Бахтиёр Шоҳназаров: Ўзбек қонунчилигининг 10-15 йил олдинги муаммолари ҳалигача долзарб

Шу кунларда Канаданинг Торонто шаҳрида ўзининг 50 ёшлик юбилейини қутлаётган Бахтиёр Шоҳназаров Асака шаҳрида кўп болали ҳайдовчи оиласида дунёга келган.

Бахтиёр Шоҳназаров махсус мусиқа мактаб-интернатини битиргач, 1981-86-йилларда Тошкент Давлат консерваториясининг халқ чолғу асбоблари факультетида таҳсил олган. Созанда сифатида Шерали Жўраев, Хайрулла Лутфуллаев, Дадахон Ҳасан, Юлдуз Усмонова каби машҳур хонандалар билан ҳамкорлик қилган.

Тўрт йил ўрта мактабда мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишлагач, 1990-йилда Тошкент Давлат шарқшунослик институтига ўқишга кирган. Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари орасида тузилган талаба айирбошлаш келишувига биноан, 1992 йилда таҳсилини давом эттириш учун Туркиянинг Измир шаҳрига келган. 1996 йили Дўкуз Эйлул университети ижтимоий фанлар бўлимида магистрлик даражасини олган.

1996-98-йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судида бош маслаҳатчи-таржимон лавозимида ишлаган. 1998-2002-йилларда “Экпар” компаниясининг Тошкентдаги ваколатхонасида юрист ва ваколатхона бошлиғи сифатида фаолият юритган. Шу давр ичида Тошкент Давлат юридик институти сиртқи бўлимини муваффақиятли битиргач, адвокат бўлиб ишлаган.

Мустақил журналист сифатида Бахтиёр Шоҳназаровнинг илк мақоласи 1975 йили “Ленин учқуни” газетасида эълон қилинган. 1996 йилдан бошлаб 2005 йилга қадар долзарб мавзулардаги кўплаб мақолалари “Ҳуррият”, “Моҳият”, “Халқ сўзи”, “Народное слово”, “Даракчи” ва бошқа газеталарда босилган. 1997 – 2003-йилларда Ўзбекистон телерадиокомпаниясидаги “Ҳуқуқ ва бурч” кўрсатуви муаллифи ва бошловчиси сифатида кенг халқ оммасига танилган.

2004 йили БМТ ҳамда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Тошкент ваколатхоналари томонидан ташкил қилинган республика журналистлари танловида биринчи ўринга лойиқ топилган.

2002-2005 йилларда “Интерньюс” халқаро ташкилоти билан ҳамкорлик қилиб, Ўзбекистондаги мустақил журналистлар ва ОАВга ҳуқуқий хизмат кўрсатган, уларниг бузилган ҳуқуқларини маҳкамаларда муваффақиятли ҳимоя қилган. Айниқса, “Моҳият” газетасига нисбатан киритилган ва катта шов-шувга сабаб бўлган даъвони газета фойдасига ҳал қилишга муваффақ бўлган.

Туркияда яшаган йилларида мамлакатдаги ўзбеклар ҳаётини тадқиқ қилиб, 2008 йили “Туркиядаги ўзбеклар. Ҳаётий воқеалар” номли китобини турк тилида нашрдан чиқарган.

2011 йили Канаданинг Торонто шаҳридаги коллежнинг “паралегал”, яъни “ўрта маълумотли юрист” бўлимини тамомлаб, лицензия синовини муваффақиятли топширгач, Онтарио провинцияси Адвокатлар ассоциацияси аъзолигига қабул қилинди. Аҳолига ўзбек, инглиз, турк ва рус тилларида турли масалаларда ҳуқуқий маслаҳат бераётган Бахтиёр Шоҳназаров таржимонлик хизматлари кўрсатиш билан ҳам шуғулланмоқда. Бундан ташқари, ёзма баёнотларни тасдиқлаб бериш ваколатига эга.

Нисбатан қисқа давр мобайнида ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноий ишлар, кичик миқдорли даъволар, инсон ҳуқуқлари каби маҳкамаларда судьялар қаршисига чиқиб, мижозларининг даъволарини ютиб чиқишга муваффақ бўлди.

