Ўзбекистонда қийноққа солинган Қаюм Ортиқовга АҚШ бошпана берган

Ўзбекистонда қийноқларга тутилгани борасидаги иш БМТда муҳокама қилинган Қаюм Ортиқовга Америка Қўшма Штатларидан бошпана берилган.

Тошкентдаги Британия элчихонасининг қўриқчиси Қаюм Ортиқов 2008 йил декабрида ҳибсга олинган.

Уни одам савдосида айблашган.

Қаюм Ортиқовни Британия фойдасига жосуслик қилишда айблашган.

Ўзи ва Британия элчихонасида ишлайдиган бир неча ходимга қарши иқрорлик кўрсатмаларини қўлга киритиш мақсадида қийноқларга солинган.

2009 йил ноябрида "Тоштурма"да турмуш ўртоғини бориб кўрган Моҳира Ортиқова Қаюм Ортиқовни "сен Британия жосусисан, кимга қандай маълумот олиб борганинг ва қандай маълумот олиб келганингни айтиб берасан” деб қийнашганини айтган.

Ортиқованинг сўзларига кўра, маҳбусни "совуқда яланғоч ҳолатда соатлаб полга ётқизилиб, устига 4-5 киши ўтирган ҳолатда ушлаб туришган, тирноқлари остига игна тиқиб, тиззаси, қорни ва бошига биттадан одам ўтирғизиб, оёғи остига дубинка билан соатлаб уришган".

Моҳира Ортиқова турмуш ўртоғи қийноқларга чидолмай, бир неча марта ўз жонига қасд қилишга уринганини айтган.

Моҳира Ортиқова эрининг қонга беланган уст-бошини Тошкентдаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамиятига топширган.

2009 йили жосуслик айбларини бўйнига олмаган Қаюм Ортиқовни одам савдоси билан боғлиқ "сохта айбловлар" билан 6 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этишган.

2012 йилда Ўзбекистодан чиқиб кетишга муваффақ бўлган Қаюм Ортиқов оиласи ёрдам сўраб Британия ҳукуматига мурожаатлар қилган.

Яқинда Қаюм Ортиқов БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига шикоят билан мурожаат этган.

Франциядаги "Ўтюраклар клуби"нинг Jarayon.com веб-сайтида эълон қилинган шикоят матнида қийноқ далиллари билан бирга қийноққа солишда иштирок этгани айтилган Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари ва маҳбусларнинг исм-шарифлари келтирилган.

Би-би-си билан суҳбатда Қаюм Ортиқов қийноқлар оқибатида саломатлигини йўқотганини, доимо шифокорлар назоратида бўлиб, мунтазам муолажага муҳтож эканини айтади.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