Россиядан энг кўп пулни яна ўзбеклар юборишди

Image caption Ўзбекистон Марказий Банки пул ўтказмаларига доир статистикани ошкор этмайди

Россия Марказий Банки берган маълумотга кўра, ушбу мамлакатдан пул ўтказмалари бўйича ўзбек меҳнат муҳожирлари яна биринчи бўлишган.

Ўтган йилнинг биринчи 9 ойида ўзбекистонликлар уйларига 4.9 миллиард доллардан кўпроқ маблағ юборганлар.

Иккинчи йирик пул ўтказмаси - 3 миллиард доллар Тожикистонга, ундан кейин эса Украина ва Қирғизистонга юборилган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Россиядан пул ўтказмалари бўйича етакчилик қилиб келади.

Таҳлилчиларга кўра, айнан ўзбек мигрантлари Россиядан уйларига юбораган пуллар ўзбек сўмини бутунлай барбод бўлишдан асраб қолган.

Аммо Ўзбекистон Марказий Банки мигрантларнинг пул ўтказмаларига доир статистикани ошкор этмайди.

Шунингдек, меҳнат муҳожирлари мамлакат иқтисодиётига киритаётган сармояларга доир расмий ҳисоботлар ҳам мавжуд эмас.

Ўтган йили Президент Ислом Каримовнинг Россияга ишлаш учун бораётган ўзбекларни "дангасалар" деб аташи ижтимоий тармоқ сайтларида муҳожирларнинг ғазабнок муносабатларига сабаб бўлган.

Ўзбекистонда кичик ҳамда ўрта бизнесга тўсиқлар кўплиги боис, кузатувчилар бу маблағларнинг асосан, тўй-ҳашамларга сарфланаётгани ва реал иқтисодни четлаб ўтишини айтадилар.

Аммо шу билан бирга, муҳожирлар уйларига юборган пуллар сабаб кейинги йилларда Ўзбекистондаги хизмат кўрсатиш ва қурилиш секторининг сезиларли даражада кенгайгани қайд этилган.

Солиққа тортиладими?

Россиялик айрим сиёсатчилар муҳожирларнинг пул ўтказмаларидан солиқ олишни таклиф қилишмоқда.

Миллатчилар раҳбари Владимир Жироновскийга кўра, чет давлатларда бу каби тажриба мавжуд.

"Чет элда улардан пул олишади, биз нима учун олмаяпмиз?" , -деган жаноб Жириновский.

БМТ ҳисоботига кўра, Россия 2013 йилда дунё бўйича иккинчи энг катта сондаги муҳожирларни жалб этган давлат бўлган.

Ўтган йили Россияда ишлаган ва яшаган муҳожирлар сони 11 миллион кишини ташкил этган.

Ўтган йилнинг январ-сентябр ойларида Россиядан МДҲ давлатларига юборилган маблағлар миқдори 15 миллиард доллардан кўпроқни ташкил этган.

Муҳожирлар сонининг кўпайиши мамлакатда уларга қарши кайфиятларнинг ҳам кучайишига сабаб бўлган.

Ўтган йил октябрида Москва жануби-ғарбидаги Бирюлево мавзейида муҳожирларга қарши намойиш тартибсизликларга айланиб кетган.

Ҳодисалар ортидан полиция ноқонуний муҳожирларга қарши йирик кампания бошлаган.

Ўтган йил сентябрида Президент Путин иқтисоднинг айрим соҳаларида муҳожирларнинг меҳнатидан воз кечиш мумкинлигини айтган.

У муҳожирлик қонунларининг жиноий жавобгарликка қадар қаттиқлаштирилишини айтган.

Жаноб Путинга кўра, муҳожирлар ўзлари келаётган минтақанинг урф-одатларини билишлари ва уларга риоя этишлари лозим.

Айни пайтда Россия мулозимлари чет элдан келадиган ишчи кучига эҳтиёжнинг сақланиб қолишинги эътироф этадилар.

Ўзбекистонда шу кунларда Россиядан бадарға қилинган муҳожирларнинг қайтиб келиш ҳоллари кўпайгани айтилади.

Меҳнат муҳожирлиги аҳолининг аксарияти ишсиз ва қашшоқ бўлган Ўзбекистонда ижтимоий тангликни юмшатувчи омил сифатида кўрилади.