Бахтиёр Шоҳназаровнинг бир ўғил, бир қизи ва шириндан шакар набираси бор.

Би-би-си меҳмони Бахтиёр Шоҳназаровнинг саволларга жавоблари

Би-би-си: Бахтиёр ака, сиз Ўзбекистонда ҳуқуқий мавзуларни ёритадиган журналист сифатида ишлагансиз. Бундай журналист бўлиш осонми ё қийин?

Бахтиёр Шоҳназаров: Тўғрисини айтсам, жуда қийин бўлган. Менинг материалларим асосан "Моҳият" ва "Ҳуррият" газеталарида чиққан. Улар ҳуқуқ соҳасидаги айрим камчиликлар, қонунчиликни қандай қилиб янада ривожлаантириш мумкин, қайси соҳаларда қонунчиликларга ўзгартиришлар киритиш керак, халқ манфаатига хизмат қиладиган қонунлар қайсилар, уларни мукаммаллаштириш учун нима ишлар қилиш керак, деган мавзуларга бағишланган катта-катта таҳлилий мақолалар эди. Кейинроқ - 2004 йилда "Адвокат-Пресс" газетаси нашр қилина бошлади, менинг мақолаларим "Адвокат-Пресс"да ҳам эълон қилинган. Бундан ташқари, 1997 йилдан 2003 йилгача мен ўзим олиб борган, муаллифи бўлган "Ҳуқуқ ва бурч" кўрсатувида ҳам жуда кўп мана шундай муаммоларни кўтариб чиқиб, халқни ўйлантираётган масалаларга эътиборни қаратишга ҳаракат қилганман. Лекин, афсуски, мен кўтарган муаммоларни 90 фоизи эътибордан четда қолиб кетди, десам ҳеч муболаға бўлмайди. Бунга, агар қизиққан тингловчилар бўлса, ўзлари менинг веб-сайтим ва Youtube видео-порталига қўйган кўрсатувларимни кўриб ишонч ҳосил қилишлари мумкин. Веб-сайтимда мақолаларим эълон қилинган, Ўзбекистон телевидениесида эфирга кетган кўрсатувларимнинг катта қисмини Youtubeга қўйганман. Ўқувчилар менинг ана шу кўрсатувларимни томоша қилишса, бундан 10-15 йил олдин кўтарилган мавзулар ҳалигача долзарб эканлигини кўришлари мумкин. Энди, албатта, журналист сифатида бир материал эълон қилганингизда, бунга юқоридан эътибор қаратилади, бу масала учун масъул шахслар ва ҳукумат бу масалага эътибор қаратади ва халқ манфаатларини назарга олган ҳолда қайта кўриб чиқилади, қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилади, деб ўйлайсиз. Лекин ана шу қилган ҳаракатларингиз самарасиз қолиб кетса ва энг ачинарлиси, ана шу меҳнатларингиз эвазига сизга таъна тошлари отилса ва сизга қандайдир бир қийинчиликлар ташкил этилса, албатта ачинасиз бир журналист сифатида.

Би-би-си: Ўзбекистон қонунчилигига тегишли 10-15 йил олдинги муаммоларининг ҳалигача ҳам долзарб бўлиб қолаётганининг асосий сабабларини сиз нимада деб ўйлайсиз?

Бахтиёр Шоҳназаров: Мен кўрсатувларимни тайёрлаш жараёнида анча-мунча мансабдор шахслар билан, Олий Мажлис депутатлари билан учрашганман. Улар билан учрашганимда, улар интервью беришга иштиёқманд эмасликларини кўрсатишарди. Айтишардики, ҳозир бу борада ўз фикримизни айтолмаймиз, чунки ҳали "юқорида" бу масала кўриб чиқилгани йўқ. Мен эса улар билан тортишардим: "сизларнинг ўзингизнинг фикрингиз бўлиши керак. Сиз ўз фикрларингизни айтганингизда, бу фикрлар юқорига етиб боради". Улар эса "ҳа, энди..." деб қўяверишарди. Мана шунақа бир қийинчиликлар бўлган.

