UzWebiston: Ўзбекистонда янги Ички ишлар вазири тайинланиши нимани англатади?

Баҳодир Матлюбов
Image caption Президент Каримов 13 декабр куни 2006 йилдан бери Ички ишлар вазирлигини бошқарган Баҳодир Матлюбовни вазифасидан бўшатди

Кўплаб кузатувчилар Ўзбекистонда Ички ишлар вазири алмаштирилишини 2014 ва 2015 йилларга режаланган парламент ва президентлик сайловлари олди барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар бир қисми сифатида кўришмоқда.

Расмий Тошкент эса, янги вазирнинг тайинланиши ортидаги сабабларни изоҳлагани йўқ.

Баъзи шарҳловчиларга кўра, мазкур ҳолат рақиб сиёсий кланлар ўртасидаги курашни англатади, бошқалари эса, хавфсизлик агентликларидаги кенг кўламли кадрлар ўзгаришининг бошланиши сифатида талқин қиладилар.

Президент Каримов 13 декабр куни 2006 йилдан бери Ички ишлар вазирлигини бошқарган Баҳодир Матлюбовни вазифасидан бўшатган ва ўрнига унинг биринчи ўринбосари Адҳамжон Аҳмадбоевни тайинлаганди.

Мазкур ҳодиса яқинда 76 ёшли отаси давомчиларидан бири деб кўрилган Гулнора Каримовага тегишли бизнес империяси парчаланиши ортидан Ўзбекистон ичкарисида қудрат учун кураш бораётгани хусусида урчиган гап-сўзлар манзарасида кутилаётгани билан муҳим.

Таҳлилчилар Матлюбов милиция соҳасида ислоҳотларнинг уддасидан чиқа олмагани учун танқидга тутилганини тилга оладилар.

"Сирли сандиқ"

Янги вазир ҳақида жуда оз маълумотлар мавжуд. Муҳожиротдаги ўзбек журналисти Исмат Хушев уни кўпчилик учун "сирли сандиқ" деб атади.

Ички ишлар вазирлиги Адҳамжон Аҳмадбоев ҳақида маълумот бермади, расмий матбуот эса, юқори лавозимдаги ўзгаришлар хусусида сукут сақлаб қўя қолди.

Аҳмадбоевнинг қисқа биографияси баъзи минтақавий ахборот саҳифалари ва мухолифат манбаъларида пайдо бўлди.

Уларга кўра, 48 яшар Аҳмадбоев мамлакат тарихидаги энг ёш вазирлардан, асли келиб чиқиши тошкентлик, 1988 йил Тошкент Давлат Иқтисодиёти Университетини, 2004 йил Ички ишлар вазирлиги академиясини тугатган.

Қароргоҳи Россияда жойлашган Фарғона.Ру ахборот агентлигига кўра, у 1990-2000 йиллар Тошкент минтақаси милиция бўлимида фаолият олиб борган.

2000 - 2004 йиллар Тошкент шаҳар милиция бўлими бошлиғи ўринбосари бўлган.

2004-2006 йиллар эса, президент маъмуриятида ишлаган.

Кейин Ички ишлар вазирининг молиявий масалалар бўйича муовини этиб тайинланган. Вазир биринчи ўринбосари лавозимига 2001 йилда кўтарилган.

Сайлов хавотирлари

Сиёсий шарҳловчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Президент Каримов янги вазирдан парламент ва президентлик сайловлари пайти хавфсизликни таъминлашни истайди.

"Мақсад мана шу катта сиёсий тадбирлар, сайловлардан олдин Ички ишлар вазири лавозимига янги шахснинг қўйилиши у ўз амалида мустаҳкам ўрнашиб олиши, вазиятга кириб боришига имконият яратишдир", деб айтганди Раббимов "Озодлик" радиоси билан суҳбатда.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам бу фикрларга қўшилади.

Россиянинг Биржевой лидер портали кадрлар алмашувидан мақсад эҳтимолий қудрат топшириш олди милиция хизматини мустаҳкамлаш қабилидаги ўзбек ва хорижий шарҳловчилари изоҳларини чоп этди.

Кланлар рақобатими?

Ўзбекистонлик тарихчи ва журналист Алишер Таксанов эса, Ички ишлар вазирининг вазифасидан олиниши кланлар ўртасидаги қудрат талашуви аломати эканини айтди.

Таксановнинг сўзларига кўра, асли тошкентлик Аҳмадбоевнинг тайинланиши Тошкент клани рақиб Самарқанд кланидан устун келаётганини англатади.

"Миллий Хавфсизлик Хизмати анъанавий тарзда Тошкент элитаси бўлиб келган бир пайтда самарқандликлар ушбу лавозимни 20 йил эгаллаб келишди. Энди ҳар икки агентлик тошкентликлар қўлида", деб айтди Алишер Таксанов.

Унинг қўшимча қилишича, Молия, Иқтисод ва Савдо вазирлари барчаси пойтахт Тошкентдан ва бу келажакдаги президент ҳам афтидан тошкентлик бўлишидан дарак бериши мумкин.

Эҳтимолий номзод ўлароқ, Таксанов Бош вазир биринчи ўринбосари ва Молия вазири Рустам Азимовга ишора қилади.

Ва ё сиёсий тозалаш?

Uznews.net мустақил ахборот агентлигига кўра, Баҳодир Матлюбов вазирликни "хароб қилгани" учун ишдан олинган. Агентлик номини ошкор қилмаган тошкентлик манбаълардан иқтибос келтиради.

"Ўзбек милицияси ўзининг асосий жамоат тартиби ва фуқароларни муҳофаза қилишдек вазифасини бажараётгани йўқ. У коррупцияга ботган ва жиноятларни олдини олиш ва очиш лаёқатини йўқотган", деб ёзади вебсаҳифа.

Матбуотга гапирган ҳуқуқ фаоли Сурат Икромов: "Матлюбов саккиз йил давомида Ички ишлар вазирлигида ислоҳатлар ўтказмади. Қайтага Ички ишлар вазирлигида кўп хатоликларга йўл қўйилди", деб айтди.

Журналист Исмат Хушевга кўра эса, ўзгариш тепа лавозимларда кенг кўламли кадрлар ўзгариши бошланаётганидан дарак бериши мумкин.

"Ислом Каримовнинг куч ишлатар тизимлари бўйича қабул қилган бугунги қарори кейинчалик Бош прокурор, Олий Суд раиси ва ҳаттоки Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбарларига ҳам тааллуқли бўлиши мумкин", дейди журналист.

Uzmetronom.com мустақил нашрига кўра, Матлюбов саломатлиги важидан истеъфога чиққан бўлиши мумкин.

Вебсаҳифа Матлюбов бир неча бор ишдан бўшатишни сўраб мурожаат қилгани, аммо аризалари Президент Каримов тарафидан рад қилингани борасидаги хабарлардан иқтибос келтиради.

Бу мавзуда батафсилроқ