Ўзбекистон: Ким қишдан қандай чиқмоқда ёки жонга оро биогаз

Ўзбекистонда энергия тақчиллиги одамларни муқобил йўлларни топишга мажбурламоқда
Image caption Ўзбекистонда энергия тақчиллиги одамларни муқобил йўлларни топишга мажбурламоқда

Ўзбекистондаги энергия тақчиллиги қишнинг совуқ кунларида қолган одамларни муқобил вариантлар қўллашга мажбурламоқда. Кимдир деярли яроқсиз ҳолда келаётган кўмирнинг кукунини фойдаланиш йўлини топган бўлса, яна кимдир пропан газидан иситиш тизимини ясаб олган. Ўзига тўқроқ одамлар эса чорва ва парранда ахлатидан газ олишни йўлга қўйган.

Жиззах вилоятидаги туманларда бошқа жойлардаги каби газ бир бор бўлса бир йўқолади. Чўл ҳудудларида шўролар даврида қурилган марказий иситиш тизимларининг ишдан чиққанига ҳам 25 йил бўлиб қолади. Бу ерларда уйни иситишнинг ягона йўли табиий газ эди.

Бироқ Ўзбекистон четга газ сотиш ҳажмини ошира бошлагандан буён, унинг ҳам таги кўриниб қолди.

Шунинг учун ҳамма ўз билганича уй иситишга киришиб кетган. Пули борлар кўмир олган, камбағалроқлари ёзи билан ўтин йиққан.

Йўқчиллик одамларни янги янги кашфиётларни ўйлаб топишга мажбур қилаяпти. Пахтакорлик Мурод бизга яроқсиз бўлган кўмир кукунини қандай қилиб фойдаланиш йўлини айтиб берди.

“Кўмирни ғалвирда элаймиз. Элагандан кейин тупроққа ўхшаб фақат кукуни қолади. Йиригини алоҳида олиб қўяман. 1 - 1,5 литрлик баклажканинг остига озроқ сув қуйиб, воронка орқали кўмирнинг кукунини соламан”.

Баклажкага учга бўлиниб сув солинади ва бу орада зич бўлиши учун ерга уриб турилади.

“10-15 кундан кейин кукун сув билан реакцияга киришиб қотиб ўтинга айланади. Печканинг ёқиб чўғ қилиб оласиз ва чўғнинг устига бакалажкани ташлаб қўйсангиз ёниб ётаверади. Лекин кўмирнинг ҳиди чиқиб туради. Аммо унча тутамайди.Чўғни яхши қилсангиз тутамайди. Баклажканинг ўзи ҳам эриб, ёнгандан кейин тутун чиқармайди”.

Муроднинг айтишича, бир литрлик бундай “ўтин” 45 дақақи ва бир соатгача уйни иссиқ ушлаб туриши мумкин. Бундай усулнинг самараси кам бўлса ҳам, чиқитга чиқиб кетаётган маҳсулотдан фойдаланишнинг бир йўлидир.

“Мисол учун кукуннинг ўзини печканинг ичига солиб ёқолмайсиз. Ўша нарсани ёқишнинг бир йўли, унинг самарадорлиги йўқ. Олдин бунақа кукун келмасди. Йирик йирик кўмир келарди. Бу сафар майда кўмир келиб қолди, шуни элаб фойдаландик”, - дейди Мурод.

Бундан ташқари кўмирнинг кукунини ёз вақти молнинг тезаги билан аралаштириб таппи қилинса узоқроқ ёниши айтилади.

Арнасой туманидаги газга ўрганиб қолган аҳолининг айримлари ундан ҳозир ҳам фойдаланаяпти. Туманга қувур орқали газ келмай қўйган. Бироқ қурби етганлар уйига газ баллон олган.

Маҳаллий ҳокимият уни анча имтиёзли нархда тўлдириб келиб беради. Агар ёнилғи қуйиш шаҳобчасида бир литр пропан газ 1400 сўмдан бўлса, ҳокимият маҳаллий аҳолига 750 сўмдан тўлдириб келиб беради.

