Ўзбек адабиётнинг бугунига чизгилар

  • 2 Январ 2014

Маиший маънода технологиялар қанчалар одим ортмасин ва китобхонлик, хусусан адабиётнинг таназзули ҳақида башоратлар ўртага отилмасин барибир жамиятнинг юрак уриши аксарият ҳолатларда адабиёт билан чамаланади.

Бугун Ўзбекистонда адабий муҳит ва адабиёт қанчалар жонли?

Ўтган асрнинг сўнгги ўттиз йилидан ортиқроғи, адабий танқидчилар ва зукко ўқувчиларга кўра, Ўзбекистон адабиётининг энг гуллаган даври эди. Ёзувчи ва Шоирлар Шўро Ўзбекистони жамиятидаги энг илғор қатлам сифатида шаклланди. Бу жараён мустақилликнинг илк йилларида деярли тўхтаб қолди. Адабиётнинг бугуни қандай? Аввалига Ўзбекистоннинг таниқли носирларидан Исажон Султон:

"Адабиёт ўзининг асл узанига, асл ўзагига қайтаётганини кўрсак бўлади. Чунки, адабиёт публициястикадан тоборо узоқлашмоқда. Тоборо инсон кўнглига яқин бормоқда. Тўғридан-тўғри жамиятда, ижтимоий ҳаётда рўй бераётган воқеаларга бадиий муносабат билдириш деган олдин жуда ҳам урф бўлган ҳоллардан анча узоқлашилди", дейди ёзувчи.

Адабиётшунос ва ёзувчи Улуғбек Ҳамдамга кўра, бугунги адабиёт истиқлолгача бўлган ҳолатидан анчайин турфа хиллиги билан фарқ қилади.

Улуғбек Ҳамдам: "Масалан, истиқлолгача бўлган ўзбек адабиётида, жуда яхши биласиз тарихдан, битта метод - социалистик метод бор эди. Ёзувчи, шоир, ижодкор ана шу методнинг туйнуги орқали дунёни кўрар ва акс эттирар эди. Бугун давлат томонидан ҳам адабиётга ҳеч қанақа тазйиқ ўтказилаётгани йўқ".

Савол: Аммо, саксонинчи йиллар охирида, тўқсонинчи йиллар бошларида адабиётда адиблар, адабиётчилар каттароқ мавзуларни кўтаришмадими? Қатағон йилларидан тортиб Орол фожеасига қадар? Бугунги насрда ана шундай ижтимоий муаммолар акс этяптими?

Улуғбек Ҳамдам: "Ижтимоий муаммолар, айнан шундай буюртмалар ҳам айнан ўша шўролар даврида ҳаддидан кўп бўлган. Ижодкор маълум маънода ижтимоий буютмалардан, ижтимоий мавзуларда ёзишдан тўйинган ва маълум маънода ўзининг ички дунёсига қараб кетди. Бунинг битта салбий томони шундан иборатки, ижодкор ўзининг туйғулари билан, ўзининг сутъектив олами билан ўралашиб қолган ҳолатлар ҳам бўлди. Лекин, бу - умумий манзаранинг биттагина бўлаги, биттагина қирраси, холос. Шу билан бирга катта - катта ижтимоий мавзуларга йўл урилаётган йўналишларимиз ҳам борки, уларнинг ҳаммаси биргаликда бугунги кунги ўзбек адабиётининг манзарасини ташкил қилади".

Савол: Лекин, ҳар қандай адабиёт ўз даврининг маҳсули эмасми? Ўзбекистонда бутунлай янги бир воқеълик пайдо бўлган, масалан, миллионлаб одамлар Ўзбекистонни тарк этяпти, аёлларнинг муаммолари, эркакларнинг иш излаб ватанни ташлаб кетишгани, болалар отасиз ўсаётгани, ҳамма юк аёллар зиммасига тушаётгани... адабиётда борми шу ҳаёт ҳақиқатлари? Ва кимлар ёзаяпти, кимлар кўтараяпти бу мавзуларни?

Улуғбек Ҳамдам: "Сиз айтаётган гапларда ҳам бирёқламалик бор-да, ҳамма мамлакатда, ҳамма жойда ўзига яраша ҳаётнинг муаммолари ҳар доим бўлган ва бўлади. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Адабиётни агар синчковлик билан кузатаётган бўлсангиз, инсоннинг муаммолари қандай бўлса, шундайлигича, санъатга айлантирилган ҳолатда акс этаяпти. Бундай муаммоларни, масалан, бугунги кунда публициcтика бемалол амалга оширяпти. Сиз айтаётган аёлларнинг муаммоси, жамиятдаги муаммолар, булар фақат бадиий синтезга айлангандагина бадиий адабиётнинг объектига айланиши мумкин. Илгари мана шу нарсаларни ёзиш қандайдир урфга кирган. Сиз айтаётган айнан 80-90-йилларда адабиёт публициcтиканинг вазифасини бажарган, жарчи, миллатни тарбиялаш, миллатга ахборот етказиш, миллатни ўша муаммолари билан таништириш каби вазифаларни бажарган. Бугун адабиёт санъатлашиб боряпти Ўзбекистонда. Сиз айтаётган муаммолар бу - публицистиканинг муаммоси".

