Ўзбекистоннинг 140 дан ортиқ йирик корхоналари касодга учраган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

Президент Ислом Каримов мамлакатдаги 140 дан ортиқ аксар йирик саноат ва кимё корхоналарининг "зарар кўриб ишлаётгани"ни тан олган.

Бу ҳақда у Вазирлар Маҳкамасининг 17 январ куни бўлиб ўтган 2013 йил якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурга бағишланган йиғилишида гапирган.

Жаноб Каримовга кўра, касод бўлган корхоналар орасида Тошкент трактор заводи, “Агрегат заводи”, “Чирчиққишлоқмаш”, “Ўзпахтамаш” очиқ акциядорлик жамиятлари бор.

Президентнинг айтишича, бу корхоналар "оғир молиявий аҳволга тушиб қолган".

"Коммунал соҳада 26 та зарар кўриб ишлаётган корхона, шу билан бирга, йўл қурилиши соҳасида 13 та иқтисодий ночор корхона мавжуд экани ҳам ташвиш уйғотади",- деб айтган Президент Каримов.

Давлат раҳбари ҳукуматга 3 ойлик муддатда бу корхоналарни молиявий инқироздан ва банкротликдан чиқариш бўйича “йўл харитаси” ни ишлаб чиқишни топширган.

Унинг айтишича, "бундай чора-тадбирларни қўллаш фойдасиз бўлган корхоналар нол қиймати бўйича хусусий жисмоний шахсларга сотилади".

Жаноб Каримов "хусусий мулк шаклидаги корхона давлат мулки бўлган корхонадан кўра анча самарали ишлашини" таъкидлаган.

Президент Каримовнинг сўзлари унинг ўзи айни йиғилишда келтирган Ўзбекистон иқтисодиётида саноатнинг улуши ошиб бораётгани ҳақидаги рақамларга зиддир.

'1 миллион иш ўрни'

Президент Каримов мамлакатдаги йирик корхоналарнинг касодга учрагани ҳақида гапиришдан аввал 2013 йилда "эришилган ютуқлар"ни бирма-бир санаб ўтган.

Жумладан, ялпи ички маҳсулоти 8 фоизга ўсгани ва инфляция даражаси прогноз кўрсаткичидан паст бўлиб, 6,8 фоизни ташкил этганини айтган.

Президентга кўра, ўтган йили мамлакатда "қарийб 970 минг киши иш билан таъминланган".

Бу аҳоли сонига нисбатан олинса, дунёнинг саноати энг ривожланган АҚШ ва Британия сингари давлатларида яратилган иш ўринларидан кўпдир.

Жаноб Каримовнинг айтишича, бу иш ўринларининг 60 фоиздан ортиғи қишлоқ жойларида яратилган.

Аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси ҳам айни рақамларни эълон қилган эди.

Аммо мустақил иқтисодчилар ҳукуматнинг иш ўринларига доир бераётган рақамларининг ҳаққонийлигини савол остига олишади.

Уларга кўра, миллионлаб ўзбекистонликлар хориждан иш излаётган бир пайтда бу рақамларга ишоний қийин.

Президент Каримов ишсизлик даражасига доир рақамларга тўхталмаган ва меҳнат муҳожирлигини ҳам тилга олмаган.

Ўтган йили у Россияга иш излаб бораётган ўзбекларни "дангасалар" деб атаганди.

Президент Каримов шунингдек, мамлакат аҳолиси юз тутган йирик энергетика инқирози ҳақида ҳам лом-мим демаган.

Айни пайтда унинг айтишича, 2014 йилда "Ўзбекистон-Хитой газ қувури"нинг учинчи тармоғини ишга тушириш режаланмоқда.

Газга бой Ўзбекистон аҳолиси сўнгги йилларда газ ва электр тақчиллигидан жабр чекиб келади.

Мутахассиларга кўра, Ўзбекистоннинг Хитой олдида олган газ етказиб бериш бўйича йирик мажбуриятларининг бир қисми ички истеъмол ҳисобидан қопланмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