Айрим уддабуронлари уйига каттароқ газ баллон қўйиб ундан иситиш мақсадларида ҳам фойдаланмоқда. Арнасойлик Шуҳрат аканинг айтишича, 200 литр пропан 2 ой уйни истишга етади.

“200 литрлик бочкаси бор экан. Шуни уйдан 50 мертча узоқликка қўйиб қувур билан олиб келаркан. Тежаб ёқса икки ойга етади”.

Бу каби қурилма ўрнатган одамлар баллонга газни ўзлари солиб келади. Баллонни бир марта тўлдириш 280 минг сўмга тушади. Шуҳрат аканинг айтишича, у яшайдиган жамоа хўжалигида мана шундай усулдан фойдаланаётганлар йилдан йилга ортмоқда.

Биогаз – Ўзбекистон фермер ва деҳқонларининг келажагими?

Ўзига тўқ фермерлар эса ўрнатиши қимматроқ, лекин жуда самарали ва беминнат бўлган биогаз қурилмасини ишга туширмоқда.

Image caption Муҳаммаджон аканинг биогаз қурилмаси ҳам беданаларнинг хонасини, ҳам уйни иссиқ ушлайди

Асосан чорва ва парранданинг гўнгидан чиқадиган биогаз Ўзбекистонда энди оммалашмоқда.

Қўқонлик Муҳаммаджон ака Усмонов паррандачилик билан шуғулланади. Қарамоғида 6 мингдан зиёд беданаси бор.

“Парранданинг хонасини иситиш учун газ керак бўлади. Мисол учун бедананининг янги очиб чиққан бир кунлик жўжасига 35 даража иссиқлик керак. Қишин ёзин битта хона 35 даража иссиқ бўлиб туради. Бунақанги хоналардан битта иккита бўлмайди, кўп бўлади. Ҳам ундан чиққан гўнгини йўқ қилиш муаммоси бор эди, ҳам хонанини истиш керак. Энг қулай йўли биогаз экан”, - дейди Муҳаммаджон ака.

Муҳаммаджон аканинг олдида олдин хонанини иситиш муаммоси бўлмаган. Қувурдан оқиб келган табиий газ билан хоналарини қийинчиликсиз иситган. Аммо Ўзбекистонда ички истеъмолда газ тақчиллиги кузатила бошлаганидан кейин ҳукумат қиш кунлари ишлаб чиқарувчиларга газ беришни тўхтатиб қўйди. Аҳолига эса узилишлар билан етиб бора бошлади.

Муҳаммаджон ака бедананинг хонасини муттасил бир меъёрда иситиб туриш учун фақат газ кераклигини айтади.

“Газ бўлмагандан кейин ишимиз тўхтаб қолган. Газдан бошқа нарса билан иситишнинг иложи бўлмаган. Чунки кўмир, ўтинларни ёқиб хоналарда бир ҳил ҳароратни ушлаш жуда ҳам қийин. Фақат газ билан. Ишимиз тўхтаган. Беданаларнинг ҳаммасини сотиб юборганмиз”.

Муҳаммаджон ака муамммони бартараф этиш учун паррандаларнинг ахлати билан ишловчи биогаз қурилмасини ўрнатишга аҳд қилади. Ҳажми 25 куб метрлик қурилма кунига 70 куб метан газ чиқариб беради.

6 минг беданадан кунига 400-500 кило ахлат чиқади. Биогаз қурилмаси ахлатларни йўқ қилиш билан бирга газ ишлаб чиқариб уй ва бедана сақланувчи хоналарни иситади. Биогаз қурилмасидан чиққан чиқит эса қишлоқ хўжалигида қимматбаҳо ўғит сифатида фойдаланилади.

Биогумус ўғитининг бир килоси Фарғонада 200 сўмни, Тошкент вилоятида эса 250-300 сўмни ташкил қилади.

Eco systems group ширкати Ўзбекистон бўйлаб биогаз қурилмаларини ўрнатиб берувчи саноқли ташкилотлардан бири. Ширкат мутахассиси Ойбек Қосимовнинг Би-би-сига айтишича, биогаз қурилмасининг ишлаши учун аввало хом ашё бўлмиш гўнг бўлиши керак.