Би-би-си: Бахтиёр ака, сиз ҳуқуқий атамашунослик мавзуларини ҳам кўтаргансиз, хусусан Ўзбек тилида фаолият юритадиган оммавий ахборот воситаларида у ёки бу сўз нотўғри ишлатилаётгани ҳақидаги маслаҳатларингизни бергансиз. Сиз бугунги ҳуқуқий атамашунослик аҳволини қандай баҳолайсиз?

Бахтиёр Шоҳназаров: Табиийки, бир гап бор: Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин. Шунинг учун ҳуқуқий масалаларда журналист бўлиш осон иш эмас. Агар чет эллар тажрибасига қарайдиган бўлсангиз, ҳуқуқий мавзуларни ёритиш учун улар алоҳида журналист олишмайди. Балки мана шу соҳада ишловчи, қалам тебратишга иқтидори бўлган шахслар билан шартнома тузиб, ана шу кишилар ёрдамида ҳуқуқий мавзуларни кўтариб чиқишга ҳаракат қилишади. Чунки ҳуқуқий мавзуни ёритаётган пайтда ҳар бир сўзга, унинг оқибатига жуда эҳтиёт бўлиб ёндашиш керак. Афсуски, бизда мана шу борада камчиликлар бор. Баъзи ҳуқуқий терминларга эътибор берилмайди. Ҳуқуқий оқибатлари қандай бўлишига эътибор берилмайди. Масалан, суд қарори чиқиб бўлди, деб матбуотда ёритиб юборилади. Лекин ҳукм ёки қарор чиқиши билан бу нарса якунига етиб қолмайди. Ҳукм ёки қарордан норози бўлган тараф уни аппеляция қилиши мумкин. Яъни, бундан норози бўлиб юқори судга шикоят киритиши мумкин. Агар шундай шикоят келтириладиган бўлса, чиқарилган бу ҳукм ёки қарор ана ўша аппеляция шикояти кўриб чиқилгунга қадар кучга кирмайди. Буни эътиборга олиш керак. Кейин айрим сўзлар ҳам нотўғри ёзилади. Масалан, қамоққа олинган шахс билан озодликдан маҳрум этилиб, жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг ўз номлари бор. Маҳбус билан маҳкумнинг фарқи бўлади. Маҳбус - ҳибсга олинган шахс. Яъни, бирор айб иш ёки жиноят содир этишда гумон қилиниб ҳибсга олинган шахс маҳбус дейилади. Суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум қилиниб жазони ўташ учун юборилган, ҳаёти ўша ерда ўтаётган шахс маҳкум дейилади. Бу сўзлар арабча сўзлар. Бунга эътибор бериш керак.

Би-би-си: Айни шу маънода Ўзбекистонда биз бир неча марта ҳали маҳкама иши якунига етмаган ёки айби исботланмаган киши ҳақида мақолалар чиққани, кўрсатувлар тайёрланганининг гувоҳи бўлганмиз. Мамлакатда матбуот ҳақидаги қонунлар борлигига, бу қонунлар инсон қадр-қиммати, шаънини ҳимоя қилишга қаратилганига қарамасдан, ана шундай кўрсатувлар эфирга берилгани, мақолалар эълон қилинганини сиз қандай баҳолайсиз?

Бахтиёр Шоҳназаров: Бу нарса қонунларнинг айрим моддалари амалда ишламаётганини кўрсатади. Чунки Ўзбекистон Республикасининг конституциясига кўра, ҳар бир шахс айбсизлик презумпциясига эга. Бу дегани бирорта айб қўйилган ёки жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахс айблов судда кўриб чиқилиб, айби суд томонидан исботланиб, уни айбдор деб топиб ҳукм чиқармагунча ва ана шу ҳукм қонуний кучга кирмагунча, уни ҳеч бир шахс ёки ҳеч бир оммавий ахборот воситаси айбдор деб аташи ёки жиноятчи деб аташи, ёки уни айбдор сифатида ёки жиноятчи сифатида кўрсатиши мумкин эмас. Бу борада мисол учун Канадани тажрибасини оладиган бўлсак, бу ерда бирорта жиноят иши биринчи марта судга келиб тушганида, айбланаётган шахснинг адвокатлари судга шундай талабнома киритишади: ушбу ишнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши тақиқлансин. Кўпчилик ҳолатларда судлар бу талабни қондиришади ва бу мавзуни оммавий ахборот воситаларида ёритилишини тақиқлайди ёки баъзи бир далилларни эълон қилишни тақиқлайди. Мана шу нарсалар ҳам бизнинг Ўзбекистонимизда амалиётга киритилса ёмон бўлмасди. Агар қонунлар тўла ишлаганида, ҳали суд ҳукми ёки қарори чиқмасдан туриб бировни оммавий ахборот воситаларида айбдор ёки жиноятчи қилиб кўрсатиш ҳолатлари бўлмаган бўларди.

