Uzwebiston: Ўзбекистонда 'Челси' ҳожатхона қоғози савдога чиқди

Ўзбекистондаги PressNews нашрининг бу хусусдаги хабари, ҳатто, Би-би-сининг эътиборидан ҳам четда қолмаган.

"Марказий Осиёнинг аксарият бозорларида Англия премьерлигасида тўп сурувчи клубларнинг шарф ва спорт уст-бошлари сотилади. Аммо бирор бир клуби ёрлиғи остида ҳожатхона қоғозининг сотувда пайдо бўлиши - янгилик", - деб ёзади Би-би-си.

Лекин ишлаб чиқарувчи ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

PressNews нашри эса, бу ҳақдаги хабар билан бирга Лондоннинг "Челси" жамоаси номи ва логотипи туширилган ҳожатхона қоғози ўрами суратини ҳам ҳавола этган.

"Ҳа, тўғри ўқидингиз Лондоннинг "Челси" клуби номи билан энди юртимизда туалет қоғозлари ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу суратни Facebook даги "Футбол+" гуруҳи фойдаланувчиларидан бири жойлаган", - деб ёзади нашр.

Ушбу хабар ҳозирча россиялик миллиардер Роман Абрамовичнинг мовийлари эътиборидан четда қолган кўринади.

Клуб расмий веб саҳифасининг шанба кунги хабарларида ҳозирча ушбу воқеълик бирор бир кўринишда ўз аксини топмаган.

Англия премьерлигаси маҳаллий футбол ишқибозлари орасида жуда оммабоп.

Аммо бу каби воқеълик Ўзбекистоннинг бу яқин тарихида кузатилмаган.

Би-би-си хабарида эса, афтидан ўзбекистонлик футбол мухлислари орасидаги "рақобат" кескин кўринади, деб ёзилади.

Facebook ижтимоий мулоқот тармоғида қолдирилган айрим фикрларга таянилса, бу - амалдаги Англия чемпиони "Манчестер Юнайтед" клуби ишқибозларидан бирининг иши бўлиши мумкин.

"Челси" ишқибозларидан бири, ҳатто, бунга жавобан қизил иблислар ёрлиғи остида ҳожатхона қоғозини ишлаб чиқаришни ҳам таклиф қилган.

Би-би-си хабарига жавобан Facebook фойдаланувчиларидан бири эса, сайтга "Барселона" номли ҳожатхона қоғози суратини ҳам қўйган.

Сўнгги хабар "Челси" ва "Манчестер Юнайтед" ўртасида эртага якшанба кунига режаланган Англия премьерлигасининг 22-тур учрашуви арафасида пайдо бўлган.

Ҳозир Лондонда истиқомат қилувчи асли ўзбекистонлик футбол ишқибозларидан бири эса, биз билан суҳбатида бундан заррача хафа бўлмаганини айтади.

Унга кўра, буни жуда яхши ўйлаб топилган бир ҳазил сифатида қабул қилган.

"Челси"нинг айрим рақиб жамоалари билан учрашувлари арафасида маҳаллий футбол ишқибозлари томонидан бу ерда ҳам шунга ўхшаш ҳожатхона қоғозлари сотилади. Мен тез орада Ўзбекистонда "Арсенал" ва "Манчестер Юнайтед" номи остида ҳам ҳожатхона қоғозлари ишлаб чиқарилишини кутиб қоламан", - дейди у.

Бу мавзуда батафсилроқ