Савол: Бугун нималар ёзиляпти, ҳақиқий адабиёт сифатида қайси асарларни мисол қилиб кетиришингиз мумкин?

Улуғбек Ҳамдам: "Бу йил биз "Шарқ юлдузи" журналида 2013 йилнинг бошида бадиий ва илмий асарлар танловини ўтказган эдик. Йил давомида бу танловда кўпчилик иштирок этди. Масалан, наср йўналишида Ғофур Шермуҳаммаднинг "Қудуқ" деган бир қиссасини ғолиб деб топдик. Бу "Қудуқ"да ҳам, мана айтаяпсиз, ижтимоий муаммолар, бошқа-бошқа... маълумки, Ўзбекистонда, масалан, Сурхондарё, Қашқадарё деган воҳаларида ичимлик суви муаммоси мавжуд. Бу ерда қудуқ қазувчи инсоннинг образи бор. Яъни, ҳар доим, бутун умри давомида одамларга қудуқ қазиб беради. Ана шу қудуқ қазиш билан боғлиқ ушбу одамнинг ўй-кечинмалари ва унинг ўй-кечинмалари орқали ўша жойдаги одамларнинг муаммолари, изтироблари қувончлари акс этган. Назм йўналишида файласуф, таниқли шоир Абдулла Шернинг туркум шеърларини 2013 йилнинг энг яхши туркум шеърлари қаторида тан олдик... Драматургия йўналишида Хуршид Давроннинг "Алғул" деган драматик асарини 2013 йилнинг энг яхши драматик асари деб топдик. Кейинги пайтда шеърият йўналишида Ҳалима Ахмедованинг, Шодмонқул Саломнинг шеърлари кейинги йилимизнинг энг яхши шеърий туркумлари ҳисобланиши мумкин. Ёки Аҳмад Аъзамнинг "Ҳикоя бўлмайдиган воқеалар" деган янги жанр йўналишида ёзган, адабиётда жанрий бир ўзгаришлар қила олган 2-3та туркум асарлари эълон қилинди. Нормурод Норқобилнинг "Қора қуюн" романи эсда қоладиган романлардан бири бўлди..."

Дунё юзини кўраётган асарларни тинмай санаш мумкин. Муҳокамалар, тарғиботлар, нашрдан чиқаётган китоблар, таржималар... умидли истеъдодлар...

Улуғбек Ҳамдам: "Бибиробия ва Баҳор ҳикояларини эълон қилиб бордик. Гўё катта авлоднинг қаламидан чиққандек ўткир, мавзуси ҳам жуда тиниқ... Бугунги куннинг ўзбек насри ёрқин намуналарини мана шу қизларимиз бера олган", дейди адабиётшунос ва ёзувчи Улуғбек Ҳамдам

Ўтган асрнинг охирларида айрим шоирларимиз сиёсатга фаол аралашган ва баъзи қаламкаш дўстларидан шоир шеърини ёзсин деб дакки ҳам эшитган эди, умуман, бугун ёзувчи-шоир ва сиёсат қанчалар бир-бирига терс ва ё қанчалар уйғун? Ўзбекистондан ёзувчи Саломат Вафо:

"Бугунги адабиётимизда сиёсий-фалсафий даражага олиб чиқилган мавзуларимиз бор. Луқмон Бўрихонда бор мана шу нарсалар. Эркин Аъзам, шоиримиз Усмон Азим, Хуршид Дўстмуҳаммад, Аҳмад Аъзам каби катта устоз ёзувчиларимиз ҳам борки, уларнинг ижодларида бугунги мавжуд муаммолар ўзининг фалсафий мақомига чиқиб, фалсафий ечимларини топа олган. Ўзимнинг ижодимга келсак, кейинги даврларда айнан мана шу мавзуда 3-4та ўзимга ҳикоялар ёздим. Масалан, тошҳовузлик келинлар ҳақида ёздим, "Ҳайкаллар хиёбони" деб номланган. Туркманистонда собиқ Сапармурод туркманбоши даврида Ўзбекистондан келин бўлиб тушган аёлларни бир кечада йиғишганда чегарадан ўтказиб ташлашган. Улар 5 минг бўлганми, 10 мингми, ман билмайман, Туркманистон паспортига эга бўлмаган хотин-қизларни чегарадан улоқтириб юборишган. Бу 21 асрда содир бўлган. Буни ҳеч ким билмайди - да. Уларнинг болалари бўлган, улар у ёқда қолган, булар бу ёқда қолган, оилалар ажралган, кўз ёшлар, ўлимлар, бўлинган тақдирлар.... Мана шунақа бир трагедия бўлган, миллатларнинг трагедияси. Ман мана шу мавзуда 1-2та янги нарсалар ёздим. Чегаралар масаласи, 91 йилдан кейин мустақил мамлакатларга бўлинган, минг-минг йиллардан буён қон-қариндош бўлиб яшаган туркий халқларнинг фожеалари, муаммоларини ўзимча бир кичкина ҳикояларда акс эттиришга ҳаракат қилдим. Демоқчи эдимки, бу нафақат биргина ман кичик бир ёзувчи ёзадиган воқеъликлар, бу бутун миллатнинг ёзувчилари ёзиб адо қилиб бўлмайдиган инсон фожеалари бор-да, бу ерда".

Таниқли шоира Ҳалима Худойбердиева ҳам интернетда чоп этилаётган шеърларида фақат ишқу муҳаббат, айрим ҳолатларда ўта маиший изҳорларидан фарқли ўлароқ, халқ, ватан ва миллат ҳақида ёзади. Ва бу шеърларда оғриқ бор, дард бор, исён бор...

АЗИЯТ

Ўлмоқликнинг йўллари кўп, Бугун юрак тош олар. Жаҳолатнинг қўллари кўп, Салла десанг бош олар… Халқим, сенга етмайдирми, Чор атрофдан теккан санг, Ўз-ўзингни йиқитмоққа Мунчаям шай турмасанг...

(Ҳалима Худойбердиева)

Аммо, бу каби асарларни ёзиш осон эмаслиги аниқ, уларни чоп этиш қанчалар мушкул бўлса? Саломат Вафо - асарларини Ўзбекистонда ўз асарларини чоп эттиролмаётган ёзувчи.

"Уч-тўрт йилдан бери асарларим босилмайди. Бизда ўзбек санъатида, адабиётда, илм-фанда, ўзим телевидениеда ишлаганман, бизнинг телевидениеда ҳам "қора рўйхатлар" бўларди-да. Сиёсат студиясида ишлаганимда: "Сиз фалон-фалон депутатларни кўрсатмайсиз, улардан интервю олмайсиз", дейишарди. Ҳозир айнан ўша рўйхатларнинг бошида бўлсам керак.

Нима учун ўша қора рўйхатнинг бошига тушиб қолдим, деб ўйлайсиз?

"Ман ўйлайманки, ўз асарларимни ёзишдаги жуда катта бир гражданлик позициям.. Ҳаётимиздаги жараёнларга, ўша хорижда ишлаётган йигитларимизга, аёлларимизга, нобуд бўлиб келаётган меҳнат уруши қурбонларига, аёллар тақдирига, мардикор аёлларга, айтишим мумкинки, бугунги кунда жуда катта деградацияга учраган ўзбек оиласига, мана шу факторларга бефарқ бўлмаганим учун ўз асарларимда айни муаммоларни акс эттираяпман. Энг асосий мана шу критериялар учун ўша рўйхатларда бўлсам керак деб ўйлайман".

Ана асарлардан бири Саломат Вафонинг бири "Поезд" ҳикояси эди. Поезд қайсидир қайсидир маънода айрим адабиётшунослар қаҳрига учради, қораланди...танқидий мақолалар ва ҳатто, судлашувлар...

"...Юқоридагилар ё маст, ё ўлгудай қаттиқ ухлашарди. Поезд тормоз билан чийиллаб ўнг томонга қайрила бошлади. Бир мАҳал иккинчи ўриндиқдаги одам ағдарила бошлади. Уни жон-жаҳДим Билан ушлаб, итардим. У темир совут кийиб олгандай қаттиқ эди. "ҳей,ҳей йиқилиб тушасиз". Жавоб қайда қотиб ётишарди. Темир йўловчини амаллаб жойига ётқиздим-да, чироқни ёқдим. Юқоридаги икки ўриндиқда оғзи-бурни боғланган иккита эркак ётарди. Бечоралар операциядан чиққанмикан. Бармоқларимга ёпишган елимли қағоз шитирлаб ғашимга тегди. Ёруққа тутдим. "Солиев Отаназар. 1964 йил. Орол" деб ёзилган ва тушуниб бўлмас муҳр босилган эди. Иккинчи ўриндиқдаги ҳамроҳимга яқинроқ бориб тикилдим. Отаназарнинг бир кўзи скочланган, иккинчи кўзи чала ёпиштирилганми очилиб кетган эди. Бирдан даҳшатга тушиб иккинчи ўриндиққа қарадим. У ерда озғин юзига, атайлабдан соқол ёпиштириб қўйилгандай йигирма йигирма беш ёшларидаги соқолли йигит ётарди. Унинг иккита кўзи ҳам очиқ ҳолда шифтга қараб турарди. Дафатан ҳеч нарсани англамадим. Аллақаерларда правоз "вупиллаб" ҳаёт борлигидан дарак берди, Яна вагонлар тарақ-туруқ этди.. Сал товуш чиқарсам ётганлар ушлаб оладигандай кўзларимни мурдалардан узмасдан эшикни очдим. Энгаки, оёқ-қўли мисоли бир гўдакдай боғлаб ташланган таналар тобора тез чайқаларди. Тонги совуқ ҳаво танамга урилиб бирдан ўзимга келдим. "Эй, худо иккаласи ҳам ағдарилиб тушса нима бўлади". Атроф жим-жит, фақат бечора поездгина ҳансираб олдинга югурарди. … "онажон..онажо…" даҳшат Билан ўликлар хонасидан қочиб чиқар эканман неча қадам юрганимни билмайман. Гурсиллаб йиқилдим. Бошим қайгадир тегди, назаримда ҳушимни йўқотдим..." ("Поезд" ҳикоясидан парча эди)

Аммо, асарга баҳо берувчи ўқувчи, уни қадрни кўтарувчи хам ерга урувчи ҳам китобхон. Бугун ўзбек китобхони нималар ўқимоқда?

"Болалар кўпинча детектив китобларни яхши кўриб ўқишади", дейди Қашқадарёдаги мактаб ўқитувчиси.

"Нуриддин Исмоиловнинг "Бургут тоғда улғаяди" китобини ўқидим. Шу Тоҳир Малик ва Нуриддин Исмоиловнинг китобларини кўпроқ ўқийман. Чингиз Айтматов ҳам ёқади", дейди ёш китобхонлардан бири.

"Туманимиздаги китоб дўконларида детектив китоблар жуда ҳам кўп, қизиқиш ҳам, талаб ҳам катта", дейди қашқадарёлик яна бир суҳбатдош.

Шўро Ўзбек маданияти учун "тижорий адабиёт" ёт бир нарса эди. Гарчанд, Ғарбда "тижорий адабиётнинг" бозори ҳар доим чаққон бўлиб келган эсада, мустақиллик йилларида бу Ўзбекистон учун том маънода янгилик бўлди. Бундан йигирма йиллар аввал ҳам бир асар китоб ҳолида чиқиши учун бир неча чиғириқлардан ўтар эди. Бугун тижорий адабиёт учун том маънода эркинлик бор. Бу эркинлик эса айрим ёзувчиларга кўра, ўқувчилар диди учун ҳалокатли бўлиши мумкин. Атоқли ўзбек ёзувчиси Эркин Аъзам эса, барибир ҳақиқий санъат ўз эгасини топа олади деб ишонади.

"Ўзбек китобхонини жаҳон китобхонидан алоҳида ажратиб, бу яхши ёки ёмон деб бўлмайди. Ўқийдиган одам ўша пайтда ҳам ўқир эди, ҳозир ҳам ўқияпти. Энди нима ўқияпти? Биласизми, ҳамма замонда жиддий адабиёт, жиддий санъатнинг, одамзодни ўйларга чулғайдиган, одамзоднинг бошини қотирадиган, тинчини ўғирлайдиган санъатнинг ошноси кам бўлган. Ҳамма шу чайнаб берилганни яхши кўради, ўзи чақиб олишга унча-мунча одамнинг тоби-тоқати йўқ. Лекин, кўнглингиз тўқ бўлсин, хос санъат бор, авом санъати бор. Енгил-елпи нарсани ўқигандан кўра, Навоийнинг сиз тушунмаган ғазалини қайта-қайта ўқишнинг нафи кўплигини биз англаб етишимиз керак. Жамият миқёсида буни тарғиб қилиш бизнинг вазифамиз, шекилли. Аммо, мен аминман, бу шовқин-суронлар барчаси ўтади", дейди ёзувчи Эркин Аъзам.

Азиз тингловчилар, Би-би-си ўқувчилари Сиз ўтган 2013 йилда қандай китоб ўқидингиз? Ўз таасуротларингизни ББС билан ўртоқлашишни истасангиз uzbek@bbc.co.uk <mailto:uzbek@bbc.co.uk> манзилимизда мактуб йўллашингиз мумкин.