Мухолифат фаоли 'ноқонуний ҳибсда ушлаб турилибди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ҳимоячиси Фахриддин Тиллаевнинг қийноққа солинаётган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирган

Шу ой бошида ҳибсга олинган мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фаоли Фахриддин Тиллаевнинг қаердалиги номаълум қолмоқда.

Ҳимоячиси Полина Браубергнинг билдиришича, унинг ҳозиргача маҳбус билан учрашишни сўраб қилган мурожаатлари жавобсиз қолган.

Брауберг хоним Тиллаев қийноққа солинаётган бўлиши мумкинлигидан хавотирда эканини айтади.

Унга кўра, ҳозирга қадар Тиллаевга нисбатан расмий айблов эълон қилинмаган.

42 ёшли Фахриддин Тиллаев шу йилнинг 2 январида Тошкентдаги уйида ҳибсга олинган.

У одам савдосида гумон қилинаётгани айтилади.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Тиллаев ва у билан деярли бир вақтда ҳибсга олинган яна бир фаол - Нураддин Жуманиёзовларга қарши одам савдоси билан боғлиқ айбловларнинг тўқиб чиқарилганини айтади.

Мухолифат ташкилотига кўра, уларнинг ҳибсга олиниши Ўзбекистондаги сиёсий репрессияларнинг давомидир.

Ҳар икки фаол ўтган йил сентябрида маъмурий жавобгарликда айбланиб, маҳкамага тортилган ва катта миқдордаги жаримага маҳкум этилганди.

Бунга уларнинг Тошкентдаги Қуйлуқ бозоридаги мардикорлар орасида анкета тарқатаётганлари сабаб бўлган.

Норасмий "Мардикорлар касаба уюшмаси"нинг таъсисчи аъзолари бўлган Тиллаев ва Жуманиёзовлар мардикорларни йиғиб, уларга ўз ҳақлари борасида тушунтириш ишлари олиб бораётган бўлишган.

Адвокат Полина Брауберг Тошкент шаҳар прокурори номига ўз ҳимояси остидаги шахснинг ҳуқуқлари қўпол равишда поймол этилаётаганлиги юзасидан шикоят аризаси киритганини маълум қилган.