Янги йилдан солиқ тизимидаги имтиёзлар ўзгаради

  • 27 Декабр 2013
Image caption Қабул қилинадиган қонунлар турмуш шароитини қайси томонга ўзгартиради?

Президент Ислом Каримов "Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2014 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунни имзолаган.

Унга кўра, янги 2014 йилдан бошлаб Солиқ Кодексининг иккинчи моддаси бешта банди бўйича бир қатор жисмоний шахслар учун имтиёзлар ўзгариб, даромад солиғига оид енгилликлар бекор қилинади.

Қонунга асосан, Иккинчи жаҳон уруши пайти Ленинград қамалида иштирок этган шахслар, Афғонистон уруши қатнашчилари, иш пайтида ногиронликка дучор бўлган ички ишлар ходимлари ногиронликни тасдиқлайдиган ҳужжат, кўп болали оналар, Чернобил ҳалокатини бартараф этишда иштирок этган шахслар тегишли идоралардан берилган ҳужжатлар орқали имтиёзларга эга бўлсалар, 2014 йил январидан апрелигача илгари берилган солиқ имтиёзи олиб ташланади.

Ушбу чоралар "солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисмини мустаҳкамлашга қаратилган" дейилади.

Бу қонунлар аҳолининг имтиёздан фойдаланувчи қатламига қандай таъсир кўрсатади?

Ўзбекистоннинг жанубий вилоятилик 50 ёшли иккинчи гуруҳ ногиронининг айтишича, "шундоқ ҳам уруш қатнашчиларига бериладиган имтиёзлардан фойдаланиш осон бўлмаган. Энди бу қонуний тусга кирибди холос". "Чернобил ҳалокатидан сўнг у ерда ишлаб соғлиғимни йўқотдим. Узоқ вақт фарзандим бўлмади. Орадан ўн йил ўтиб фарзандлик бўлдик. Иттифоқ даврида берилган баъзи имтиёзлар шундоқ ҳам бекор қилинган. Қоғозбозликдан бошқа нарса эмас эди. Касалхонада ётаман десам ёки тўловларимни ярмини тўлаш учун барибир кимгадир пора беришим, югуришим керак эди. Охирги пайтда шуни ҳам қилолмай қолувдим. Чернобилда ишлаганман, десам худди айбдорга ўхшаб қолувдим", дейди у.

"Уруш қатнашчилари деярли қолмади ўзи. Кўп болали оналар ҳам кам. Лекин ҳозир кўп болали оналарга бериладиган имтиёзларни маҳалла қўмиталарида бир-икки ойлик нафақаларни садақа қилсангиз ҳужжатлаштирса бўлади. Ҳақиқий кўп болаликлар қийналиб юришади сарсон бўлиб. Қонунлар чиқиши одамларнинг ҳаётига енгиллик олиб кирмайди. Шунинг учун одамлар ўзлари пора эвазига уни енгиллатиб олишади"- дейди тошкентлик собиқ ўқитувчи.

"Бундай қонунлар халқнинг ҳаётига енгиллик бермай қўйганига кўп бўлган. Мен ўзим ўқитувчи бўлганман. Бизга ҳам баъзи солиқ имтиёзлар бор эди, йўқ бўлди. Ҳозирча уддалаяпмиз",- деб айтади у.

Бу мавзуда батафсилроқ