Ўзбеклар учун қандай: Улуғ Ватан урушими ёки Иккинчи Жаҳон уруши?

  • 28 Декабр 2013
Image caption "Урушга борганлар "Ватан учун, Сталин учун"деб жангга кирган".

Мустақил Ҳамдўстлик Давлатлари тарихчилари Ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши тарихига бағишланган дарслик ёзишга келишганлар.

Россия интернет сайтлари хабар беришича, ушбу қарор тарих институтлари уюшмаси томонидан қабул қилинган.

МДҲ давлатлари тарихчиларининг Киевда бўлиб ўтган йиғилишида Россия, Украина, Белоруссия, Қозоғистон, Озарбайжон, Арманистон, Тожикистон вакиллари қатнашган.

"Кун.уз" веб-сайти ёзишича, Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари вакиллари учрашувда иштирок этмаган бўлса ҳам, шу каби дарслик тайёрланишига рози эканини ёзма равишда билдирган.

2015 йилда Иккинчи жаҳон урушида Совет қўшинлари қозонган ғалабага 70 йил тўлади.

Айни пайтда Фейсбук ва Твиттер ижтимоий тармоқлари фойдаланувчилари ушбу хабарга ўз муносабатларини билдиришган.

Жумладан "Кун.уз"нинг Твиттер саҳифасида берган "Сиз нима деб ҳисоблайсиз: Ўзбекистон Иккинчи жаҳон урушида иштирок этганми ёки Улуғ Ватан урушида?" деган саволига фойдаланувчилар турли фикрларни билдиришган.

Жумладан Жасур исмли фойдаланувчи " Ўзбек аскарларининг Иккинчи Жаҳон урушидаги ўрни беқиёс. Ўзбеклар олди фронтларда қурол кўтариб туришган", деган фикрни айтади.

Камил Буранов эса, Албатта Улуғ Ватан Урушида! Чунки ўша даврда ҳамма ўз ватани- Совет Иттифоқи учун курашган!- дейди.

Camproudга кўра, "Лекин буни руслар тан олмайди. Якинда Жириновский "Ўрта Осиёликлар Гитлерга ёрдам беришган".

Эгоист никли фойдаланувчи "Иккинчи Жаҳон уруши дейлик, шу ваҳималироқ эшитиларкан", деб айтса,

Musannif Adhamнинг фикрича, ўша пайтдаги ўзбеклар учун "Улуғ Ватан уруши" бўлган. Урушга борганлар "Ватан учун, Сталин учун"деб жангга кирган" бўлса, ҳозир "Сиёсат ўзгарди. Ватан фақат Ўзбекистон. Демак биз учун "Улар иккинчи Жаҳон урушида қатнашган". Тарих ҳам йўқолди".

Шунингдек, баъзи ўқувчиларнинг билдиришича, ҳозирги дарсликлардан ҳам Совет Иттифоқига, айнан иккинчи жаҳон урушига боғлиқ кўп саналар олиб ташланган ёки қисқартирилган.

Ўзининг Совет Иттифоқи даврида ўсиб улғайганини ёзган Фахриддин фарзандлари ҳам ўша даврдаги китобларни ўқишини, кўпроқ нарсани билмай саводсиз бўлиб қолишини хоҳламаслигини айтади. Ахир бу бизнинг тарихимизку, нега уни узиб ташлашимиз керак,-дейди у.

Шу ҳафтада Ўзбекистон Президентининг "Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2014 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунни имзолагани хабар қилинди.

Унга кўра, янги 2014 йилдан бошлаб Солиқ Кодексининг иккинчи моддаси бешта банди бўйича бир қатор жисмоний шахслар учун имтиёзлар ўзгариб, даромад солиғига оид енгилликлар бўлмайди.

Қонунга асосан, Иккинчи жаҳон уруши пайти Ленинград қамалида иштирок этган шахслар, Афғонистон уруши қатнашчиларига берилган солиқ имтиёзлари 2014 йил январидан апрелигача муддат ичида бекор қилиниши айтилган.

Президент чиқарган қонун аҳолида яна фикрларни уйғотиши табиий.

Ушбу хабарга муносабат билдирган Би-би-си ўқувчиси "Бундай қонунлар халқнинг ҳаётига енгиллик бермай қўйганига кўп бўлган. Аслида уруш қатнашчилари ҳам деярли қолмадику ўзи" дейди.