"Наргиз Зокирова "Голос"да томошабинлар меҳрини қозона олди"

Image caption Наргиз Зокирова ҳам томошабинлар, ҳам мутахассисларнинг эътиборини қозонди.

27 декабрда Россиянинг "Голос" шоуси якунланди.

Кўпчилик кутганидек, омад асли ўзбекистонлик, Зокировлар сулоласининг вакили Наргиз Зокировага эмас, белоруссиялик Сергей Волчковга кулиб боқди.

"Голос" танловида томошабинлар овозига кўра Наргиз Зокирова 25 фоиз, Сергей Волчков 75 фоиз овоз олишди.

Танлов шартларига биноан, кам овоз тўплаган Тина Кузнецова ва Гела Гуралиа олдинги раундларда беллашувдан чиқишди.

"Голос" ғолиби Сергей Волчковга "Universal Music" студияси билан беш йиллик шартнома топширилди.

Сергей Волчков классик йўналишга урғу бериб, мистер Икс арияси ва "Tu, ca nun chiagne" италян қўшиғини ижро этди.

Наргиз Зокирова эса финалда "Калитка" рус романси, Фредди Меркьюрининг "The Show Must Go On" қўшиғи ва Леонид Агутин билан " Если когда-нибудь меня простишь" дуэтини куйлади.

Шу пайтгача ижтимоий тармоқларда ким ғолиб бўлишини қизғин муҳокама қилган қўшиқ мухлислари энди икки гуруҳга ажралиб, ғолиб адолатли танлангани ё йўқлигидан баҳслашишмоқда.

"Наргиз Зокирова ҳеч шубҳасиз енгиллик билан иккинчи ўринга чиқиб, "томошабинлар меҳрини қозонган" совринини олди", деб ёзади Россия матбуоти.

YouTube видео тармоғида Наргиз Зокированинг қўшиқлари нафақат танлов иштирокчилари орасида, ҳатто Россия ва хориж эстрада юлдузлари ичида энг кўп тингланганлар қаторида. Хусусан, унинг "Still loving you" қўшиғи 4 миллиондан ортиқ марта кўрилган.

Россиялик таҳлилчилар фикрича, Наргиз Зокирова ҳам овози ҳам ўзига хос имижи билан тезда машҳурлар қаторига чиқишга муваффақ бўлган.

"Бундай оммавий тан олиш, ўзга саҳнада энди чиқаётган артист учун жуда камдан-кам учрайдиган ҳол",- дейди улар.

Шунингдек, шоуда ким ғолиб чиққанлигидан қатъий назар Наргиз Зокированинг Россия шоу бизнесида пайдо бўлганлиги катта воқеа, деб айтилмоқда.

"Бу аёл нафақат истеъдодли қўшиқчи, балки ҳамиша ўзига тортиб турувчи ақлли, кенг қиррали инсон. Ҳатто татулари билан ҳам " деб ёзишади унинг мухлислари.

Наргиз Зокирова "Голос"нинг дастлабки турларида Скорпионснинг "Still loving you", Нирвананинг "Smells Like Teen Spirit", "Алла Пугачёванинг "Женшина которая поёт", "Когда я уйду", Владимир Пресняковнинг "Замок из дождя" қўшиғини маромига етказиб ижро этганди.

Унга устозлик қилган Леонид Агутин Наргиз Зокированинг энг бошиданоқ "Голос" қатнашчилари орасида лидер бўлганини таъкидлаган. Наргизнинг овоз имкониятларини баҳолар экан Агутин унга машҳур бўлиш учун албатта яхши продюссер билан ҳамкорлик лозимлигини маслаҳат берган.

Бу мавзуда батафсилроқ