Солижон Абдураҳмонов яна колонияга жўнатилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи uznews.net
Image caption Солижон Абдураҳмоновга амнистия қўлланилмади

Журналист Солижон Абдураҳмоновга амнистия қўлланилиши ҳақидаги умидлар яна чиппакка чиққан.

Журналист жазо муддатини ўташ учун яна қамоқхонага қайтарилган.

Аввалроқ у Тошкентдаги қамоқхоналар касалхонасига даволаниш учун келтирилганди.

63 ёшли журналистнинг саломатлиги ночор экани ҳақида бир неча бор турфа инсон ҳуқуқлари фаоллари ва унинг яқинлари бонг уришганди.

Халқаро ҳамжамият томонидан журналистни озод қилиш чақириқлари тинмаган бўлса ҳам, Ўзбекистон ҳукумати ўзининг эркин матбуот ва инсон ҳуқуқларига нисбатан ёвқаришини ўзгартиргани йўқ.

Ўтган йил ёзида АҚШлик 12 нафар сенаторлар томонидан президен Каримовга йўлланган мактубда Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган инсон ҳуқуқлари фаоли ва журналистлар озод этилиши сўралган эди.

Сенаторлар маҳбусларга қўйилган айблар ортида “сиёсий сабаблар” турганини урғулаган эдилар.

Солижон Абдураҳмонов Қорақалпоғистонда фаолият юритиб келган саноқли мустақил журналистлардан бири эди. У оддий инсонларнинг саломатлиги, ҳамда Орол денгизи қуришининг инсоний таъсири ҳақида мақолалар ёзган. У шунингдек, Инсон Ҳуқуқларини Ҳимоя қилиш қўмитасининг маҳаллий директори бўлиб хизмат қилган.

У 2008 йил 7 июнида эндигина таъмирланган машинасини таъмирлаш шаҳобчасидан олиб келаётганида милиция томонидан тўхтатилган. Милиция унинг машинасидан гиёҳванд моддаларни топган ва наркотик моддалар истеъмол қилиш айби билан ҳибсга олган.

Солижон Абдураҳмонов шу кунгача айбловларни рад қилиб келади ва милициянинг ўзи гиёҳванд моддаларни машинасига ташлаганига ишонади. Тиббий анализлар Абдураҳмонов ҳеч қандай наркотик истеъмол қилмаганини исботлагач, айблов "наркотик моддалар савдоси"га ўзгартирилган ва у 10 йилга қамалган.

Бу мавзуда батафсилроқ