Ўзбек милицияси Юнон ватандоши ҳибси борасидаги сукутни бузди

Image caption Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Янис Галаноснинг нега ҳибсга олингани сабабини изоҳлашига тўғри келган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Юнонистон ватандоши Янис Галаносни "мамлакатда бўлиш учун талаб қилинадиган тегишли ҳужжатсиз тургани учун" ҳибсга олинганини эълон қилган бир пайтда Гулнора Каримова Галанос номини "Телеграф" рўзномасига интервьюсида тилга олган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги веб-сайтида эълон қилган ахборотга таяниб қатор Интернет ресурслар хабар қилишича, Ўзбек милицияси Юнонистон фуқароси Янис Галаносни "Ўзбекистон Республикасида бўлиш учун талаб қилинадиган тегишли ҳужжатсиз тургани учун" ҳибсга олган.

Ички ишлар вазирлиги веб-сайтидаги баёнотда ёзилишича, "Галанос.Я.С шахсини аниқлаш учун Реабилитация Марказида сақланмоқда ва Ватанига қайтиб кетиши учун ҳужжатларини тез расмийлаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда".

Вазирликка кўра, Юнонистон ватандоши Янис Галанос 1982 йилда Тошкентда туғилган ва 2009 йилгача Ўзбекистон фуқароси бўлган.

"Ҳибсга олиш пайтида Галанос Ўзбекистон ҳудудида тегишли ҳужжатларсиз, муддати тугаган Юнонистон паспорти ва кириш визаси ҳамда вақтинча рўйхатдан ўтмасдан турган. У мамлакатда бўлиш қоидасини бузган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ҳибсга олинган", дея хабар қилади CA-News веб-сайти.

Италия элчихонаси оғзаки нотаси асосида 2013 йил 16 декабрида консуллик ходимлари Галанос билан кўришганлар ва Италия элчилиги уни Ватанига қайтиб кетиши учун ҳужжатларини тез расмийлаштириш масаласини кўриб чиқмоқда", деб хабар тарқатган CA-News Интернет саҳифаси.

Ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари чет эл фуқаросини ноқонуний ҳибсга олиб турганлари ҳақидаги Гулнора Каримованинг "твитлари"дан кейин Галанос мавзуси кенг жамоатчилик эътиборига тушди.

Ўзи билан ҳамкорлик қилганларга босимлар ва хусусан Галанос мисолини ҳам Гулнора Каримова Лондонда нашр қилинадиган "Телеграф" рўзномасидаги блоггерга интервьюсида келтирган.

Қатор нуфузли медиа ташкилотлари қатори "Телеграф" ҳам ўзининг веб-сайтида ижодкор блоггерларга Интернет макон тақдим этган.

Ана шу блоггерлардан бири samuelsheppart ўзининг Central Asia 360 саҳифасида Гулнора Каримова билан интервью эканлиги айтилган матнни эълон қилган.

Бу интервьюнинг электрон почта орқали юборилган саволларга ёзма қайтарилган жавоблар экани хабар қилинган.

Ўзини ким ва нима мақсадда ёмонотлиқ қилаётгани ҳақидаги саволга Гулнора Каримова, бир неча йиллардан буён Ўзбекистонда эркин мустақил ёшларни қўллаб-қувватлаш тадбирларини амалга ошириб келганини айтади ва бундай фаоллик давлат тизимлари, хусусан Миллий Хавфсизлик хизмати раҳбарлари қаршилигига дуч келди, дейди.

Гулнора Каримова Миллий Хавфсизлик хизмати раҳбарларини Ўзбекистондаги мўмай даромад келтирадиган соҳаларни ўз назоратларига олгани, қатор ширкатлардан пул ювиш мақсадида фойдаланишлари ҳақидаги бундан олдин Твиттердаги даъволарини такрорлайди.

"Телеграф" блогидаги интервьюда кўплаб инсонларнинг, ширкатларнинг номлари келтирилган.

Бир кун олдин ўғли Исломнинг бобоси Ислом Каримов олдига қўйилмаётганининг исботи сифатида видеони Интернетда эълон қилган Гулнора Каримова Твиттерда ҳамон фаоллигини давом эттираётганини кузатиш мумкин.

Гулнора Каримованинг охирги твитларида ёзишича, холаваччаси Акбарали Абдуллаев Миллий Хавфсизлик қамоқхонасидан чиқарилиб, уй қамоғига ўтказилган.

У октябр ойи ўртасида Фарғонадаги қариндоши Акбарали Абдуллаевнинг ҳибсга олинганидан дарғазаб бўлиб Твиттерда ёзган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас