Ўзбекистон халқ артисти Олмахон Ҳайитова вафот этди

  • 2 Январ 2014
Image caption Олмахон Ҳайитова катта саҳнада тор чалиб, қўшиқ ижро этган биринчи ўзбек аёли бўлган

Ўзбек қўшиқчилик санъатининг атоқли намояндаларидан Олмахон Ҳайитова 73 ёшида оламдан ўтган.

Хонанданинг қандли диабет хасталиги билан оғригани айтилади.

Ўзбек аёл санъаткорлари орасида биринчи бўлиб катта саҳнада тор чалиб, қўшиқ куйлаган Олмахон Ҳайитова Хоразм қўшиқчилик мактабининг ёрқин вакиласи эди.

У Отажон Худойшукуров, Бобомурод Ҳамдамов ва Ортиқ Отажоновлар сингари бошқа халқ ҳофизлари билан бир қаторда хоразмлик афсонавий овоз соҳиби Комилжон Отаниёзовдан қўшиқчилик санъати сирларини ўрганган ва ўз овозини топган санъаткор сифатида кўрилади.

Унинг ижросидаги "Баригал" қўшиғи туркий халқлар қўшиқчилик санъатининг умум намунасига айланган.

1940 йилда Хоразм вилоятининг Хонқа туманида таваллуд топган Олмахон Ҳайитова ўтган асрнинг 70-йилларидаёқ бутун республикага танилган бўлишига қарамай, ҳаёти ва фаолиятининг асосий қисми Хоразмда кечган.

У аввалига вилоят филармонияси, кейинроқ эса "Ўзбекнаво" ижодий бирлашмаси вилоят бўлимига раҳбарлик қилган.

1993 йилда санъаткор Ўзбекистон Халқ Артисти фахрий унвони билан тақдирланган.

Ўзбекистон Халқ Шоири Омон Матжон Олмахон Ҳайитовани нафақат Ўзбекистон, балки Осиё аёллари орасидан чиққан забардаст қўшиқчи, деб ҳисоблашини айтади.

Унинг хотирлашича, хоразмликларнинг биронта тадбири Олмахон Ҳайитова ёки унинг қўшиқларисиз ўтмаган.

Омон Матжон билан суҳбатни тингланг.