Ўзбекистонда бензин нархи яна ошди

Янги йилнинг биринчи кунида бензиннинг нархи 25 сўмга кўтарилган.

Бензин нархининг кўтарилишига жисмоний шахсларга белгиланган солиқ миқдори 265 сўм қилиб белгилангани сабаб бўлган.

Бунгача солиқ миқдори 2013 йил 1 январидаги оширилган баҳо бўйича 240 сўм бўлиб турганди.

Айни пайтда Аи-80 маркали бир литр бензин 1670 сўм , Аи-91 1835 сўм, Аи-95 бензиннинг литри эса 2020 сўм қилиб қўйилган.

Ўтган йил ёзидан ноябр ойи охиригача Ўзбекистоннинг барча вилоятларида бензин тақчиллиги кузатилганди.

Ижтимоий тармоқларда ҳам энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири ёнилғи тақчиллиги бўлди.

Ҳайдовчилар айрим шаҳарларда ёнилғи қуйиш шаҳобчаларида бензин умуман сотилмай қолаётган кунлар бўлганидан ва узундан-узоқ навбатлардан шикоят қилишган.

Бензиннинг нархи қўлда икки баравар кўтарилиб кетган.

"Ўзнефтмаҳсулот" бензин тақчиллигига сабабни изоҳламаган.

Ўтган йил охиригача давом этган бензин тақчиллиги Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи директорининг ишдан олинганлиги тўғрисидаги хабарларга боғлиқ бўлиши айтилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