Chingiz Boy: Ўзбекистонни дунёга Каримов оиласи танитмоқда

  • 24 Декабр 2013
Гулноранинг "чуғурлашлари"

Бундан тўрт-беш йил аввал ҳам Ўзбекистонни мамлакат ташқарисида танишлари ва ё танимасликлари ҳақида гап кетса, айрим хорижлик журналистлар ҳазиллашиб “Ўзбекистонни дунёга “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати” танитади” дейишар эди...

Орадан уч-тўрт йил ўтди.

Ўзбекистонга бориб мустабид тузум остида бўлган матбуот, радио-телевизионга “ишонадиган бўлсангиз” дунёнинг маркази ҳам, тараққиётнинг илғори ҳам, икки дунёнинг жаннати ҳам шу ўлка экан деб ўйлашингиз тайин...

Аммо бунақа ишонч бугун афтидан нафақат Ислом Каримов жирканашини айтган мардикор муҳожирлар пули билан рўзғор тебратаётган миллионлаб ўзбекистонликларнинг ўзида, балки “юртбошининг “ оиласида ҳам йўққа ўхшайди.

Агар бу каби ишонч Каримовнинг оиласида бўлар эди, балки унинг қизи Гулнора Каримова Twitterdaги микроблогида Ўзбекистонни тарк этган бир муштарийга “ кетиб яхши қилибсиз” деб маслаҳат бермас эди...

Боя хорижий журналистлар ҳазилини айтганимиз “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати” ва ё Президент Каримовнинг ўзи эмас, сиёсати эмас, эришган ютуқлари ва ё ҳатто маҳбусларни қамоқхоналарда тириклайин қайнатиши билан ҳам ватанни дунёга бугунгидай танитолмади.

Бугун Ўзбекистонни дунёга Каримовнинг қизлари танитмоқда.

Ғарб матбуотининг илғор вакиллари билан суҳбатлар, ижтимоий тармоқларда баъзан соатига мамлакат казолари ва оила орасидаги “урушнинг” тафсилотларига ошуфта бўлаётган журналистлар сони ортмоқда.

МХХ Каримовга қаршими ва ё Гулнорага?

МХХ Каримовни Гулнорадан "ҳимоя" қилмоқдами?

Гулнора Каримованинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги беқиёсдир. Бир мавзу билан минглаб инсонларнинг эътиборини жалб этиб туришнинг ўзи бугунги ҳудуд билмас ахборот дунёсида салкам санъатдир.

Аммо бу қизиқиш замирида ётган сабаблар ҳам турлича – эҳтимол, ана шу сабабларнинг энг асосийларидан бири куч тизимлари, хусусан Миллий Хавфсизлик Хизмати ( СНБ) билан боғлиқдир.

МХХ йилларки Каримов тузумининг сталинча иш тутишини қўриқлаб келди.

Ўзбекистонда шу пайтга қадар ҳеч ким, ҳеч қачон бу ҳозир қарийб ярим расмий англанилишича ваҳшатнок Хавфсизлик Хизматига тил теккизиб билмасди.

Тегизилган тил кесилар эди.

Шунинг учун ҳам Гулноранинг “бойлар ҳам йиғлайди” русумидаги асосан тутуриқсиз алжирашларидан калит сўзлар қидирилиши бошланди...

МХХ, Каримов...миллионлар ва табиийки, Гулноранинг оиласи ва Гулнора таъбирларида салкам ялмоғизга айланган Татьяна Акбаровна...

Ижтимоий тармоқларга юкланган сўнгги видеода афтидан МХХ ходими бўлган шахс яна афтидан Гулноранинг ўғли Исломга бобонгни олдига ўтмайсан, ўтсанг отворишлари мумкин деб огоҳлантиради.

Тасаввур қилинг, Каримовнинг набираси ўз бобоси ва бувисини зиёрат қилолмай қолган. МХХ йўл бермаяптими?

Миллий Хавфсизлик Хизмати Гулнора Каримова айтмиш, Ўзбекистонда ҳукмронликни қўлга олдими?

Ислом Каримовнинг даври ниҳоясига етдими?

Бу талотўплар орасида яна бир фикр ўртага отилмоқда.

Каримов бебош қизини жазоламоқда. Ҳатто айрим изоҳларга қарасангиз, " мен ҳам қизим шунақа бўлса, ундоқ қилодурман, бундоқ қиладурман” деган оталарча даккилар янграмоқда.

Аммо...

Ота-она ўз фарзанди учун жавобгарми?

Санъаткор

Ўзбекистондаги ёзилмаган қонунларга кўра, ота-она ўз фарзанди учун жавобгар...Тасаввур қилинг, балоғат ёшига етган қизлар ҳам чет элга чиқмоқчи бўлса, ОВИР деган фақат Ўзбекистонга хос тизим қошига ота-онасининг розилиги ҳақида хат олиб бориши керак бўлади.

