Ёзувчи Аҳмад Аъзам оламдан ўтди

  • 4 Январ 2014

Таниқли Ўзбек ёзувчиси, Шарқ ва Ғарб адабиётининг билимдони Аҳмад Аъзам оламдан ўтди.

Аҳмад Аъзам 1949 йил 28 июнида Самарқанд вилояти, Жомбой туманидаги Ғазира қишлоғида туғилган.

1971 йили Самарқанд давлат университетини битирган.

"Гулистон" журнали, "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетаси, "Совет Ўзбекистони санъати" журнали таҳририятларида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаган.

Сиёсий фаолиятини "Бирлик" халқ ҳаракатида бошлаган, "Эрк" демократик партияси бош котиби бўлган.

Олий Мажлис депутатлигига сайланган.

1995 йилдан Ўзбекистон телевидениесида бош муҳаррир, Ўзбекистон" телеканали бош директори, "Ўзбектелефильм" студияси бош директори лавозимларида ишлаган.

Аҳмад Аъзамнинг "Ўзлик" муаллифлик кўрсатувлари кўплаб ўзбекистонликларнинг севимли кўрсатувига айланган.

У сценарист ва тележурналист сифатида ҳам ижод қилган.

Аҳмад Аъзамнинг "Ойнинг гардиши", "Бу куннинг давоми", "Асқартоғ томонларда", "Соясини йўқотган одам", "Ҳали ҳаёт бор" деган насрий асарлари,"Масъул сўз" деган адабий-танқидий мақолалар тўпламлари, "Ўзи уйланмаган совчи", "Рўё ёхуд Ғулистонга сафар" романлари чоп этилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати адибнинг оила аъзоларига таъзия изҳор қилади.

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас