Гулнора Каримова: Гугуша муаммосини қандай ечамиз?

  • 16 Январ 2014
Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Орзулар осмонида

Бундан бир йил аввал Ўзбекистон президентининг тўнғичи кўкларда парвоз қилиб юрарди.

Ишбилармон (бизнесвумен), поп юлдузи... ва ҳатто бир кун келиб эҳтимол мамлакат раҳбари бўлади деб ҳам айтиларди. Аммо ўтган 12 ой ичида буларнинг бари барбод бўлгандай... Унинг бизнеслари ёпилди, расмий мақомлари бекор қилинди. Гулнора ерга урилар экан, яна кўкка сапчиши мумкинми?

Тоҳир ўзини ўлдираман деган куни онасини туш кўрди.

У қўққисдан уйғониб кетганида ҳамон онасининг овозлари қулоқлари остида жаранглаб турар, баданидаги титроқ ва қўрқиш ҳисси ҳам таниш эди. Бўғилиб уйғонди.

Анчагача ўрнидан турмай ётди. Онасини қаттиқ соғинган эди. Аммо Ўзбекистонга қайтишдан жуда ҳам қўрқар эди.

Кейин ўрнидан турди ва бошқаларни уйғотиб юбормасликка ҳаракат қилиб гаражга кетди.

Унинг хонадошларидан бири пайқаб қолганида Тоҳир ўз бўйнига арқон ташлаб улгурганди.

"Мен чарчадим”, дейди Тоҳир ўзининг амалга ошмаган худкушлик ҳаракати ҳақида гапирар экан...

Унинг қўллари титрайди. Чап кўзи учиб ва юзида қандайдир ноотабиий кўриниш бор. Тоҳирга кўра буларнинг бари қийноқ асоратларидир. Аммо у мендан юзини тасвирламаслигимни сўрайди. Улар менинг кимлигимни билади, мени топишади, дейди Тоҳир.

Тоҳир унинг ҳақиқий исми эмас.

У Скандинавия давлатларидан бирида яшайди.

Унинг айтишича, Ўзбекистон Хавфсизлик хизмати Тоҳирнинг танасидаги барча чандиқлар ва туғма холу доғларни суратга олишган. Ҳатто уни камера қаршисида юрдириб тасвирга туширганлар.

“Мени улар каби ҳеч ким билмайди. Улар учун юз фоиз таниқлиман”, дейди Тоҳир.

Тоҳирнинг қиссаси эса шантаж ва қўрқитиш билан пул ундириш ҳақида...Аввалига Ўзбекистон божхона мулозимлари, кейинроқ ички ишлар вазирлиги ходимлари у ишлайдиган анчайин муваффақиятли бизнесни тортиб олиш ҳаракатига тушадилар.

Тоҳирнинг ҳамкорлари ҳам бундан жабр кўрадилар.

Тоҳирни қамашади.

Унга кўра, қамоқхонада у бошқа маҳбусларнинг қийноққа солинган ва ҳатто ўлдирилганига гувоҳ бўлади.

Алал оқибат, у пора бериб қамоқдан чиқади ва Ўзбекистондан қочади.

Тоҳирга бошпана олишда кўмаклашаётган ҳуқуқшуносларга кўра, унинг барча муаммолари Ўзбекистондаги энг таниқли шахслардан бирига бориб тақалади. Бу президент Каримовнинг тўнғичи Гулнора Каримовадир.

Тоҳирнинг ҳикояси бетакрор эмас.

Бу каби ҳикоялар кўплиги учун ҳам Каримовага “ robber baron” ва ё «Қароқчилар Боши” деган лақаб ёпишиб қолди.

Бу АҚШ дипломатик ёзишмаларида аксланди.

Wikileaks оммалаштирди.

Диктаторнинг "ёқимтой" қизи

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Кечаги тароватлар

Аммо четда бўлган аксарият учун Гулнора Каримова дўстсевар ва дунёдаги энг репрессив тузумлардан бирининг қараса бўладиган башарасидир.

Ҳарвардда ўқиган деган даъво эгаси, бизнесвуман , фасонпарвар, дипломат, хайрияпарвар ва ниҳоят поп юлдузи Гугуша...сўнгги ойларда яна бир таърифга эга бўлди. Гулнора Каримова – инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси.

Гулноранинг бизнес ва медиа салтанати қулаб борар экан, у Ўзбекистон репрессив ҳукуматининг тили узун танқидчисига айланди.

Каримованинг собиқ маслаҳатчисига кўра, бу "яна бир янги брандни таништириш машқи, мен унинг ўзгарганига бир сония бўлса ҳам ишонмайман. У яшаш учун курашмоқда”.

Собиқ маслаҳатчи ўз хавфсизлигидан хавотир бўлиб исмини ошкор этишни истамади.

Каримов оиласидаги бу кураш Шекспиронадир. Аммо фарқ шундаки, оиладаги жанг Twitterда бошланди ва давом этмоқда.

Мен Каримова билан бир неча бор шу ерда ёзишдим.

"Аҳмоқона равишда “диктаторнинг қизи” деган таърифни ишлатманг”, деди у мен ва Инсон Ҳуқуқлари Human Right Watchдан Андрю Штроулайнга.

Унинг Twitterда қолдираётган изоҳлари ҳоҳ рус тилида, ҳоҳ нўноқ инглизчада ( Ҳарвардда ўқидим деган даъвода бўлган шахс учун инглизчани яхши билмаслик ғалати бир ҳол) бўлсин, одатда қандайдир чала ва коса тагида ним коса усулидадир.

Шунда ҳам айнан унинг Twitterдаги ёзишмалари Ўзбекистондаги бемаъни сиёсат дунёсини ёритгандай бўлди.

Ўтган бир ой давомида у ўзининг турфа кўргазмалардаги расмлари ва йоганинг бир неча услубида тушган суратларини кўз-кўз қилди.

Ўз онаси ва синглисини жодугарликда айблади.

Ўз отасининг мулозимларини тазйиқлар ва қийноқ қўллашда гуноҳкор қилди.

Каримованинг муаммолари Оврўпода коррупцияга доир иш қўзғотилгани билан бошланди.

2012 йилда бир гуруҳ швед журналистлари Финландия-Швеция Телекоммуникацион ширкати TeliaSoneraни текширишди ва бу ширкат Ўзбекистонга кириш учун 300 миллион тўлаганини ошкор қилдилар.

Айни маблағ Гибралтарда рўйхатдан ўтган кичик ширкатнинг ҳисобига тушган.

Бу ширкат Гайане Авакян номига расмийлаштирилган экан.

У телекоммуникация соҳасига умуман алоқасиз бир шахслиги маълум бўлди.

Гулнорага яқин шахсларга кўра, Авакян йигирма нечадир ёшда ва Каримованинг дўконларидан бирида ишлаган.

Бир муддат Москвада Гулноранинг модалар кўргазмасини ташкиллаштириш учун ишга олинган.

Жуда тез орада эса Гулноранинг энг ишончли ёрдамчиларидан бирига айланган ва 2013 йилда Швециядаги энг йирик коррупция можароларининг марказига тушиб қолган.

Прокурор Гуннар Стетлер ана шу порахўрлик иши бўйича раҳбар ва унинг айтишича, TeliaSonera ширкати мулозимлари Ўзбекистон ҳукумати мулозимларига пора берганлигига шубҳа йўқ.

Мақсад Ўзбекистон бозорига кириш бўлган, дейди у.

Аммо бу иш анчайин мураккаб ва 10 та Оврўпо давлатлари аралашган.

Швециянинг ўзида ширкат иш бошқарувчиларидан тўрт нафарини “рисоладагидай бизнес аҳлоқ қоидаларига” амал қилмагани учун вазифасидан четлаштирди.

Ширкат Бош Бошқарувчи Офицери истеъфо берди.