Нью-Йоркдан Абдурашид: "Туркиядаги ўзбеклар. Ҳаётий воқеалар" китоби тарихий факт бўлган эди. Унинг узвий давоми, яъни ўзга мамлакатларда таваллуд топиб истиқомат қилаётган ўзбеклар ҳаёти ҳақида ҳам китоб ёзиш ниятингиз борми?

Бахтиёр Шоҳназаров: Тўғрисини айтсам, ана шундай ниятим бор эди. Ҳалиям шундай иштиёқ бор. Масалан, Канадага ҳам биринчи марта келган ўзбеклар Иккинчи Жаҳон урушидан кейин Америкага кўчиб келган ўзбеклар жамоасининг кичик бир қисми бўлган экан. Айрим кишилар Америкадан бу ерга кўчиб келиб яшашган экан. Ана шуларни тадқиқ қилиб тарихий фактларни топиш мумкинлиги ҳақида ўйлаганман. Афғонистон шимолидаги ўзбекларнинг Канадага кўчиб келганлари бор экан. 1920-1930 йилларда Большевиклардан қочиб Афғонистон шимолига ўтган ўзбеклар ҳам бўлган. Ҳозир уларнинг авлодлари ҳам бор. Ана шу шахслар билан учрашиб, суҳбатлашиб, қизиқарли-қизиқарли тархий фактларни топиш мумкин. Албатта, тарихий фактларни вақтида қоғозга тушириб, вақтида қайд қилиб қолинсагина, у факт сифатида қолади. Вақт ўтган сари одамларнинг оғзидан-оғзига ўтиб келган воқеа, фактлар ўзини аслини йўқотади ва у ҳақиқатдан йироқлаша бошлайди. Шунинг учун бундай ниятим йўқ эмас. Агар имконим бўлса, шундай бир иш қилмоқчиман. Лекин шуни айтиб ўтмоқчиманки, Туркиядаги ўзбекларнинг ҳаётини ёритгандан кейин мен ҳар хил тоифадаги одамларнинг фикрини очиқ-очиқ берганим учун анча-мунча менга таъна тошлари ҳам отилган. Холис бир тадқиқотчи бўлиш ҳам нақадар оғирлигини мен ўзим ўз тажрибамда ҳис қилганман.

Би-би-си: Сизга келган бир неча муштариймизнинг саволлари нима учун Ўзбекистонни тарк этганингиз ҳақида.

Бахтиёр Шоҳназаров: Айтиб ўтганимдек, кўрсатувларимда кўп қонунларни ўзгартириш кераклиги, халқ манфаатига хизмат қилишини таъминлаш кераклигини кўтариб чиққанман. Мақолаларимда анча-мунча жиддий муаммоларни кўтарганман. Айниқса, "Адвокат-Пресс" газетасида эълон қилинган мақолаларимда Олий суднинг бир бошқармасини ҳам танқид қилганман. Ана шу нарсаларни қўшганимда ва ундан ташқари "Интерньюс" халқаро ташкилоти билан юрист сифатида ҳамкорлик қилар эдим, у ерда юрист бўлиб ишлаб, оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилганман. Журналистларни ҳимоя қилиш учун республикамизнинг мен бормаган вилояти қолмаган. Мен ўзимга топширилган ишни охиригача етказиб, адолат қарор топмагунча тинчимайдиган одамман-да. Шу туфайли ҳам анча-мунча муаммолар келиб чиқишни бошлаган. Ҳатто ўзим аъзоси бўлган Тошкент шаҳар Адвокатлар ассоциациясида ҳам менга айтишган: "сизни юқоридан сўраб анча-мунча текширишаяпти. Эҳтиёт бўлиб юринг!" Анча юқори мансаб, лавозимларда ишлайдиган танишларим ҳам "эҳтиёт бўлмасангиз, жуда қийин бўлади", дейишган. Бир журналистни ҳимоя қилаётган пайтимда менинг устимдан ҳам бир компромат тайёрланаётгани ҳақида хабар беришган. Ана шу нарсаларнинг ҳаммасини эътиборга олгандан кейин вақтинчалик ташқарига чиқиб кетишни маъқул кўрганман. Ундан кейин ўзим танишган журналистлар, муаммоларни очиқ кўтариб чиққан журналистларнинг ҳаётида қандай аянчли воқеалар содир бўлганини кўрганимдан сўнг ўша вақтда танишларимнинг маслаҳатларига қулоқ солиб тўғри қилган эканман, деган хулосага келаман.

Жўра: Айтингчи, мана Ўзбекистонда одамлар сиёсат ҳақида пичирлаб гаплашишади. Ёки сиёсатга аралашмайлик, дейишади. Тожикистонда, Қирғизистонда, Қозоғистонда ҳатто таксичилар ҳам бемалол сиёсатни муҳокама қилишади. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз? Нима учун Ўзбек фуқароларининг нафақат чет элда, балки Ўзбекистоннинг ўзида ҳам ҳуқуқлари камситилади?

Бахтиёр Шоҳназаров: Агар одамлар мамлакатдаги вазият ҳақида пичирлашиб гаплашаётган бўлса, бунга ана шу мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий муҳит сабаб бўлади. Одамлар нега баралла овозини қўйиб гапиролмайди? Албатта, бунинг сабаби бор. Буни ҳамма тингловчилар ҳам билишади, ана шу гапларни пичирлаб гаплашаётганлар ҳам билишади. Қўшни мамлакатларда одамлар ўзларининг муаммоларини очиқ гапиришга ўрганиб қолишган. Шу масалада бир нарсани айтмоқчиман. Ўзбекистоннинг 30 миллион аҳолиси бўлса, дунёнинг 34 мамлакатида элчихонаси ва консулхонаси бор экан. Ўзбекистонни мен кичкинагина Арманистон давлати билан солиштириб кўрдим. Арманистонни 2 миллион аҳолиси бор экан, холос. Лекин 46 та мамлакатда ўз элчихона ва консулхонаси бор экан. Ва бундан ташқари дунёнинг анча мамлакатларида ҳар хил консулликлари ва фахрий консулхоналари бор экан. Энди бу нимани кўрсатади? Бу ана шу мамлакатлардаги ҳукуматларнинг ўз фуқароларига муносабатларини кўрсатади. Табиийки, арманларнинг кўпчилиги чет элларда яшашади. Лекин ўша чет элда яшайдиган арманларнинг жуда кўпчилиги арман тилини унутиб бўлишган. Арманистон билан уларни фақат арман деган миллат номи боғлаб туради. холос. Лекин айтишларича, бугун Ўзбекистонимизнинг 25 фоизгача аҳолиси чет элларда юрипти экан. Бу дегани миллионлаб аҳоли дегани. Ана шу миллионлаб кишининг чет элда ҳимоя қилинишга ҳуқуқи йўқми? Албатта, бор. Ўзбекистон конституциясида бу нарса ёзиб қўйилган. Бунинг учун Ўзбекистон фуқаролари кўп бўлган мамлакатларда, минтақа ва шаҳарларда Ўзбекистон ўзининг консулхоналарини очиши керак. Одамларга ҳар хил масалаларда хизмат кўрсатиши керак. Бу дипломатик алоқалар ҳақидаги Вена конвенциясида ҳам қайд қилинган.

Жўра: Ҳозирги Ўзбекистондаги иқтисодий аҳволни қандай баҳолаган бўлардингиз?

