Ўзбекистон хомашё қолоқлигидан нега қутулолмаяпти?

  • 9 Январ 2014
Ўзбекистон иқтисоди ўсаётганини кўп таъкидлайди, аммо бундан халқ ҳаёти яхшилангани сезилмайди

СССР қулаши ортидан уран қазиб чиқариш нисбатан камайган Ўзбекистон яна дунёнинг уран сотувчи олди мамлакатларидан бирига айланмоқчи.

Хусусан, 75 миллион доллар сарфлаб, Навоий тоғ-металлургия корхонасига қарашли учта уран конини ишга туширишга ҳозирлади. Энди Ўзбекистоннинг уран қазиб чиқариш салоҳияти 40% ошади.

Мамлакатнинг уран захирасидан кам жойи йўқ: Жаҳонда еттинчи ўринда туради. Ўзбек уранининг эса ҳаммаси четга сотилади.

Бироқ Ўзбекистон ҳозиргача ўзидаги мавжуд хомашёни рақобатбардош иккиламчи маҳсулотга айлантириб, жаҳон бозорига чиқара олмаяпти.

Хорижга катта миқдорда газ, пахта, хўл мева, уран, рангли металлар ва олтин сотувчи Ўзбекистон аксар маҳсулотларини хомашё сифатида сотади.

Мутахассисларга кўра, ҳозир Ўзбекистон бюджетига хомашё экспортидан тушадиган маблағ етакчилик қилмоқда.

"Тоғ-металлургия, нефт-газ, ер ости бойликларини қазиб олиб хом ашё сифатида ёки ярим ишланган маҳсулот сифатида сотиш Ўзбекистондаги тайёр саноат ёки озиқ овқат муҳсулотлари, машинасозлик маҳсулотларини ортга суриб, етакчи ўринга чиқиб олди" - дейди Тошкентдан иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусайнов.

Қолоқлик сабаби

Ўзбекистонда советлардан мерос қолган кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари ёки эскирди, ёки ёпилиб кетди ва ёда мамлакат уларни ишлата олиш салоҳиятини бой бериб, эркин бозор шароитларига мослаша олмади.

Мамлакат сўнгги йиллари тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ҳам интилмоқда. Хусусан, учоқсозликни ушлаб қолиш, автомобилсозликни яратиш, тўқимачиликни ислоҳ этиш, газ-кимё саноатини ривожлантириш ҳамда меваларни қайта ишлашни кўпайтириш уринишларини айтиш мумкин.

Ўзбекистон четга газ ва электр сотади, лекин ўз халқи тезак ё ўтин ёқиб, кун кўради

Бироқ мамлакатда сармоядорлар учун шароитлар ёмонлиги, текшириш ҳамда чеклаш чора-тадбирлари кўплиги, расмий идораларда порахўрлик авж олгани ва қонуний тижорат ё ишлаб чиқариш билан шуғулланиш ўта қийинлиги туфайли Ўзбекистон истаган режалари кутилган натижани бермаяпти.

Масалан, мамлакатда оддийгина бозор талаб қиладиган нархда валюта алмаштириш жиноят саналади. Шунга қарамай, парвозлар ва автомашина учун чет эл валютасида пул тўлаш керак. Бироқ бу чет эл валютасини Ўзбекистон банклари ҳеч қачон оддий ўзбекларга сотишмайди.

Кузатувчиларга кўра, бу соҳа мафия каби гуруҳларнинг йирик тижоратига айлантирилган.

Аҳвол шунгача етдики, автомобиль ишлаб чиқарувчи бу мамлакатда одамлар янги автомашина олиш учун йиллар давомида навбатда туриши ва ё пора бериб машина олиши мумкин. Натижада, бозордаги эски автомашина нархи янгисиникидан ошиб кетиб, Ўзбекистон бу борада ўзига хос давлатга айланди.

Лекин ўзбек машиналари қўшни мамлакатларда арзон сотилади.

Мамлакат киритаётган чора-тадбирлар эса ишлаб чиқаришни ривожлантириш ўрнига, аксинча, сифатига салбий таъсир этмоқда. Масалан, четга чиқарадиган тайёр пишириқлари ёки кийим-кечаги Қозоғистон ёки Россиядаги айни шундай маҳсулотлари олдида беллаша олмаяпти ва сотиш учун нархини тушириш керак.

Нафақат Ўзбекистон...

Сўнгги йиллари баъзида сиёсий сабаблар боис, баъзида таъсирли шахсларнинг тижорат манфаатлари туфайли Ўзбекистондаги хорижий тижоратлар вақти-вақти билан таъқибга учраб туриши айтилади.