Каримованинг уйлари

*Ўтган ой Қозоғистоннинг Respublica газети Гулнора Каримовага тегишли дея 17 та уй-жой рўйхатини нашр қилди. Бу уйлар Лондон, Ҳонг Конг, Дубай, Париж ( шаҳар четида вилла ҳам) Москва ва Қрим

*Каримова хоним эса бу МХХ томонидан унинг номини беобрў қилиш ҳаракати экани, Ўзбекистондан ташқарида эса фақат Женева ҳамда Франсада уй-жойга эгани, Москвадаги уйини сотганини даъво қилди.

TeliaSonera иши бўйича шуғулланган журналистлардан бири Joachim Dyfvermarkнинг айтишича, Гулнора Каримованинг қанча туришини ҳеч ким билмайди. “Аммо биз TeliaSonera ишида 300 миллион доллар ҳақида билиб олдик ва бу менимча, хамир учидан патир, холос”, дейди у.

Image caption "Жодугар она"?

Twitterдаги ёзишмаларимизда эса Каримова TeliaSonera ишига алоқадорликни рад этди.

Аммо Гулнора Каримова фақат бу ширкат иши билан рўпара келаётгани йўқ.

Швецариядаги бошқа бир коррупция ишида эса унга алоқадор деб кўрилган банк ҳисоблари музлатиб қўйилди.

Унинг Женева ва Франсадаги уйларини полиция тинтув қилди.

Швецарияда рўйхатдан ўтган йирик ширкат Zeromax беш йил унинг назорати остида бўлгани айтилади.

У доим бу ширкатга алоқаси борлигини рад этган.

Ширкатнинг йиллик даромадлари 3 – 4 миллиард долларга эга экани нашр этиларди.

2010 йилда эса Zeromax бирданига ёпиб қўйилди.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга кўра, бу ширкат турфа муаммоларни келтириб чиқараверди ва Ислом Каримов уни ёпишга қарор қилди дейди.

"Гулнора иқтисоднинг бутун бир соҳасида монополия ўрнатди, газ, олтин ва жиҳозлар савдосига аралаша бошлади. Унинг бир ўзи тизимни шунақа суистеъмол қилдики, алал-оқибат бюджет камомадини юзага келтирди”, дейди у.

Image caption Twitter жанг майдони

Zeromaxдан кейин Каримова Испанияга элчи бўлиб кетди.

БМТнинг Женевадаги қароргоҳида Ўзбекистон вакилига айланди.

Оврўпода кўпроқ вақт ўтказар ва Гугуша лақаби остида қўшиқчилик фаолияти билан машғул бўлди.

Стинг, Хулио Иглесиас ва Жерар Депардье каби юлдузлар Тошкентда Гулноранинг меҳмони бўлишди.

"Гулнора худди Ўзбекистоннинг эгасидай эди”, дейди Лос Анжелеслик продюсерлардан бири Жон Коломбо. У Гулноранинг мусиқий видеоси Round Runни суратга олиш учун Ўзбекистонга сафар қилганди.

Аэропортда у Гулнора Каримова тасвири туширилган газетани кўради.

Йўл-йўлакай унинг сурати катта билбордларда гавдаланади.

Радиода унинг қўшиқлари ўйналади.

У Гулнора Каримованики дейилган кўплаб мусиқий дўконларни кўради.

“ У ҳаммаёқда эди”, деб хотирлайди Коломбо.

Коломбо Гулнорани ёқтиради.

Бўйи баланд бўлишига қарамай у анча камтар эди дейди у.

“Одамлар ҳам уни яхши кўришарди, меҳнатдан қочмас эди”.

Wikileaksдаги дипломатик ёзишмаларда Гулнора Каримова “ Ўзбекистондаги энг нафратланилган шахс” деб таърифланган бўлса ҳам, бу мамлакатда сафарим давомида мен Гулнорани ёқтирадиганларни учратганман.

Унинг отаси дунёдаги энг репрессив тузум раҳбари экан, Гулнора ёш ва ғайратли бир аёл эди.

Ажиб қарама-қаршилик бор эди бунда...

Эҳтимол, айни шу қарама –қаршилик унинг имижи учун муҳим бир рол ўйнагандир.

Steve McNulty Бритиш Консилнинг директори ва улар Каримованинг Фонд Форум жамғармаси ёшлар қаноти билан ҳамкорлик қилишган.

Бу эса уларга Ўзбекистон ёшлари билан мисли кўрилмаган равишда ҳамкорлик истиқболларини очиб берган.

British Council директори Каримовага доир фикр билдиришдан бош тортди.

2012 йилга келиб Гулнора Каримованинг имкониятлари мисли кўрилмаган даражада кенгайди.

Аксарият уни Каримовнинг меросхўри деб атай бошлади ва Гулнора ҳам президентлик орзусига ишора қилишдан тийилмайдиган бўлди.

Каримов оиласида уруш

Image caption Каримов оиласида урушми ва "режалаш"?

Ҳеч ким воқеалар бу каби тус олишини кутмаган эди.

2013 йил охирларига келиб унинг бизнес империяси қулади.

Телевизион каналлари ўчирилди.

Бундан бир неча йил аввал Zeromax ёпилиши “ими-жимида” ўтган бўлса, бу гал Twitterда ўзига хос драма бошланди.

Гулнора Каримова ўз оиласига қарши уруш очди.

2013 йил сентябрида Гулнора Каримовнинг синглиси Лола Каримова Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда ўз опасининг президентлик орзуларига шубҳа билдирди.

12 йилдан бери Гулнора билан гаплашмаётганини айтди.

Гулнора Каримова бу суҳбатни уруш учун таклифнома сифатида қабул қилди.

У ўз онаси ва синглисини жодугарлик билан шуғулланишда айблади.

Онаси унинг отаси ёнига қўймаётганидан шикоят қилди.

Аммо унинг асосий душмани ва барча муаммоларининг бошида МХХ раҳбари, ўз отаси Каримовнинг хавфсизлик хизмати бошлиғи Рустам Иноятов турганини даъво қилди.

Интернетда Рустам Иноятовнинг иккита расми бор, холос.

Ислом Каримовнинг энг ишонган маслаҳатчиларидан бири ҳам Иноятов экани айтилади.

Йилларки, МХХнинг бошлиғи.

Сўнгги ойларда Каримова МХХнинг миллионлаб ўзбеклар ҳаётидаги ўрни ҳақида ёза бошлади.

Ярим тунда ҳибсга олишлар, қўрқитиш, ҳар қандай норозиликни яксон қилиш... У ўз ходимлари ҳибсга олинар экан, уларни ҳимоя қилишга ваъда берарди Twitterдаги ёзишмаларда...

"Мен кўп нарсаларни тушуниб етдим, ўз кўзим билан кўрдим ва мен учун ҳақиқатни тан олиш оғриқлидир”, деб ёзди у менга.

Ўзбекистонлик собиқ бизнесман Тоҳир эса Гулнора Каримованинг инсон ҳуқуқлари фаолига айланганини кулги қилади.

"Бу бир ўйин, аслида, бойлар ва қудратлиларнинг ўйини...биз учун нима ҳам ўзгарарди? Мен Гулнора ростакамига муаммога дуч келаяпти деб ўйламайман. Бу ота ва қизнинг ўртасида одамларни чалғитиш учун қилинаётган ўйин”, дейди Тоҳир.

Агар бу ўйин бўлса, унда катта ўйиндир.

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги барқарорлик гаровидир.

Шунинг учун ҳам Гулнора Каримова муаммолари ортида кимлар турганини топиш муҳим бир амалдир.

Эҳтимол, Каримовнинг ўзи қизининг қанотларини қийиб қўйиш буйруғини бергандир, балки, Гулнора даъво қилаётгани каби Рустам Иноятов асосий қаҳрамондир...унда бу Каримовга қарши сарой тўнтаришига тенг бир амал бўлур эди.

Бу мавзуда батафсилроқ