Бразилия 2014: Марғилонлик Акрамжон ака велосипедда жаҳон чемпионатига бормоқчи

  • 21 Январ 2014
  • изоҳлар

Асл касби дурадгор бўлган 60 ёшли футболсевар суҳбатдошимизнинг айтишича, Бразилияга бориб, Пеле ва Криштиану Рональду билан кўришмоқчи. Ўзи ишқибозлик қилувчи Олмония миллий терма жамоасининг жаҳон чемпиони бўлишини кўрмоқчи.

"Пеле, мана, яқинда "Олтин тўп" олди, у киши билан бир бориб, қўл бериб сўрашиб, бундан аввал Олмонияда Марадона билан учрашганман, мақсадим - орзу ҳавасим шу футболчилар билан кўришиш, кейин Бразилиядаги тарихий аҳамиятига эга жойларни зиёрат қилиш", - дейди суҳбатдошимиз.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, бу - Акрам ака Маъруфжоновнинг илк бор бунга ўхшаш ғайриодатий ва кишининг ақлини шоширувчи таклиф билан чиқиши эмас.

У киши 2006 йилги жаҳон чемпионати пайтида ҳам мезбон Олмонияга велосипедда борган ва ўзлари оилавий бўлиб ишқибозлик қилувчи Мюнхеннинг "Бавария" клуби афсонавий дарвозабони Оливер Каннинг дастхатини ҳам олишга муваффақ бўлган.

Акрам ака Оливер Каннинг катта футболдан хайрлашув тадбирида ҳам шахсан иштирок этиб, унга ўзбекона зарбоф тўн ва дўппи кийдирган биринчи ва ҳозирча сўнгги ўзбекистонлик бўлади.

У киши Жанубий Африкада бўлиб ўтган сўнгги жаҳон чемпионатига ҳам бориш режасида бўлганликлари, аммо ўша пайтда қонларида шакар миқдори бироз баланд бўлгани учун, тиббий текширувдан ўта олмаганликларини ҳам айтади.

Суҳбатдошимизга кўра, ҳозир Бразилияга бориш ва бу галги ниятларини амалга ошириш учун лозим ҳужжатларни тайёрлаш ҳаракатидалар.

Агар, ҳаммаси кўнгилдагидек амалга ошса, Акрам ака феврал ойи охири ва март ойи бошларида дурадгор ҳамкасби ва маҳаллий журналистлардан бири билан биргаликда уч кишилашиб шахсий велосипедида йўлга чиқмоқчи.

У кишининг айтишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан элчихоналарга кириш, чиқиш ва транзит визалар олиш учун кафолат хатини олгач, ўз сафарларини бошлашни кўзлаб туришибди.

Бразилияда бўлиб ўтажак футбол бўйича бу йилги жаҳон чемпионати эса, 12 июн куни старт олади ва 13 июлга қадар давом этади.

Акрам ака шу вақтгача Бразилияга етиб олиши учун ҳамроҳлари билан велосипедда қарийб 13 минг чақирим йўлни босиб ўтиши керак бўлади.

"Энди, йўлнинг қийинчилиги бўлади. Аммо, эййй эскиларнинг бир гапи борки, "Жон чекмасанг, жонона қайда", дейди. Мустақилликка эришганимиздан кейин бизни ҳозир дунё тан олаяпти. Дунёга Ўзбекистонни яна бир бор тан олдирмоқчиман", - дейди суҳбатдошимиз.

"Буёғи, мана, Туркманистон, Эрон, Туркияга кириб, Анқарадан Бразилиянинг визасини олиб, кейин Африка томонга йўл оламиз. Уммоннинг қирғоғига чиқиб олгач, уёғига кемами, бир нарсада етиб оламиз".

Акрам ака олисдан-олис сафарларининг сарф-харажати ҳам ўзини заррача чўчитмаётгани, масаланинг бу томонидан ҳам кўнгиллари тўқ эканини таъкидлайди.

"Олмонияга кетаётган пайтимда Қизил Ярим Ой жамияти йўлларда дори-дармонлар билан, ҳар томонлама ёрдам беришган. Кейин бир хонали квартирамни сотиб, маблағ қилиб кетганман. Энди, Марғилонимизда, Фарғонамизда жудаям кўп спортга қизиқадиган одамларимиз бор. Улар ёрдам беришади Худо хоҳласа, ҳеч қандай қийинчилик бўлмайди. Нимагаки, биз яхши нияти билан чиқаяпмиз", - дейди у киши.

Акрам аканинг айтишича, Олмония миллий терма жамоаси жаҳон чемпиони бўлади, деган умиддалар ва шу боис ҳам, Бразилияга боргач, айнан "Бургут"ларга ишқибозлик қилмоқчилар.

"Агар, Олмония жаҳон чемпиони бўлса, мен жудаям, беҳад хурсанд бўламан. Негаки, Олмония уч галдан бери жуда қаттиқ ҳаракат қилаяпти, аммо кубокни ололмаяпти. Худо хоҳласа, Олмония жаҳон чемпиони бўлади. Финалда Италия билан тушади".

"Яна, Бразилияга боргач, Криштиану Рональдуни бир бағримга боссам дейман", - дейди суҳбатдошимиз.

Олис йўлга ҳозирлик кўраётган суҳбатдошимизнинг айтишича, Бразилияга фақат боришда велосипеддан фойдаланишмоқчи, аммо қайтишда, нақлиёт воситасини танлаб ўтиришмайди.

"Мен Ватанга кириб келаётган пайтимдаям кўзимга тупроғини суркаб, ундан кейин кираман. Чиқиб кетаётган пайтимдаям, "Шу тупроқдан мени айирмагин", деб, дуо қилиб, Худодан сўраб, чиқиб кетаман", - дейди Акрам ака суҳбатимиз сўнггида.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш режаси энг сўнггига келиб, чиппакка чиққан, жамоа дастлабки плей-офф босқичида ҳар икки ўйин натижасига мувофиқ, Иорданияга енгилиб, бу каби имкониятдан мосуво қолганди.

Аммо ўзбекистонлик таниқли ҳакам Равшан Эрматов ўз гуруҳи билан ФИФА Ҳакамлар қўмитасининг Бразилияда бўлиб ўтажак жаҳон чемпионати ўйинларини бошқарадиган ҳакамлар рўйхатига тушишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида бу каби шарафга ҳалича эришмаган бўлса ҳам, Равшан Эрматов учун бу - у ҳакамлик қилажак кетма-кет иккинчи жаҳон биринчилиги бўлади.