Ўзбекистон коррупцияга қарши курашаяпти.. конференциялар билан

Image caption Ўзбекистондаги коррупция мамлакат сарҳадларидан чиқиб, Оврўподаги қатор жиноий текширувларнинг ҳам объектига айланиб улгурди.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, мамлакатда коррупцияга қарши кураш масаласи муҳокама қилинаяпти.

Айтилишича, 2012 йил октябрида "Коррупцияга қарши кураш ҳақидаги" қонунни ишлаб чиқишга киришилган ва бу жараён яна қанчага чўзилиши номаълум.

Сўнгги илмий-амалий анжуман Олий ҳарбий божхона институтида бўлиб ўтгани, унда Олий суд, Миллий Хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси масъул ходимлари, Олий ҳарбий божхона институти профессор-ўқитувчилари, парламент аъзолари қатнашгани хабар қилинади.

Конференцияда айтилишича, 2012 йил 29 октябрда Президент Ислом Каримов "Коррупцияга қарши кураш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини тайёрлаш билан боғлиқ ҳуқуқий меъёрлар ва механизмларни такомиллаштириш дастури тўғрисида"ги фармойишни имзолаган.

Декабр ойи бошида жаҳондаги коррупция даражасини баҳолайдиган халқаро Транспаренси ташкилоти ўзининг навбатдаги ҳисоботини эълон қилди.

Бу ҳисоботда Ўзбекистондаги коррупция билан боғлиқ аҳвол дунёнинг урушлардан вайрон бўлган қатор давлатларидагидан ҳам ёмонроқ экани таъкидланган.

Йиллик ҳисоботда Ўзбекистон яна дунёдаги коррупция ботқоғига ботган ўнта давлатдан бири, дея тан олинган.

Ҳисобот муаллифларига кўра, Ўзбекистонда коррупция борасидаги вазият яхши томонга ҳам, ёмон томонга ҳам ўзгармаган.

Сўнгги пайтда Ўзбекистондаги коррупция мамлакат сарҳадларидан чиқиб, Оврўподаги қатор жиноий текширувларнинг ҳам объектига айланган.

Бу мавзуда батафсилроқ