Бахтиёр Шоҳназаров: Бу нарсани баҳолаш жуда ҳам қийин. Чунки ривожланган мамлакатларда, жумладан Канадада энг кам иш ҳақи соатига ҳисобланса, Ўзбекистонда ойига ҳисобланади. Масалан, мен яшаётган Канаданинг Онтарио провинциясида энг кам иш ҳақи соатига Канада доллари билан 10 доллар 25 центни ташкил қилади. Бу ҳозирги курс бўйича деярли 10 АҚШ долларига тенг. Ўзбекистонда ҳисоб-китоб энг кам ойлик иш ҳақи деб ҳисоб-китоб қилинади. Агар шуни диққатга оладиган бўлсак, Онтариода энг кам маошга ишлаётган одам Ўзбекистондаги ойлик энг кам иш ҳақини 3 соатда ишлаб топиши мумкин. Бу ерда қурилишларда ишлаётган одамлар эса соатига 30-40 доллар иш ҳақи олишади. Бу дегани 1 кунда 300 долларгача даромад топиши мумкин, дегани. Ўзбекистон билан бошқа давлатлар ўртасида жуда кучли фарқлар бор. Шунинг учун бу нарсани баҳолаш жуда ҳам қийин. Кейин истеъмол савати деган тушунча бор. Масалан, бир киши бир ой энг минимал шартларда яшаши учун нималар истеъмол қилиши керак? Яна нималар сотиб олиши керак ва буларнинг ҳаммасига қанча пул сарфланиши керак, деган нарсалар бор. Афсуски, Ўзбекистонда бундай статистик маълумотлар эълон қилинмайди. Мана шуларнинг барини ҳисобга оладиган бўлсак, мен Ўзбекистондаги ҳозирги иқтисодий ҳолатни баҳолай олмайман.

Рустам, Ўзбекистон: Бахтиёр ака, сиз бизнинг халқимизнинг қонунга муносабати ҳақида қандай фикрдасиз? Халқимиз қонунга итоат қилишни яхши кўрадиган халқми ё қонунни бузишни?

Бахтиёр Шоҳназаров: Ўзи аслида мукаммал қонуннинг ўзини яратиш қийин. Чунки барибир бирор нарса назардан четда қолган бўлади. Қонун ҳамма нарсани тўла қамрай, қоплай олмайди. Ва бирорта қонун қабул қилинадиган бўлса, албатта, у амалдаги бошқа қонунлар билан узвий боғланган бўлади. Қонунларнинг амалда қандай татбиқ қилиниши эса ҳар бир мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий вазиятга боғлиқ. Яна рус халқида бир гап бор: қонунларни қабул қилишдан мақсад, уларни қандай қилиб айланиб ўтиш йўлини кўрсатиб беришдир. Бу нарса ҳам тўғри. Чунки қонунлар ҳаддан ташқари чекловчи бўлса, ёки даромад олишни чеклаб қўядиган бўлса, одамлар бу қонунни айланиб ўтиш йўлларини излай бошлашади ва охир-оқибатда мана шундай йўлларни топишади ҳам. Энди халқимиз қонунга бўйсунувчи халқми ёки йўқ, деган саволга жавобни мен билмадим. Бу жуда ҳам мураккаб савол, мен бу саволга жавоб бера олмайман.

Uzbek, Osh: Қирғзистонда 2010 йилдан сақланиб келаётган ҳуқуқбузарлик, ўзбеклар ҳуқуқларининг поймол бўлиши олдини олиш учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