Ўзбекистон ҳукумати халқини қулдек ишлатмаса, сотадиган пахтаси таннархини ҳам қоплай олмаслиги айтилади

Қатор хорижий сармоядорлар бу мамлакатга маблағ киритиш ва ёки бирон ишлаб чиқариш билан шуғулланишдан қўрқишларини айтишади.

Сўнгги йиллари мамлакатдаги шароит ёмонлиги туфайли АҚШ, Британия, Туркия ва Малайзия каби мамлакатлардаги йирик ширкатлар ва ишбилармонлар Ўзбекистондаги фаолиятларини тўхтатишди.

Бу шундоқ четда ишлаб чиқаришни йўлга қўйгандан кўра, ўз тайёр маҳсулотини сотишни афзал билган хорижий ширкатлар учун ктата муаммо эмас. Аммо Ўзбекистон узоқ келажакда ютқазиши мумкинлиги айтилади.

Остонадаги Овросиё университети доценти, асли ўзбекистонлик иқтисодчи олим Сапарбой Жубаевга кўра, Марказий Осиёга қизиқиш билдираётган кўпчилик сармоядорлар ҳозир ишлаб чиқаришга сармоя киритишга қизиқмаяпти.

"Минг афсуски, Марказий Осиё республикаларида ишлаб чиқаришга инвесторларнинг қизиқиши жуда оз. Тўғри, Жанубий Корея келаяпти, Россия келиши мумкин" - дейди олим - "Аммо Оврўпо, Америка ва Япониядан келиб, Марказий Осиёда ишлаб чиқаришни йўлга қўяйлик дегандан кўра, ўзларининг тайёр маҳсулотларини сотишни маъқул кўришмоқда".

Мавҳум келажак

Ўзбекистон четга аксар хомашё сотар экан, бу қанчалик узоқ давом этиши савол остида қолмоқда.

Ўзбекистон гази атиги чорак асрдан сал кўпроққа етади ва мамлакат аллақачон ўз халқини газ билан таъминлай олмай қолган. Пахта толаси эса қулдек меҳнат эвазига етиштирилади ва сувталаб ва меҳнатталаб пахтанинг нархи арзон ва барча пахтакорларга адолатли маош тўланса, пахта толаси ўз таннархини қоплай олмай қолади.

Газ камаймоқда, пахта учун керакли сув эса вақт сайин тортилаяпти.

"Афсуски, бу бойликлар тугайди. Уларни бир марта қазиб олгандан кейин ўрни қайтиб тўлмайди. Шунинг учун бундай бизнинг келажаги жуда ҳам мавҳум" - дейди Анвар Ҳусайнов.

Қозоғистон вакиллари эса муқобил энергия манбалари ривожланиши дунё бозорларига катта таъсир этишини назарда тутиш лозимлигини айтишади.

Президент Каримовнинг ютуқлар ҳақидаги рақамларига ишониш керакми ва давлат статистика қўмитасига?

"Қозоғистон жаҳондаги йирик уран ишлаб чиқарувчи давлат ва "Казатомпром" раҳбариятига кўра, агар ҳозир қазиб сотишмаса, бу уран 50 йилдан кейин керак бўлмай қолиши мумкин" - дейди Қозоғистондан Сапарбой Жубаев.

Кимга ишониш керак?

Ўзбекистон экспортида хом ашё маҳсулотлари ва тайёр маҳсулотлар ҳажми бўйича турли рақамлар айтилади.

2012 йил якунларини эълон қилган президент Ислом Каримов билан Давлат стататистика қўмитаси чиқарган рақамларнинг бир бирига тўғри келмаслиги ўз пайтида катта шов-шувларга сабаб бўлган.

Ислом Каримов ўз нутқида таъкидлашича, кспорт маҳсулотларининг 70 фоиздан кўпроғини хомашё эмас, балки тайёр маҳсулотлар ташкил қилади.

Бироқ давлат статистикаси қўмитаси сайтидаги хабарга мувофиқ, экспорт ҳажми 2012 йилда 5.1%га тушган.

Рақамлардаги ушбу фарқлар Ўзбекистон ҳукумати қуруқ обрў орттириш ва йўқ нарсани кўз-кўз қилиш учун ҳатто статистик маълумотларни ҳам қўпол равишда қалбакилаштиради, деган қарашларни яна тасдиқлаганди.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон четга сотаётган маҳсулотларнинг ярмидан кўпи хомашё ва бу кўрсаткич вақт сайин ўсиб бормоқда.

Яъни йил сайин Ўзбекистон тобора йирикроқ хомашё етказувчи қолоқ бир давлат, деган мавқеини мустаҳкамламоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