейин, ҳақиқатан алам қилди", - дейди суҳбатдошимиз ўз сўзларида давом этаркан.

Буларнинг барчаси ортидан, истеъфога оид аризаси рад этилган миллий терма жамоа Бош мураббийи Миржалол Қосимов эса, ниятлари ўзбекистонлик футбол мухлисларининг орзуларини рўёбга чиқариш бўлгани, шу боис ҳам, ўтаётган йилдан мураббий сифатида ўзи ҳам қониқмаганини айтади.

Мураббий сифатида, нима дейди, қониққаним йўқ. Албатта, қўлимиздан келганча, юракдан чиқариб, ҳаракат қилдик. Масалан, мураббийлар, федерация раҳбарияти, қолаверса, футболчилар...Ниятимиз, энг аввало, шу йили ўзбекистонлик футбол мухлисларининг орзуларини амалга ошириш эди. Буни анчадан бери ният қилиб юргандик. Лекин ўша футбол кутилмаган ҳодисалари билан қизиқ. Ҳеч ким жаҳон чемпионатига чиқолмаймиз, деб ўйламаганди. Албатта, бу ачинарли. Шунинг учун ҳам, мен миллий терма жамоамизнинг ҳаракатидан қониқдим, деб айтолмайман. Аммо, ўшанда ҳам айтганман, ҳаёт давом этаверади ва албатта, инсон ҳаётида кўп йиқилади. Лекин йиқилганда туришни ҳам билиш керак. Шунинг учун ҳам, қаердадир йўл қўйилган хатоларни бартараф этиб, олдинга қараб ҳаракатланиш ва жамоани шакллантириш мақсад, албатта.

Би-би-си: Миржалол ака, 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш учун Ўзбекистон миллий терма жамоасида энг сўнггига қадар яққол имконият бор эди. Мана, орадан бир неча ой ўтди. Агар, барча саралаш босқич учрашувларини сарҳисоб қилиб улгурган бўлсангиз, сизнинг назарингизда, жамоага нима панд берди?

Нима дейди, инсон билан унинг сояси параллел равишда юрганидек, футболда ҳам худди шунақа. Албатта, бу ерда, бир томондан, қаердадир озгина омад етишмади. Бошқа томондан, албатта, қаердадир ўзимиз хатоликка йўл қўйдик. Албатта, таҳлил қилиб чиқилди. Ҳар доим ҳам гапириб келаётган нарсамиз: Масалан, бир хил ўйинларда ҳужумчиларимиз панд бериб қўйишди. Нимагаки, бу борада жудаям кўп гапирилаяпти. Мураббий сифатида ўзим ҳам қониққаним йўқ. Нимагаки, футбол ишқибозлари ҳужумчидан ҳар доим гол кўришни исташади. Чунки, мана, бундоқ ўйлаб қарасак, 14 очко йиғилди. Аммо 14 очкоям жаҳон чемпионатида иштирок этишимиз учун етарли бўлмади ва тўплар нисбатидаги фарқ туфайли жаҳон чемпионатидан қуруқ қолдик. Шунинг учун ҳам, бунинг устида ишлаш керак ва қолаверса, мана ҳозир бўй кўрсатиб келаётган ёшларимиздан яхши ҳужумчилар етишиб чиқишига умид қилиб қоламан. Мана, Сергеев ёмон ҳаракат қилаётгани йўқ. Ҳозирги пайтда, "янги қон", деган эдим, имкон қадар, масалан, шу йўлда ҳаракат қилинаяпти. Нимагаки, барибир ҳам, узоқни кўзлаб, иш қилиш керак. Шу боис ҳам, кўпроқ ёшларга имконият берилаяпти", - дейди Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи Миржалол Қосимов.