“Мисол учун, битта хонадонда 2-3 та мол бўлса, уйдаги пўчоқ каби органик чиқиндилар, ҳожатхонасидан чиқаётган ахлатни аралаштириб кунига солса, у томондан суюқ ҳолатида 100 кило ўғит чиқиб кетади. Бу жараён тўхтамайди. Газ қишин ёзин чиқаверади. Ҳожатхонага тўғридан тўғри улаб қўйсангиз, кунига ҳожатхона ишлайверган сари, бу томондан биогаз ҳам чиқаверади”.

Ўзбекистон шароитида биогаз ишлаб чиқарувчи идишлар темир лист, пишиғишт ва бетондан ясалади. Бу нарса ҳар кимнинг шароити ва имконидан келиб чиқилади.

Энг кичик бўлган 10 куб метрлик мана шундай қурилмани тайёрлаш учун 7 миллион сўм ёки 2500 доллардан, 10 миллион сўм ёки 3600 долларгача тушиши мумкин.

Биогаз бактерияларнинг 30-40 даража иссиқлиқда бижғижи оқибатида ишлаб чиқарилади. Қиш кунлари бундай иқлимни идиш ёки реактор ичида ҳосил қилиш учун эса ўзидан чиқаётган газдан фойдаланилади.

“Бетондан қилинган реакторнинг ичига ҳисоб китоб қилиниб регистр қўйилади. Ташқарисидан буғ билан ишловчи иссиқлик мосламаси қўйилади. Ўзидан чиқаётган газнинг 15 фоизигача ўзини иситиш учун ишлатилади”, - дейди Ойбек Қосимов.

Реактордан ташқари газ йиғиш учун газ голдер мосламаси ўрнатилади. Бу ҳам буюртмачининг чўнтагидан келиб чиқиб, елим ёки темир бўлиши мумкин.

Ушбу бактериялар водород сулфид, карбонат ангидрид ва метан газларини чиқариб беради. Бу газларни ажратиб олиш учун ҳам иккита мослама ўрнатилади. Газларнинг ичида метан 75 фоизни ташкил қилади.

10 куб метрлик биоаз қурилмасининг муттасил ишлаши учун кунига 150 кило қуюқ ҳолатда гўнг ва органик чиқиндилар керак бўлади. Бир қорамол бир кунда 30 килогача ахлат чиқариши мумкин. 10 тонналик реактордан суткасига 18 куб газ олинади. 100 квадрат метр жойни кечаю кундуз иситишга эса 20 куб газ керак бўлади.

Бундан ташқари ушбу газдан электр ҳам ишлаб чиқариш мумкин. 1 куб газ 2 киловатт электр энергия беради.

“Газ бўлганидан кейин чироқ сизга фақат ёритишга керак бўлади. Бир киловаттлик газ генератори бир оилага етади. Фақат музлатич ишлатолмайсиз. Аммо телевизор, ёруғлик ва қувватлантиргичдан фойдаланса бўлади”, - дейди Ойбек Қосимов.

Биогаз танқидчилари унинг ҳаммага ҳам қўл етар даражада эмаслигини айтишади. Ўзбекистон шароитида 2500 минг доллар топиш мушкул иш.

Иқлими анча иссиқ бўлган Хитойда иситиш қурилмаларисиз қурилган ушбу ускуна 260 долларга тушади. Лекин Собиқ иттифоқ ўлкаларида нархлар 2 минг доллардан бошланади.

Бироқ кузатувчилар биогаз Ўзбекистон шароитида бизнес қилишни ўзига мақсад қилган фермер ва оддий аҳоли учун яхшигина қулайлик бўлиши мумкинлигини айтишади.

Биогаз ёрдамида, электр энергияси ишлаб чиқариш орқали сув остидаги сувлардан фойдаланиш, иссиқхоналар қуриш, ёки паррандачиликни йўлга қўйиш мумкин.

Page not found - BBC O'zbek