Президент Каримов: минтақада кескинлик кучайиши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Президент Каримов минтақадаги энг қудратли армиянинг Бош қўмондони ҳисобланади

Президент Ислом Каримов халқаро кучларнинг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши Ўзбекистоннинг жанубий сарҳадларида кескинликнинг кучайишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 22 йиллиги муносабати билан ҳарбийларга йўллаган табригида жаноб Каримов ўзбек армияси "ҳар қандай тажовузкор хуружларга" тайёр туриши кераклигини айтган.

"АЙСАФ деб аталмиш тинчликпарвар кучларнинг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатлар учун жиддий синовга айланиши, бизнинг жанубий сарҳадларимизда ва чегарадош ҳудудларда кескинликнинг янада кучайишига олиб келиши мумкин", деб айтган жаноб Каримов.

Унга кўра, Ўзбекистонга асосий таҳдид "террорист ва эстремист кучлар"дан келмоқда.

Ўзбекистон Президенти Қуролли кучларнинг асосий вазифаси "террорист ва экстремист кучлар хатти-ҳаракатларининг фаоллашув эҳтимоли билан боғлиқ бўлган хавф-хатарларни ўз вақтида аниқлаш" эканини айтган.

Ўзбекистон раҳбари халқаро кучларнинг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши ортидан минтақада вазиятнинг ёмонлашиши борасида биринчи марта огоҳлантираётгани йўқ.

Ғарблик таҳлилчилар Афғонистондаги жангариларнинг Ўзбекистон ва қўшни давлатларга сизиб кириш хавфи сақланиб қолаётганини эътироф этганлари ҳолда Президент Ислом Каримов халқаро террорчилар хавфини бўрттириб кўрсатишини айтадилар.

Уларга кўра, Ўзбекистон раҳбарияти 2001 йилда АҚШ томонидан эълон қилинган террорга қарши урушдан мамлакатдаги сиёсий репрессияларни оқлашда фойдаланиб келади.

Жорий йил охирига қадар кутилаётган халқаро кучларнинг Афғонистондан олиб чиқиб кетилишида Ўзбекистон муҳим транзит нуқтасига айланган.

Ўзбекистон Афғонистондаги АҚШ ва НАТОга тегишли ҳарбий техниканинг бир қисмини ёрдам тариқасида ёки арзон нархларда олиб қолишга умид қилаётгани айтилади.

Ўтган йили Америка матбуоти айни масала Тошкент ва Вашингтонда кечган музокараларнинг асосий мавзуси бўлгани ҳақида ёзган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ғарбнинг Президент Каримов тузуми билан ҳарбий ҳамкорлигини танқид қилиб келадилар.

Қудратли армия

Ўзбекистон Қуролли кучлари сон жиҳатдан минтақадаги энг йирик армия ҳисобланади.

Россиялик ва ғарблик эскпертлар ўзбек армияси жанговар тайёргарлиги жиҳатидан ҳам минтақадаги қолган тўрт давлат қуролли кучларидан устун эканини эътироф этадилар.

Ҳукумат ҳарбий ҳаражатларни эълон қилмайди, аммо турли ҳисоб-китобларга кўра, ҳарбий ҳаражатлар мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 3.5 фоизини ташкил этади.

Ўзбекистон армияси шунингдек, кўнгиллилар танлов асосида қабул қилинадиган дунёдаги саноқли армиялардан биридир.

Таҳлилчилар бунга мамлакатдаги ишсизлик сабаб эканини айтишади.

Айни пайтда таҳлилчиларга кўра, зобитлар маошларининг камлиги ўзбек армиясининг энг кучсиз жиҳатларидан бири бўлиб қолмоқда.

Ислоҳотлар

Жаноб Каримов ҳарбийларга йўллаган табригида Қуролли кучларда ислоҳотларни давом эттириш зарурати ҳақида ҳам гапирган.

Президент Каримов бундан аввалги чиқишларида Ўзбекистон НАТО андозасидаги армия яратиш истагида эканини ҳам айтган эди.

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистонда 1990-йиллар охири ва 2000 йиллар бошларида армияни ислоҳ қилишга жиддий уринишлар бўлган.

Хусусан, 2000-йилда ҳарбий бўлмаган биринчи шахс, академик Қодир Ғуломовнинг мудофаа вазири лавозимига тайинланиши ислоҳотларнинг бир қисми сифатида тақдим этилганди.

Аммо 2005 йил майида Андижонда юз берган қонли воқеалар ортидан Ғуломов лавозимидан четлатилган ва Ўзбекистон Олий Суди Ҳарбий коллегияси томонидан узоқ йиллик шартли жазога маҳкум этилган.

Матбуотга сизган маълумотларга кўра, Ғуломов АҚШнинг ўша пайтдаги мудофаа вазири Дональд Рамсфелд билан шахсий алоқалари учун жазоланган.

Аммо жаноб Ғуломовни яқиндан билган шахслардан бирининг Би-би-сига айтишича, у Андижондаги намойишларни бостириш чоғида "етарлича ташаббус кўрсатмагани" учун Президент Каримовнинг ғазабига учраган.

Қодир Ғуломовнинг ўзи Би-би-си билан телефон мулоқотида ушбу фаразларни тасдиқламаган, аммо рад ҳам этмаган.

Таҳлилчилар Қодир Ғуломовнинг лавозимдан четлатилиши билан армиядаги ислоҳотлар жараёни тўхтаб қолганини айтишади.

Андижон воқеалари ортидан Мудофаа вазирлигининг айрим бўлинмалари Миллий Хавфсизлик Хизматига ўтказилган ва махсус хизматлар армия устидан тўла назорат ўрнатгани айтилади.