Маҳаллий футбол нашрларидаги бугунги чиқишларга назар ташланса эса, ҳатто, йил якунига келиб ҳам, "қолган барча турнирлардаги бош совринлар йиғиндиси ҳам биргина миллий термамизнинг мундиалдаги иштирокичалик бўла олмас экан", деган фикр устунлик қилишини кўриш мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўзининг қисқа тарихида бу йил иккинчи бор жаҳон чемпионати саралаш босқич беллашувларининг дастлабки плей-офф босқичига чиққанди

Бу каби мақолаларнинг бирида "кўнглимизнинг бир четида қолиб кетган Бразилия аламини унутиш бирмунча қийин бўлмоқда. Бу табиийдир. Шундай бўлса-да, 2014 йилдаги жаҳон чемпионатида бошқа термаларга тикилиб ўтирамиз. Ўзимизни овутамиз", деб ёзилади.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, жаҳон чемпионатига чиқолмаган терма жамоа орадан бор-йўғи икки ой ўтиб, муддатидан илгари ўз тарихида кетма-кет олтинчи бор Осиё Кубогига чиқди.

Ўзбекистонлик таниқли футбол эксперти Ахбор Имомхўжаев жаҳон чемпионатига чиқа олмаганида жамоага айнан халқаро ўртоқлик учрашувларини кам ўтказгани панд берганини айтаркан:

"Менинг фикримча, жамоанинг энг катта хатоси бу - жамоа учун ўртоқлик учрашувлари ташкил этилмагани, деб ҳисоблайман. Чунки жамоага янги келган ўйинчиларни кўриш, синаб кўриш, уларни нималарга қодир эканликларини билиш катта мусобақаларда эмас, айнан ана шу ўртоқлик учрашувларида билинарди. Бу томондан Ўзбекистон Футбол Федерациясининг Миллий Терма жамоалар билан ишлаш маркази, менимча, суст ишлади. Шунинг учун ҳам, жуда кўплаб, кўплаб танқидларга учради. Мана, ҳозирги кунларда ҳам газеталарда жуда кўп танқид қилинаяпти. Масалан, буёғда ўртоқлик учрашуви ўтказишнинг ўрнига "Бунёдкор" стадионига билет сотиш билан шуғулланиш марказнинг ишими?! Бу - кулгули-ку. Стадионнинг ўзи билетларини сотолмайдими? Айтмоқчиманки, ҳар ким ўзининг бўйнидаги ишни бажарадиган бўлиши керак. Ўзининг иши қолиб, иккинчи даражали ишларга берилиб кетмаслиги керак,.."

Бош мураббийи Миржалол Қосимов Осиё Кубогида муносиб иштирок этиш учун, янги йилда худди шу нарсага асосий эътибор қаратилишини айтади.

"Ўзи бугундан тайёргарликлар бошлаб юборилган. Ва, албатта, режа 2014 йил ФИФА кунларида кўпроқ ўртоқлик учрашуви ўтказиш. Нимагаки, фақат келаси йилнинг 5 март куни Бирлашган Араб Амирликларига қарши битта расмий учрашувимиз бор. Қолганига имкон қадар кўпроқ ўртоқлик учрашувлари ўйнаб, янги ўйинчиларни, ёшларни кўпроқ жалб қилиб, жамоани 2015, шу 2015 йил орқали, кейинги жаҳон чемпионатининг саралаш босқич учрашувларига тайёрлаб бориш керак. Бу йил бизга ўша реализация, деган нарса панд бериб қўйди. Шулар орқали янада кучлироқ жисмоний тайёргарлик кўриш ва албатта, иложи борича ҳужумкор ўйин кўрсатиш. Ҳозир, энди, вақтимиз бор, ўртоқлик учрашувлари орқали имкон қадар ҳар хил схемаларни ўйлаб, схемаларни ўзгартириб, ҳар хил схемаларда ўйнашни текшириб, 2015 йилга тайёргарлик кўриш, албатта. Демоқчиманки, мақсад - фақат ҳимояда ўйнаш эмас, иложи борича ҳужумкор ўйин кўрсатиш",- дейди Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ўзининг қисқа тарихида икки бор Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалига чиққан Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоаси бу йил нимчорак финалидан ортга қайтишга мажбур бўлганди

Ўзбекистон клубларининг Осиё Чемпионлар лигасидаги иштироклари бу йил нимчорак финали билан якунлангани манзарасида Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан янги мавсумда уларга берилган квоталар сонининг қисқариши ҳам ишқибозлар эътиборини тортган мавзулардан бирига айланди.

Маҳаллий футбол нашрларида яна баҳсу мунозараларни қизитди.

Кимдир, "Клубларимиз бундан ортиғига лойиқ ҳам эмас", - дея мулоҳаза билдирган бўлса, бошқаси "Ўзбекистонга 1+2 квотаси берилган тақдирда ҳам, ундан 100% фойдаланиш керак. Иложи борича юқори ўринлар учун курашиш, финалгача чиқиш керак. Осиё Чемпионлар лигасида клубларимиз қанча кўп қатнашса, бу чемпионатимиз савиясига сезиларли таъсир қилади. 2018 йилги жаҳон чемпионатида қатнашишни мақсад қилган эканмиз, ички чемпионат савиясини 2 бош кўтаришимиз шарт. Бунга тайёргарликни ҳозирдан бошламасак, эртага яна тешик тоғора олдида қолишимиз мумкин", - дея фикр юритди.

Ўзбекистонлик ашаддий футбол ишқибози бўлган суҳбатдошимиз янги йилда клублардан камида ярим финаллик натижага кўз тикиб қолишларини айтади.

"Биз ўша ярим финалгача чиқишни кўрсатганмиз-да. Бизнинг энг сўнгги рекорд натижамиз ярим финалда. Уни яхшилаш керак. Ўшанда мухлис ўз футболчиларидан рози бўлади. Бўлмаса, ундан пасти керак эмас бизга. Ярим финал, финал, чемпионлик. Энди, бу тайёргарликка боғлиқ бўлади. Мана, қишги йиғинлар бошлангандан кейин таркибга чақириладиган футболчилар ва тайёргарлик, кейинги ўйинлар буни кўрсатиб беради. Умидимиз катта, улар ҳам умидимизга яраша ҳаракат қилишса, анча яхши бўларди...",- дейди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ўзбекистон Ёшлар миллий терма жамоаси бу йил кетма-кет тарихий натижа қайд этиб, жаҳон чемпионатининг чорак финалига қадар кўтарилганди

Агар, энг сўнггида Тошкентдан таниқли футбол эксперти бўлган суҳбатдошимиз Ахбор ака Имомхўжаевнинг берган баҳосига қаралса, барча ютуғи, ютқизиқлар манзарасида кечаётган йил Ўзбекистон футболи учун, барибир, фойдали бўлган.

"Албатта, йил фойдали бўлди. Кўплаб мусобақалар, турнирлар, ҳаммаси ташкил этилди. Ҳалиги айтганимиздек, ўсмирлар билан ёшларимиз ўзларининг энг яхши томонларини намойиш этишди. Янги, янги ўйинчилар кашф этила бошлади. Мана, ҳозир четга чиқиб, бошқа жамоаларда ўйнайдиган легионерларимизнинг сони ҳам, бошқа йилларга қараганда, анча кўпайди. Буларни, албатта, Ўзбек футболининг ютуғи, деб ҳисоблаш керак",- дейди Тошкентдан таниқли футбол эксперти.

Мираброр Усмоновнинг учинчи бор Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти ва "Терма жамоалар маркази" раҳбари Асқар Толибжоновнинг вице-президенти этиб сайланиши эса, йил якунида маҳаллий футбол нашрларини қизитган энг сўнгги ва асосий мавзулардан бирига айланган.

Айрим интернет нашрлари ўзларининг эътироф этишларича, футбол ишқибозлари томонидан қолдирилган фикрларнинг 95 фоизи норози оҳангда бўлган.

Аммо, Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти ўзи қайта сайланган йиғин иштирокчиларига, "Ишончларини оқлашга ҳаракат қилиши, бунинг учун уларнинг ҳам ёрдамлари кераклиги"ни айтган.

Ўтган саккиз йиллик фаолияти давомида амалга оширган ишлари ҳақида ҳисоб бераркан, жаноб Усмонов бу вақт оралиғида Ўзбекистонда 14 та футбол мактаби, 4 та футбол академияси ва 10 та халқаро стадион қурилганини маълум қилган.

Сўнгги янгиликка муносабатини интернетда бошқалар билан бўлишган ўзбекистонлик футбол журналистининг ёзишича эса, "ишқибоз фақат мундиалга рози бўлади, асло бошқасига эмас".