Қашқадарёлик кекса фаол Ҳасан Чориев озодликка чиқарилди

Image caption Яқинлари Ҳасан Чориев ўғлининг сиёсий фаолияти туфайли қамалганини даъво қилишади

Мухолифатдаги "Бирдамлик" ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориевнинг отаси Ҳасан Чориев қамоқдан озод этилган.

71 ёшли Ҳасан Чориев сешанба куни амнистия актига мувофиқ Товоқсойдаги жазо муассасасини тарк этган.

Би-би-си Тошкентдан қамоқхона маъмурияти вакили ҳамроҳлигида Қашқадарёдаги уйига қараб йўл олган кекса фаолнинг ўзи билан телефонда боғланишга муваффақ бўлди, аммо ундан шарҳ ололмади.

Ҳасан Чориев ўтган йил июнида қашқадарёлик 19 яшар аёлнинг номусига тажовуз қилишда айбланиб, ҳибсга олинган ва Тошкент вилоят маҳкамасининг қарори билан 5 йилу 2 ой қамоқ жазосига маҳкум этилганди.

Маҳкама ёпиқ эшиклар ортида ўтган ва унинг ҳукми ҳақида айбланувчининг ҳимоячиси Мели Холмирзаев орадан 8 кун ўтиб, яқинларига хабар берган.

Ҳасан Чориев 2012 йилда ҳам Ўзбекистон жиноят кодексининг "туҳмат қилиш" банди билан айбланиб, маҳкамага тортилган эди.

'Қурбон'

Яқинлари ва мухолифатдаги "Бирдамлик" ҳаракати Ҳасан Чориевнинг айбсиз экани, АҚШда яшаётган ўғли Баҳодир Чориевнинг сиёсий фаолияти туфайли жазоланганини айтишган.

Уларга кўра, Ҳасан Чориев "номусига теккани" даъво қилинган қашқадарёлик аёл кўп ўтмай, яна бир шахснинг ўз номусига текканини айтиб, милицияга мурожаат этган.

Айни пайтда сешанба куни бир хабар тарқатган Ўзбекистондаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти бирдамликчиларнинг бу иддаоларини савол остига олади.

Хабарда айтилишича, Ҳасан Чориев "дастлабки тергов ва суд жараёнларида айбига иқрорлик билдирган".

"Ҳуқуқ ҳимоячисининг ўғли, "Бирдамлик" ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориев отасининг ўз ҳаракатлари қурбони бўлганини иддао қилган", - дейилади хабарда.

"Эзгулик” жамияти Ҳасан Чориевнинг озод қилинишини олқишлаш билан бирга, Ўзбекистон ҳукуматини қамоқларда қолаётган бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва фуқаролик жамияти вакилларини ҳам озод қилишга чақирган.

'Инсонпарварлик кўриниши'

Ҳасан Чориев сиёсий сабаблар билан қамалгани даъво қилинган маҳбуслар орасида ўтган йил декабридаги амнистияга мувофиқ озодликка чиқарилган биринчи фаолдир.

Ўзбекистон расмийлари амнистиянинг "кенг кўламли" бўлиши ҳақидаги хабарларни рад этишган.

Уларга кўра, жазодан муддатидан аввал озод қилинадиган маҳбуслар сони ўтган йилгидан кўп бўлмайди.

Аввалроқ айрим ахборот воситалари 90 минг нафар маҳбуслар ва терговдаги шахсларнинг авф этилиши кутилаётгани ҳақида хабар тарқатишганди.

Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш бошқармасининг номини окшор этмаган мулозими "Новый Век" нашри билан суҳбатда бу хабарлар "ҳақиқатга тўғри келмайди" деб айтган.

2012 йилда қабул қилинган амнистияга мувофиқ, 19 мингдан ортиқ шахслар авф этилган.

Яна бир қатор маҳбусларнинг жазо муддатлари камайтирилган ва манзил колонияларига ўтказилган.

Сенат қарорига кўра хориж фуқаролари, балоғатга етмаганлар, аёллар ва ёши 60дан ошган маҳкумлар озодликка чиқарилади.

Ўзбек расмийлари деярли ҳар йили эълон қилинадиган, аммо кўпинча диний-сиёсий маҳбусларни четлаб ўтадиган авф тўғрисидаги қонунни "инсонпарварлик амали" сифатида тақдим этадилар.

Ўтган йил декабрида БМТнинг Женевадаги Қийноқларга қарши қўмитаси йиғилишида ҳисоботи тингланган Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари бўйича бош музокарачиси Акмал Саидов яна бир марта мамлакатда сиёсий маҳбусларнинг мавжудлигини рад этган.

Бу мавзуда батафсилроқ