Бахтиёр Шоҳназаров: Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар ўзларининг ҳуқуқларини тиклаш учун халқаро миқёсда катта ишлар олиб боришлари керак. Танитиш ишларини олиб боришлари керак. Ана ўша танитиш ишлари олиб борилмаса, ҳуқуқлари ҳозир қандай бўлса, шундайлигича қолиб кетаверади. Ҳеч ким ташқаридан келиб тузатиб бермайди. Масалан, советлар даврида бутун дунё социалистларининг гимни бўларди "Интернационал" деган. Ана шунда шундай сатрлар бор эди: "Никто не даст нам освобождения, ни бог, ни цар, ни герой. Добьемся мы свободы своей собственной рукой". Яъни, бизга озодликни ҳеч ким келиб икки қўллаб тақдим қилмайди. Худо ҳам, подшоҳ ҳам, бошқаси ҳам. Ўз озодлигимизга биз ўзимиз эришишимиз керак, деган маъно. Лекин биз Қирғизистон жанубидаги ҳозирги вазиятни кўриб турибмиз. Ўзбекларни ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқларининг талаб қилинишига йўл қўйилмаяпти. Агар бирор бир ўзбек ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб чиқса, унга ўша ердаги қирғиз фашистлари, уларга хайрихоҳ бўлган куч ишлатиш тизими ва ҳукуматдаги мансабдор шахслар жудаям қаттиқ тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатиб, ўзбекларни жуда қўрқитишаяпти. Мана шундай бир шароитда биз ҳам шу нарсага амин бўлдикки, Қирғизистонни Ўрта Осиёдаги демократия ороли деб атаганларида биз шунга маҳлиё бўлиб қолган эканмиз, аслида бундай эмас экан. Қирғизистондаги демократиянинг ичи пўк эканлиги маълум бўлди. Энди мана шундай вазиятда нима қилиш мумкин? Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар ўзларига бўлаётган инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда ва жирканч равишда бузилишларини халқаро миқёсга олиб чиқишлари керак. Йирик, ривожланган давлатларнинг парламентлари, ҳукуматларига чиқишлари керак, ўша мамлакатлардаги оммавий ахборот воситаларига мана шу фактларни беришлари керак. Интервьюлар беришлари керак. Шу йўллар билан кенг халқаро жамоатчилик эътиборини Қирғизистон жанубидаги ўзбекларнинг ҳуқуқлари поймол бўлаётганига қаратишлари керак. Ана шундагина бирор натижага эришиш мумкин.

Uzbek, Osh: Сиз мусиқа оламида жуда кучли иқтидор эгаси экансиз. Нега ҳуқуқни, юристликни, журналистикани танладингиз? "Яхши журналист ҳеч қачон яхшиламайди", дейишади. Шу фикрга қандай қарайсиз?

Бахтиёр Шоҳназаров: Мен ёшлигимда саводим чиқиши биланоқ газета-журналларни кундалик равишда ўқиб боришни одат қилганман. Бирорта русча газета бўлсин, бирорта ўзбекча газета бўлсин, менинг эътиборимдан четда қолмасди. Шунинг учун ёшлигимдан хам бутун Совет Иттифоқидаги, ҳам жаҳонда бўлаётган ҳодисалардан бохабар бўлиб турардим. Ҳатто мактабда ўқиётган пайтимда кўп нарсадан бохабар бўлганим учун айрим синфдошларим менга "Дом Советов" - "Советлар уйи" деб ҳам лақаб қўйишган эди. Менда адолат ҳисси доим устун бўлиб келганлиги учун охир-оқибатда ҳуқуқшунослик соҳаси бўйича ҳам ўқишга кириб кетдим. Юридик институтни битирганимда прокуратурада ишлаш имконим бор эди. Лекин мен мустақилликни яхши кўрганим учун адвокат бўлишни ва шахсларни ҳимоя қилишни афзал кўрдим. Энди "яхши журналист ҳеч қачон яхшиламайди", деган гапни олдин эшитмаган эканман. Менимча, журналист қандай масалада ёзмасин, тарозининг икки палласини ҳам тенг тутишга ҳаракат қилади. Масалан, яхши нарса ҳақида хабар бераётганида унинг ижобий томонини ҳам, агар салбий томонлари бўлса, ана шу салбий томонларини ҳам ёритиб ўтади. Бу дегани, ўзининг материалида, албатта, қарама-қарши фикрларни беради. Маддоҳ журналистика эса бунинг тамоман акси. Улар тарозининг бир палласига қўяверишади-қўяверишади. Оқибатда тарозининг иккинчи палласи учиб кетса ҳам бунга эътибор беришмайди.

Бу мавзуда батафсилроқ