Анъаналар ўлароқ эса табиийки, ота-оналар ўз фарзандларининг тарбияси учун маъсул.

Демак, Ислом Каримов ўз қизини тартибга чақириб қўйиши Ўзбекистон учун нормал бир ҳодисадир.

Аммо бу нормал ҳодиса фарзанднинг ёши қирқдан ўтганида ва набираларнинг “бўйи етиб” қолганида қандай бўлади?

Яъни, ота-она Гулноранинг токи ҳозирги ҳолатга тушганига қадар қаерда юрган эди?

Ҳозирги ҳолат қандай дейсизми?

(Марҳамат, bbcuzbek.comнинг қидирув бўлимига Гулнора Каримова ва ёки Лола Тиллаева – Каримова номини ёзиб кўринг.)

Google қидирув воситасида эса Гулнора Каримованинг расмларини ҳам томоша қилишингиз мумкин.

Гулноранинг ярим-яланғоч деб тасвирланаётган ва ижтимоий тармоқларда ҳақоратларга сабаб бўлаётган расмлари умуминсоний – ғарбий қадриятларда нари борса “эркаликдир”, аммо маҳаллий анъаналар ва Ўзбекистоннинг ҳукумат назорати остида бўлган матбуоти меъёрлари билан ўлчаб кўрсангиз...бориб турган шармандалик саналади.

Яқинда Ўзбекистон ва Гулнора Каримова ҳақида тасаввури оз бўлган ғарблик талабалардан бири бу тобора дунёга донгги кетаётган оила ҳақида ижтимоий тармоқлар, хусусан, Twitterда танишиб чиқиб, “Гулноранинг ота-онаси жуда шафқатсиз одамлар экан”, деб хулоса қилди.

Қанчалар шаффоф хулоса...

“Буюк ибтидонинг интиҳоси...ми?”

"Қудратимизга шубҳа қилсангиз..."

Маълум сабабларга кўра, исмини ошкор этолмайдиган суҳбатдошимиз, ўзбекистонда таниқли зиёлилардан бири ўз фикрлари билан ўртоқлашар экан “...Ўзбекистондаги ўртача ойликни бир четга қўйинг, вазирларникини, дипломатларникини ҳам ҳисобга олманг, ҳаммани ҳайрон қолдираётгани Отанинг қизлари ғарбда бунақа кошоналарни қайси пулга сотиб олди экан деган савол. Мана қаранг, авваллари биз қанақадир мафия бошлиқларининг бойлигию давлати ҳақида гаплашардик. Ўзимиздагиларни айтаяпман...Шуларни Ота жиловлаб қўйса бўларди деб зорланардик. Буларнинг қасрлари ҳам кўзимиз олдида эди. Бир қараб қўярдик, икки қараб қўярдик, сўкардик...арз қилардик. Ҳаром пуллар дердик... Бу қизларни қаранг, солган иморатларини кўринг, чет элдаги қасрларини расмларига боқинг, эй барака топгур, ҳамма вазирларнинг ойлигини ўн йил йиғсанг ҳам бунақа уй бермайдику, қаердан олдинг дейдиган мард йўқ. Ишлаган бўлса булар, бизнесмен бўлса – нимага бу ҳақда эшитмадик биз? Битта фермер машина сотиб олса ҳалол меҳнат, Отамизнинг шарофати деб телевизорда гапирмаган кун йўқ, бунақа миллионлаб турадиган қасрларни олса Европадан, ҳа, бир мақтаб қўйсинлар уларни ҳам... Мана Президентнинг қизлари чет элдан кошоналар сотиб олишди ҳалол пулларига дипломат –пипломат бўлиб де! Қанақа қилиб ишлаб топди? Нимага миллионлаб ватанни ташлаб Россияда кўча супуриб юрибди? Ҳозир очиқчасига сўкинадиганлар ҳам кўпайиб қолди. Яшириб ўтирмайди. Биз қўрқмаганимиздан эмас, қўрқиб келганимиз “йиқиламан”деб қолганидан шунақа “ботир” бўлиб бораяпмиз, биродар... Ишқилиб охири бахайр эмас”, дейди.

Ҳозирча Twitter ишлаб турибди. Гулнора фаол. Баъзан сўкиниб, баъзан мулойимлашиб Ўзбекистон режими бошида бўлган оиланинг ойнага қаратсангиз ўзи қўрқиб кетадиган ҳолатини фош этишда давом этмоқда...

Гулнора Каримова ўзи ва Ўзбекистоннинг барча муаммоларида МХХни айбдор қилиб кўрсатишда давом этар экан, бу даъво ўзига хос бумеранг вазифасини ўтай бошлаган кўринади.

МХХ Гулноранинг твитларида қанчалар даҳшатли “маҳлуқ” бўлмасин, унинг тизгини Каримов оиласининг илкида бўлганини инкор этиш ва ё МХХ тизгини ҳозир ҳам Президент Каримовнинг қўлида деб ишониш балки соддадилликдир...